Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.33.52
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 35
    Гостей: 35
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Март » 11 » Каримов ва Мадаминов׃ “Сиам” эгизаклари
    00.02.39
    Каримов ва Мадаминов׃ “Сиам” эгизаклари
    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

    Ҳужжатли китоб

    7.БИЛИБ-БИЛМАЙ…

    Ислом Каримов билан Шукрулла Мирсаидов ўзоқ йиллик дўст бўлишган. Давлат планлаштириш идорасида ҳам бирга ишлашган. Каримовнинг “Госплан” раиси, Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг, кейин Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби бўлишида Мирсаидов катта рол ўйнаган. Каримовнинг ўзи уни Бош вазир, вице президент вазифаларига тавсия қилганди. Бир кун Каримов Мирсаидов ишга чиқмай қўйганидан ғаззабланиб, у ҳақда гапирар экан, қандайдир мақсадни кўзлаб׃

    -Мана сизлар билмайсизлар, унинг Москвада Сергей деган ошнаси бор. Ҳамма жойда унинг номини сотиб юрибди, ҳамма ишни ўша орқали бажарармиш…-деди.

    Бу гапга кимдир эътибор қилди ва кимдир эътибор қилмади.

    Орадан бир муддат ўтиб, энди мухолифатда бўлган Мирсаидов билан гаплашганимда ёдимга Сергей ҳақидаги гап келди ва шу ҳақда ҳам сўрадим. Шукрулла ака бошини эгиб, ўйга толди-да, кейин кинояли бир жилмайиш билан׃

    -Ислом ака доим янги ишга тайинланганда Москва ишкал чиқарган. Унинг акаси, укаси қамалганини рўкач қилган. Ўшанда доим борни йўқ қиладиган Сергей орага кирган. Билишимча, Ислом ака Москвага борди дегунча унинг оилавий меҳмони бўлади,-деди.

    Яқинда бир одам билан танишдим. У ўша кезларда вазир бўлган ва индамай четга кетиб қолган, кўп йиллардан бери АҚШда яшар экан. Унинг айтишича, Сергей ҳали ҳам бор ва ҳали ҳам “қўли узун”.

    Собиқ вазирга кўра׃

    -Сергей Москвани ётқизиб турғзадиган одам. Каримовни Гдлянлар қўлидан ҳам ўша қутқазган. Москвани ”сўрайдиган” Сергей деган сирли шахс 1990 йилларда Ўзбекистон Ички Ишлар вазири бўлган Камоловнинг яқин дўсти бўлган. Каримов ва Мирсаидовни унга “олиб чиққан” ҳам Камолов. Нимадир бўлиб, Сергей ва Камоловнинг ораси бузилиб, улар душманга айланиб қолишади. Бундан хабар топган Каримов дарҳол Камоловни йўқотишга киришади ва унга “кет” дейди. У Москвага кетиб қолади. Мирсаидовнинг Сергей ва Камолов орасидаги гапдан хабари бўлмайди. Каримов бу ҳақда Мирсаидовга айтмайди. У эса Сергейга Камолов ҳақида яхши гаплар гапириб қўйган бўлиши мумкин. Чунки кўп ўтмай Камолов сирли равишда ўлди. Мирсаидов эса қувғинга тушди…

    …1992 йил Салай Мадаминов Туркиядан бир қанча таклифнома олиб келди. Таклифномалар Эрк партиясининг Олий Мажлисдаги фракциясини тузиш учун рўйхатга кирган депутатлар номига ёзилган эди. Таклифнома Туркиядаги Туркистон жамияти номидан бўлиб, унга мазкур жамият раиси Аҳад Андижон имзо чекканди. Мен ўшанда Турон жамиятининг президенти эдим ва таклифномага “Ўзбекистон халқ депутати ва Турон жамиятининг президенти Жаҳонгир Муҳаммад (Маматов)ни ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида Туркияга даъват этамиз” деб ёзилганди.

    Салай Мадаминов худди шундай таклифнома Ўзбекистон халқ депутатлари Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Отажон Полвонов, Насрулла Саидов, Имом Файзиев ва бошқалар номига ҳам ёзилганини айтди. Мамнун бўлдим. Туркиядаги Туркистон жамияти, хусусан унинг раиси Аҳад Андижон имзоси билан таклифнома олиш ўша пайтлар учун катта воқеа эди.

    Депутатлар чет элга чиқиши учун Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат билан бир қаторда Олий Мажлис ҳайъатига ҳам хат ёзиб, даъватнома нусхасини топшириб, сабабларини кўрсатиб, изн олиш тартиби бор эди. Шундай қилдим. Олий мажлис ҳайъатидан жавоб бўлавермади. Котибдан сўрасам у “Раисимиз президентга учрашиб изн олишлари керак” деди.

    Ташқи Ишлар вазирлигидан бир киши келиб, ”Виза учун дипломатик паспортингизни бериб туринг” деди. Вақт ўтиши билан Олий мажлисдан президентнинг жаҳли чиққани ва вазирликдан эса “Паспортингиз олиб қўйилди“ деган жавоб эшитдим.

    Сабабини тушуна олмай вазирликдагилар ва Олий мажлисдагилар билан жанжаллашиб юравердим.

    Бунинг устига шундан кейин мени кузатадиган, телефонларимни ҳам эшитадиган бўлишди.

    Мен Самарқандда изимдан юрган ИИВнинг 7-бошқарамаси ходими Иззатдиновни ушлаб, гувоҳнома ва рациясини олиб қўйгач ва бу ҳақда ҳуқуқни сақлаш идораларига депутатлик сўрови киритганимда вазир Зокир Алматов ”Менинг қўлимда далиллар бор. Кимлар Туркиядаги Туркистон жамият билан бирлашиб давлат тўнтариши қилмоқчи. Мен буни исбот этаман“ деди. Унинг бу гапини жиддийга олмадим.

    Шу орада Адлия вазирлиги Турон жамиятини қонунга хилоф бўлсада, бекитди. (Ўша кезда вазир бўлган Муҳаммад Бобир Маликовнинг айтишича, бу ҳақда бевосита президентнинг ўзи топшириқ берган-ЖМ). Бундай жамиятларни фақат суд қарори билан бекитиш мумкин эди. Суд ҳам қўлида бўлишига қарамай Каримовда тоқат йўқ эди.

    Хўш бу воқеанинг Салай Мадаминовнинг хатарли экани билан нима алоқаси бор? Гап шундаки, орадан икки йил ўтиб, Туркияга борганда билдимки, Ислом Каримовнинг бу ўлкага сафари чоғида Туркистон жамиятининг раиси Аҳад Андижон унга ”Қачон демократия қиласиз?” деб бир-икки қаттиқ саволлар берган.

    Туркиядаги туркистонликлар билан учрашув чоғида она тилини пурро биладиган ва гапларни териб-териб, нуқатасига урадиган Аҳад Андижон ўзига хос йўғон овозда Каримовни саволга тутгани ва уни қаттиқ изза қилганини эшитдим. Ислом Каримов ўшанда туркистонликлар билан учрашувни жуда хафа ҳолда тарк этган экан.

    Бундан фойдаланган казо-казолар Каримовга “Аҳад Андижон сизга қарши давлат тўнтариши тайёрламоқда”, деб айтишган. Орадан кўп ўтмай Салай Мадаминов Туркияга боради ва деярли Аҳад Андижон билан бирга бўлади. Ундан демократ депутатлар номига таклифномалар ёздириб қайтади. Бу эса Каримов наздида давлат тўнтаришининг аъзолари кимлар эканлигини исботлагандек гўё.

    Яқин ўтмишга қараб, бу шунчаки тасодиф бўлган, деб айтолмайман. Чунки у Каримов ва Аҳад Андижон воқеасидан бевосита хабардор бўлган, билиб туриб уни биздан яшириши ва бизни ўтга рўпара қилиши қизиқ эди?

    Бунинг устига Истанбулда бу ҳақда Аҳад Андижон билан гаплашганимизда у “Таклифномаларни бошқа ташкилотдан қилайлик, менинг таклифим зарар бериши мумкин” деб айтганини эслатди. Мадаминов эса “вақтимиз қолмади” деб жавоб қилган экан.

    Сиёсатчи ўз сафдошларини ўтга отиши билан эмас, ўтдан қутқазиб қолиши билан ажралиб туриши керак эмасми?

    Кейинчалик, бундай воқеалар тасодиф эмаслиги ҳақида шубҳа пайдо бўлди. Масалан, у ”Кун тартибидан тушмаслигимиз учун бир қанча одамимиз қамоқда ўтириши керак!”, ”Биз билан бирга бўлишга иккиланиб юрганларни Каримовнинг қўли билан тарбиялаб, ўзимизнинг доимий одамимизга айлантирамиз“, “Биздан узоқлашганларни ҳукуматга рўпара қилиш керак, ана ундан кейин бизга қайтиб, садоқат билан хизмат қиладилар“ каби гапларни ҳеч тап тортмай айтишини эшитгач ва бундай воқеаларнинг кўпига гувоҳ бўлгач, унинг Каримов каби хатарли экани ҳақида ўйлай бошладим. Кейинги бўлимларда ана шундай воқеаларга бирма-бир тўхталганимизда сиз ҳам балки шу ҳақда ўйлай бошлашингиз мумкин…

    (ДАВОМИ БОР)

    ЭСЛАТМА׃ Кейинги кунларда Озарбайжонда йўқолган машина ҳақида ёзила бошланди. Воқеаларни 1990 йилдан этиборан ҳикоя қилишга бошладик ва кузатиб боринг, яқин орада “Машина можароси” бўлимида бу ҳақда ҳам ўқийсиз.

    Жойлади: temur
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz