Ризобек Пятница, 2025-06-20, 19.40.31
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Апрель » 2 » Каримов ва мадаминов׃ Сиам эгизаклари
    22.25.27
    Каримов ва мадаминов׃ Сиам эгизаклари
    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

    Ҳужжатли китоб

    8. АКАЛАР ВА УКАЛАР

    1989 йил Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби бўлгач, орадан кўп ўтмай у вазифага тайинлаган Ички ишлар вазири Вячеслав Мухторов Олий суд раиси Муҳаммадбобур Маликовга телефон қилади. Камолов Ислом Каримовнинг укаси қамоқда эканлиги ва Олий суд унинг ишини назорат тартибида кўриб чиқишини ва уни озод қилишини сўрайди.
    -У менга буни шахсан Каримовнинг ўзи буюрганини билдирди ва тезроқ қилайлик, деб қисталангга олди,-деди воқеани самимият билан бор ҳолича гапириб берган Бобур ака.- Мен Каримовнинг укаси қайси қамоқда эканлигини сўрадим. Поп туманидаги турмада экан. Давлат мол-мулкини катта миқдорда талон тарож қилишда айбланган экан. Хуллас, биз бу ёқдан, прокуратура у ёқдан кўриб чиқиб, укасини озод қилдик. Бир кун Каримовнинг ҳузурига кирсам, у гапни узоқдан бошлаб, укасидан тониб юборди. У асли унга ўгайми-ей, арзандими-ей, хуллас, унинг қамоқда ўтириб ўтирмаслигининг унга қизиғи йўқлиги ҳақида гапира бошлади. Мен уни тушундим, бу ишни қилдингизлар, аммо менинг тилимни қисиқ қилманглар, деган гапга олиб келди…
    Бошқа бир манбага кўра, укаси қамоқдан чиққандан кейин Каримов уни қабул қилмагани учун норози бўлгач, қўл силтаб Самарқандга кетган. Лекин ўзбекчиликни биласиз, акаси қабул қилмагани билан қабул қиладиганлар кўп бўлади. Ҳар эҳтимолга қарши “каттакон”нинг укасини ўзига яқин қилиб қўйиш ўзбекка хосдир.
    1990 йиллар бошида Самарқандда вилоят ҳокими бўлган Пўлат Абдураҳмонов Каримовнинг қамоқдан чиққан укасини ҳар томонлама қўллайди. Бундан фойдаланган укаси тез орада Самарқанд мафиясини қўлга олади. Кейинчалик Ўзбекистон мафиясининг қозикалонига айланади. Энди у Каримовга керак бўлади ва оралари тузалади. Каримов ўз мухолифларига қарши қора куч ишлатганда буни укаси орқали амалга ошириб келмоқда.
    Ислом Каримов аслида оиласига қаттиқ боғланмаган. Отаси уни оқ қилганидан кейин Самарқанддан кетиб қолган ва ака-укалари билан ҳам алоқаси узилиб кетган. Улар қамалганда ҳатто қизиқмаган ҳам. Аксинча, Давлат планлаштириш қўмитаси раиси ва Қашқадарё вилоят партия комитетининг биринчи котиблигига тайинланган кезларда ҳам ака-укалари борасидаги маълумотларни яшириб келган. Фақат унинг номзоди Ўзбекистон компартияси Марказий комитетининг биринчи котиблигига қўйилганда, унинг икки қардоши қамалгани ўрта чиқади…
    Дунёнинг ишларини қаранг, худди бугун Мадаминовнинг икки укаси қамоқда бўлганидек, Совет даврида Каримовнинг ҳам икки қардоши қамоқда бўлган…
    Менинг назаримда катта сиёсатга кирган сиёсатчи ака-укаларини ҳам ёнига олса, бу унинг заифлигидан дарак. Чунки бошқаларга ишонмагани ва бошқалар ҳам унга ишонмагани учун ўз яқинлари, ака-укаларини ёнига олади. Агар яқинлари мустақил сиёсатчилар бўлишса ва улар сиёсатнинг турли жабҳаларида ҳаракат қилсалар бу бошқа масала. Аммо акасининг айтганидан чиқмайдиган ва сиёсатнинг кўчасидан ўтмаган, шунчаки, ижрочилар бўлишса, ҳам уларга қийин, ҳам жамиятга.
    Мадаминовнинг бугун қамоқда ётган укаси Муҳаммаднинг тақдири учун биринчи галда акаси масъул. Чунки Муҳаммадни яқиндан билардим. У акаси нима деса, унинг изидан чиқмайдиган, акасига худди қул каби тобе эди. У журналист сифатида бир сатр нарса ёзган эмас. Газетанинг техник ишларини қилар ва шунинг ҳисобига партиядан маош оларди. У бир соат ҳам газетага бош муҳаррир бўлган эмас. Аммо Мадаминов Авропа парламентидагиларга “укам газетанинг бош муҳаррири” эди дея уни Сахаров мукофоти лауреатлигига кўрсатиб, шов-шув кўтариб, масхарабозлик қилди.
    Мадаминовнинг яна бир укаси Мақсуд Бекжонни 1993 йил 3 Январда партия Марказий кенгаши пленумида “ЭРК” газетасига бош муҳаррир этиб сайланганимдан кейин яқиндан танидим. У газетанинг бўлим мудири ҳисобланар ва шу ердан маош олар экан. Аммо ишга келмасди. Ҳафтада бир кўринар ва бўйнига ўраб юрадиган шарфининг ортидан норози қиёфада бир нарсалар деб кетиб қоларди. Унинг аҳён-аҳёнда шеър қоралашини, аммо фавқулодда бир истеъдоди йўқлигини гапиришарди. Умуман ЭРК партиясидагилар Мадаминовнинг укалари ва жиянлари партияга хўжайинлик қилишидан норози эдилар.
    Мен бир кун ҳайъат мажлисида Партиянинг мафкуравий масалалар бўйича котиби сифатида Мадаминовга “оила”нинг ”иккинчи раис”лигига чек қўйиш кераклигини юмшоқ қилиб, аммо очиқ айтдим. Мадаминовнинг жаҳли чиқдию бир нарса дея олмади. Эртасидан укаси мен билан кўришмай ўтадиган бўлди. У секин аста партиядан узоқлашиб, ўзини кўрсатмай юрди, Хоразмга кетиб қолган экан.
    Биз 1994 йилда газетани Туркияда туриб чиқарар эканмиз, унинг қамалганини эшитдик.
    Мақсуд Бекжоннинг 1994 йил, 15 Апрелда имзоланган ва “Акам Муҳаммад Солиҳга очиқ хат” деб номланган баёноти “Хоразм ҳақиқати” газетасининг 19 Апрелдаги сонида чиққанини эшитдик. Кўп ўтмай, Мадаминовнинг ёнига МХХ томонидан киритилган Адҳам Розиқов бу хат чоп этилган газеталардан олиб келди.
    -Буни у ёзмаган,-деди Мадаминов.-Бошқалар ёзиб, унга қўл қўйдиришган.
    -Ўзи ёзган. Бутилканинг устига ўтқазгандан кейин ҳар қандай одам ҳам ёзади,-деди Адҳам. Бу гап Мадаминовга ёқмагани учун у׃-Мақсуд ҳозир санчастда, аҳволи оғир экан, одамларим билан гаплашаяпман, уни олиб чиқамиз,-деб қўшиб қўйди.
    Мен “Бундай хатдан кейин Каримовнинг ўзи уни озод этиб юбориши турган гап” демоқчи эдим, аммо бундай пайтда ҳамдардлик гапларигина айтилишини эслаб, тилимни тийдим.
    Шундай ҳам бўлди. Мақсуд Бекжон қамоқдан қўйиб юборилди ва акасининг ёнига қараб йўлга чиқди.
    Унинг газеталарда эълон қилинган Очиқ хати шундай бошланарди׃
    “Гарчанд мен “ЭРК” партиясининг фаолларидан бўлмасамда, оддий “ЭРК” аъзоси сифатида сиз бошқараётган партиянинг боши берк кўчага кириб қолганини кўра била туриб, индамай, қараб туришни ўзимга лойиқ деб тополмадим…”
    Хат аввалида “ЭРК” газетасининг Ўзбекистонда тарқалиши шов-шув бўлгани айтилиб, ундаги баъзи “ўйинқароқ” материаллар танқид қилинади. Кейин президентнинг шахсан ўзи партия учун шароит яратиб бергани ва узоқни кўра олмаслик туфайли бу имконият бой берилгани айтилади. Унинг бу гапларини билмайману, лекин мана бу гапи диққатимни тортган ва ўша кездаёқ шу сатрлар остига чизиб қўйгандим׃
    “Партия ичида партия фаолиятига доир ҳар қандай танқид аёвсиз бостирилди”.
    Шундан кейин хатда Каримовнинг “оёғини ялаш” бошланади. Шу ўринда айтиш керакки, мухолифат сафида туриб, Каримов ҳақида хушомад гап айтишда ҳеч ким ҳалига қадар Мақсуд Бекжон даражасига етган эмас. Лекин Мадаминовга қарши ёзган ёки “ЭРК”ни тарк этишда баёнот берган бошқа “эрк”чилар сотқин деб қораланди, уларга қарши қулоч-қулоч мақолалар ёзилди. Аммо Мақсуд Бекжоннинг ёзгани унутилди. Бошқалар бошқа, ука эса ука-да!
    Айтишингиз мумкин, Мақсуднинг ёзганлари таҳрир қилинган ва Каримовга “пахта қўйилган” сатрлар қўшилган бўлиши мумкин деб. Ҳатто Адҳам Розиқов айтганидек, шундай мақтовлар ёздиришга мажбур қилингандур?! Буни тушуниш мумкин. Бўлиши ҳам мумкин. Буни инкор этмайман. Лекин бугунга қадар у ўша хатига раддия бермади. Бу гапларим нотўғри эди, акам демократ, танқид учун ҳеч кимдан ўч олмади, деб ёзмади. Аксинча акасига қўшилиб, танқид қилувчилардан ўч олишнинг ифлос йўлларига бош урди. Менинг устимдан “Америка овози”га бўҳтонлар уюштирди, мен ташлаб кетгандан кейин бир йилда аранг бир ёки икки марта чиқарилган “ЭРК” газетасида менга қарши куракда турмайдиган уйдирмалар ёзди.
    Хуллас, гоҳида ўз номидан, гоҳида имзосиз мақолалар билан ҳамда “сўкиниш постингларининг қироли”га айланиб, акасининг обрўйини оширмади, аксинча унинг сиёсий жиҳатдан “белини синдирди”. Худди Ислом Каримовнинг укаси рекетчилик қилиб у қозонган тавқи лаънатларга лаънат қўшаётгани каби…
    *Очиқ хатни ДЎК Фотоалбомидан ўқишингиз мумкин.

    Жойлади: temur
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz