Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.13.52
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 8
    Гостей: 8
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Апрель » 16 » Дилмурод САЙЙИД: Касоскор
    08.47.29
    Дилмурод САЙЙИД: Касоскор
    ТОНГ қоронғусида
    мурдани жарга ташлаб қайтишди. Кейин навбати билан ювиниб чиқдилар. Умида барибир бу ишнинг ҳиди чиқиши мумкинлигини тахмин қиларди. Шу баробарида Баҳромнинг ҳам кўнгли нотинч эди.
    -Баҳром ака, - деди йигитнинг кўзларига тикилиб,- русларда бир нақл бор: “Надейся худшему, лучшее само придёт!” Шунинг учун маслаҳатни бир ерга қўйиб олсак.
    -Қанақа маслаҳат? – сўради йигит.
    -Маслаҳат шуки, ишимизнинг ҳиди чиқиб қолса, қандай йўл тутиш кераклигини ўйлаб олишимиз керак.
    -Сен гулламасанг, мен гулламасанг, иси қаердан чиқиши мумкин? Ундан кўра, яхши ният қилайлик.
    -Ният тўйда қилинса ярашади, бу ғирт жиноят бўлса! Хўп денг, Баҳром ака, мени эшитинг, илтимос.
    -Майли, эшитиб келяпман, яна эшитавераман, гапиравер.
    Умида сумкачасидан учта юз долларлик ва икки тахлам беш юз сўмлик чиқариб, стол устига қўйди.
    -Буни қулайроқ жойга яшириб қўясиз. Агар ишнинг “ҳиди” чиқиб қолса, сиз ҳеч нарса билмайсиз. Мен ҳақимда сўрашса, маъшуқангизман, холос. Ўтмишимдан эса буткул бехабарсиз. Мурда менинг бўйнимга, негаки у мараз менинг эски танишим бўлган. Мен аёлман, олдин қамалмаганман, менга оғир жазо бермайди. Яна бир ўзим бўлсам, осонроқ қутуламан. Сизни отувга ҳукм қилишлари мумкин!
    Баҳром бундай маслаҳатни кутмагани учун жавоб топа олмай қолди. То бир гап айтгунча бўлмай, Умида сўз улади:
    -“Аёл кишини қаматиб қўйишга ғурурим йўл бермайди!” деманг. Илтимос сиздан, Баҳром ака, кўрганларингиз етарли сиз учун, бу галгиси оғир бўлиши аниқ. Шунинг учун менинг маслаҳатимни қабул қилинг, ўтинаман сиздан, хўп денг!
    Баҳром анча ўйланиб тургач, рози бўлди. Қўл ташлашдилар.
    -Нима бўлганда ҳам, бўйнингизга ола кўрманг, - деди Умида илтижоли тикилиб, - мен ҳеч қачон сизни тортмайман!
    Умида қасос илинжида юрган пайтида фақатгина қотиллик ва қийноқ акс эттирилган фильмларни кўриш билан чекланиб қолмай, балки жиноят кодекси, жиноят-процессуал кодекси, уларга шарҳларни ҳам қайта-қайта ўқиб чиққан, “ҳуқуқшунос бўлмоқчиман” деган баҳона билан тоғасининг юрист ошналаридан бир неча марта изоҳли маслаҳатлар ҳам олганди. Бир сўз билан айтганда,Умида назарий тарзда бўлса-да, жиноят учун жавобгарликка ҳам ўзини руҳан тайёрлаб бўлганди.

    * * *

    ПРОКУРОР ёрдамчиси тезкор ходимларни йиғиб, Баҳром ва Умидани ҳибсга олиш режасини ишлаб чиқди. Баҳромнинг ҳам уйи кузатув остига олинди. Янги ишга келган каратэчи лейтенант “объект” билан жанжал чиқарадиган, муштлашадиган ва олдиндан тайинланган патрул хизмати ходимлари ҳар иккисини ҳам ички ишлар бўлимига келтирадиган бўлдилар. Айни шу чоғда “иккинчи объект” – Умиданинг уйига прокурор ёрдамчиси борадиган, қисқача суҳбатлашиб, прокуратурага бошлаб келадиган бўлди. Бу ёғига ҳар икки “объект” орасида бир лаҳзалик учрашув ташкил қилиш жўн иш эди. Лекин кўп нарса айнан мана шу “жўн иш”га боғлиқлигини яхши тушунишарди. Аксига олиб, тузилган режа бошланмасданоқ барбод бўла бошлади. Тушликка қадар Баҳром уйидан чиқмади. Йўлакка кўз тикиб ўтирган пойлоқчи – фуқаро кийимидаги милиция сержанти ҳам, икки юз метрча нарида машинадан тушмай кутаётган каратэчи лейтенант ҳам, хабар кутиб, иш бошлай олмаётган прокурор ёрдамчиси ҳам асабийлаша бошлашди.
    Тушликдан кейин режага ўзгариш киритилди – Умида билан суҳбатга йўл олдилар.Аксига олиб унинг онасига дуч келдилар.
    -Нима ишингиз бор эди? Ўзи ким бўласиз? – сўради Фарида эшик олдида турган прукурор ёрдамчисидан.
    Ташрифчи ўзини танитди.
    -Тинчликми? – безовталанди она.
    -Тинчлик, айрим масалалар бўйича озгина гаплашиб олишим керак.
    -Ҳозир уйда йўқ. Ярим соат аввал чиқиб кетган эди. Ишонмасангиз, марҳамат, кириб кўринг, - деди Фарида.
    Прокурор ёрдамчиси ичкарига кирди. Оёқ кийимини ечаётиб у ёқ-бу ёққа кўз югуртирди. Чунки пойлоқчи берган маълумотга кўра “объект” кўчага чиқмаганди. Чақирилмаган меҳмоннинг ҳар бир ҳаракатини уй бекаси синчиклаб кузатиб турарди. Аёл атайлаб хоналар эшигини очиб қўйди.
    -Бу ётоқхона, бу емакхона, бу зал, балкон билан ошхона у томонда, - деб ҳаммаёқни кўрсатиб, кейин ошхонага қўйилган стол атрофидаги стуллардан бирига ишора қилди,- марҳамат, ўтиринг.
    Прокурор ёрдамчиси хоналарга бир-бир кўз югуртириб, хатога йўл қўйганди.
    -Нима гап ўзи? – сўради Фарида.
    “Меҳмон” ёнидан Аброрнинг суратини олиб кўрсатди.
    -Опа, бу йигитни танийсизми?
    Аёл суратга бир-икки сония қараб тургач, бош чайқади:
    -Мутлақо танимайман.
    -Узр, мен фақат шуни билгани келгандим. Афсуски, қизингиз йўқ экан.
    Прокурор ёрдамчиси суратни кўрсатиб, иккинчи хатога йўл қўйганди. Йўлакка чиқаётиб, сўради:
    -Пастда, майдончада турган машина қизингизники эмасми?
    -Ҳа, Умиданинг машинаси,- аёл саволдан кўзланган мақсадни дарҳол англади. – Калити ётоқдаги тошойна олдида турибди. Менимча, шахсий машинаси бор одам доим ҳам минавермаса керак!
    Прокурор ёрдамчиси хонасига келибоқ кузатувчиликка қўйилган ходимни чақиртирди.
    -“Объект” уйида йўқ-ку!-деди ходим кириши билан ўшқириб.
    Пойлоқчи шошиб қолиб ғудранди.
    -Нега, нега йўқ бўлар экан, ахир машинаси турибди-ку!
    Прокурор ёрдамчиси учун шу жавобнинг ўзи етарли эди.
    -Эй калтафаҳм, сиз органда эмас, машиналар пуллик тўхташ жойида ишласангиз бўлар экан,-деди ва бирдан ғазаб билан бақирди,-йўқол кўзимдан, умуман бу соҳадан йўқол!
    Баҳром бир кун олдин кечқурун Умиданинг илтимосига кўра Тошкентга жўнаб кетганди. Ўзи билан қамоқда бирга ўтирган икки нафар тошкетлик ошнаси бўлиб, шулар кўмагида шаҳар четроғидан ижарага уй топиши керак эди. Икки кундан кейин эса, ҳаммаёқ тинч бўлса, Умидани кеч соат бешда курант олдида кутиб олишга келишилганди. Аёл келмай қолса, бир иложини қилиб, Қозоғистон томонга ўтиб кетиши лозим эди. Умида бу эҳтиёткорликни шундай изоҳлаганди:
    -Баҳром ака, “эҳтиёткорни худо ҳам асрайди!” дейишган. Бекор ҳам юрибмиз-да булбулнинг калласидай шаҳарчада. Ҳаммаёқ тинчлик бўлса, уч-тўрт кун ҳаво алмаштириб, ўйнаб келамиз. Пул бўлса етарли. Худо кўрсатмасин, ишкал чиқиб қолса, бу режамиз фақат бизнинг фойдамизга ўйнайди.
    Тўғриси, йигит ҳам дам олишни жуда истарди. Айниқса, Аброр воқеаси уна қаттиқ толиқтирганди. Шу боисдан ҳам аёлнинг таклифини ҳеч бир эътирозсиз қабул қилди.
    -Фақат, машинасиз боргин, номер областники бўлгани учун Тошкентнинг ментлари тўхтатавериб, ҳиқилдоққа келади,-деди танишганларидан бери ўтган бир неча ой ичида илк марта Умиданинг сочларини силаб.
    Баҳромни кузатгач, аёл бироз шаҳар айланган бўлди. Йўлда ҳайдовчиликки бирга ўқиган, ўзидан уч ёш катта Хосиятни учратиб қолди. Хосият машинаси капотини очганча қўлини белига тираб турарди. Машинадан тушиб келаётган аёлни таниб, Хосият чапак чалиб юборди.
    -Вой Умидагинам, асалгина ўртоғим!
    Қучоқлашиб, қайта-қайта ўпишдилар.
    -Нима қилиб турибсиз, Хосият опа худди дўкондаги манекенчиларга ўхшаб қўлингиз белда?
    -Эй, ўлсин, оти «Тико”-ю, феъли ғирт ҳакка. Бир кун қиз боладай, уч кун оғироёқ хотиндай.
    Иккови кулиб юборди.
    -Машина ковлаш бизнинг иш эмас, келинг, шатакка оламан,-деди Умида машина томига шапиллатиб,-ёпинг оғзини, яна пашша ўтириб кетмасин!
    Хосият ҳам кулди:
    -Трос борми?
    -Топамиз, опажон, бизда эрдан бошқа ҳамма нарса бор.
    Иккови қийқириб кулишиб, қўл ташлашди. Умида юкхонадан трос олди. Йўловчилардан икки йигит тўхтаб, уларга кўмаклашишди. Ўқиб юрганларида Умида Хосиятнинг уйига икки-уч марта борган, биргаликда “шаблон” ечишганди.
    Ўн дақиқа ўтар-ўтмас манзилга етиб келдилар. Хосиятнинг қайниси чиқиб, машинани гаражга киритишга ёрдам қилди.
    -Бир пиёла чой ичирмасдан кеткизмайман,-деди Хосият.
    Ичкарига киришди, овқат ҳам тайёр экан, кичикроқ лаганда манти келтирилди. Хосиятнинг овсини ўз синглиси эди. Айни шу жиҳати, яна қайнонаси йўқлигидан ҳам Хосият хонадоннинг маликаси ҳисобланарди.
    -Умида,-деди аёл хайрлашишдан олдин,-эртага туғилган куним, кундузи соат бирларда келинг. Эрталабдан келсангиз яна яхши.
    Умида маъқул ишорасини қилди. Уйига келгач, машинасини умумий тўхташ жойига қўйиб, шошилмай хонадонига йўналди. Эрталаб кузатувчиликка келган милиция ходими “объект”нинг машинасини тўхташ жойида кўриб, хотиржам бўлганди.
    Умида уйқудан тургач, юз-қўлини ювиб, пастда сут сотиб юрган хотиндан қаймоқ олиб чиқди. Кузатувда турган пойлоқчи уни кўрди ва «объект уйида” деб хабар қилди. Қаймоқ олиб чиқилиб, нонушта ҳозирланди. Она-бола нонушта қилдилар. Кейин одатига кўра хоналарни тозалаб чиқди, соат ўнларга яқин ваннага тушди. Чўмилиб чиқиб, пардозга уринди. Шанба бўлганлиги учун онаси уйда эди.
    -Ҳа, тошойнага тикилиб қолибсан, қизим?-сўради Фарида.
    -Ҳайдовчиликда бирга ўқиган Хосият опа бор эди-ку, танийсизми?
    -Нега танимас эканман, ўзинг айтгандек, Рекхага ўхшаган чиройли опанг.
    -Ўша Рекхага ўхшаган опамнинг туғилган кунига бораман.
    Пардоз-андоз-у кийинишдан кўнгли тўлгач, совға масаласи ҳал этилди. Кетишга чоғланиб турганди, кўчадан шовқин-сурон эшитилиб қолди.
    -Нима шовқин?-эшик олдида туриб балкондаги онасидан сўради.
    -Ўлмагур, нариги подъезддаги монтёр бор-ку, яна ичиб олиб, ким биландир жанжаллашаяпти. Қўлида бир қулоч таёқ ҳам ушлаб олган.
    Умида: “Мен кетдим, хавотир олмай ўтиринг”, деганча чиқиб кетди. Кўчага чиқиб қаради, ҳақиқатан икки йўлак нарида қўшни монтёр билан уч-тўрт эркак жанжаллашиб туришарди. Умида қарши томонга бурилиб, уйни айланиб ўтганча катта йўлга чиқиб олди. Айнан жанжалкаш монтёр сабаб пойлоқчиликда турган ходим аёлни кўрмай қолганди. Орадан ярим соатча ўтгач, прокурор ёрдамчиси келиб, Умидани учрата олмаганининг боиси ҳам шу эди.

    * * *

    ФАРИДАНИНГ кўнгли ғашланди, қандайдир нохушликни сезгандек тинчини йўқотди. Телефон рақамлари ёзилган дафтарчадан Хосиятнинг телефонини топди. Гўшакни кўтарди-ю, ўйланиб қолди. Гўшакни жойига қўйиб, телефонни узди-да, қўшнисиникига чиқди.
    -Келинг, Фаридахон,-деганча очиқ чеҳра билан кутиб олди қўшни аёл.
    -Узр, Маъмурахон, бизнинг телефон ишламай қолди, бир қўнғироқ қилиб олсам.
    -Бемалол.
    Фарида Хосиятга сим қоқиб, туғилган кун билан табриклади. Умидани сўраганди, эндигина келиб ўтирган қизи ҳайрон бўлиб гўшакни олди.
    -Қизим, меҳмондорчиликдан кейин тўғри тоғангникига боргин, мен ҳозир ўша ёққа кетаяпман.
    -Хўп бўлади,-деди қизи,-лекин нима гап, тинчликми?
    -Ҳа, тинчлик, сен кетгач Маҳмуджон келиб қолди, ҳозир пастда кутиб турибди, тоғанг иккимизни қандайдир маслаҳатга чақиртирибди, борсак билар эканмиз. Келишдикми қизим, уйга келиб ўтирма овора бўлиб, тўғри тоғангнинг уйига боргин.
    -Хўп бўлади!
    Фарида қўшнисига раҳмат айтиб, уйига чиқди. Апил-тапил кийиниб, укасининг уйига жўнади, омадига укаси ҳам уйида видео кўриб ётган экан. Ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг укаси сўради:
    - Умидахон қани? Ё тоғасини соғинмадими?
    -Келиб қолади, ука, ҳозир меҳмонга кетганди. У келгунича маслаҳатли гап бор.
    Фарида прокуратурадан одам келганини гапириб берди. Укаси ўйланиб қолди: “Унча-мунча нарсага прокуратура ходими келмайди, мелисадан бирортасини юборади!”
    -Кўрсатган суратидаги одамни ҳеч кўргамисиз, опа?
    -Умуман билмайман.
    -Балки Умидахон танир?
    Аёл елка қисди. Умидани кутишдан бошқа илож йўқ эди.
    У шомга яқин келиб, ёш боладай тоғасининг бўйнига осилди. Бироз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришгач, тоғаси хотини ва болаларини бошқа хонага чиқариб юборди. Уйда учовлон – Умида, онаси ва тоғаси қолдилар.
    -Жиян, ишқилиб ўзинг тинчмисан?-қайта-қайта сўради тоға.
    -Худога шукур,юрибман,-жавоб қилди жияни жилмайиб.
    -Тинчга ўхшамаяпсан-да,-шундай деб жиянига қаттиқ тикилди.
    Орага анча жимлик чўкди.
    -Нега унақа деяпсиз, тоға?-сўради ниҳоят Умида билинар-билинмас безовталаниб.
    -Гап бундоқ, бугун сен ўртоғингникига кетгач, уйларингга сени излаб прокуратурадан одам келган. Қандайдир йигитнинг суратини сенга кўрсатмоқчи экан.
    Умида онасига қаради.
    -Мен кўрдим суратини, ёш йигит. Жингалак сочли эди назаримда, яна ўнг кўзи бўлса керак, ҳа ўнг кўзи остида нуқтадан каттароқ холи ҳам бор...
    Умида бу ёғини эшитмади. Суратдаги йигит Аброр эканини билди. Лекин тан олмади:
    -Билмасам, қанақа одамнинг сурати, менинг йигитлардан танишим йўқ ҳисоби. Борлари ҳам ё тепакал, ё сочи силлиқ!
    Унинг қувлик қилаётганлигини тоғаси сезиб турарди.
    -Опа, бизни бир пас холи қолдиринг, майлими?-деди Фаридага.
    Аёл туриб чиқиб кетди.
    -Жиян, мен ер тагида илон қимирласа биламан. Икки кун олдин шаҳардан бир ёш йигитнинг ўлигини олиб кетишди. Тушунишимча, сурат ўша ўлганнинг сурати бўлиши керак. Сен уни танийсанми-йўқми, бу – иккинчи масала. Фақат айт-чи, прокуратура ходими нега айнан сени сўраб келди? Чунки у ерда ишлайдиганлар аҳмоқ эмас, нима иш қилишаётганлигини яхши билишади. Тўғрисини гапир, жиян, бало газак олмасдан чорасини кўрайлик!-дея тоғаси бироз жим қолиб, кейин қўшиб қўйди,-худо кўрсатмасин, сенга бир гап бўлса, онанг кўтара олмайди.
    Умида ерга қараганча анча вақт индамай ўтирди.
    -Тоғажон, танийман у маразни,-деди бир қарорга келгач,-кетган ўлик ўшанинг мурдаси! У мараз мени, оиламизнинг шаънини тупроққа қориган, отамнинг ўлимига сабабчи бўлган қон душманим эди. У қилмишига яраша жазосини олди,- Умида тоғасига тик қаради-ю, гапида давом этди:
    -Мен прокуратура тугул, ундан каттасидан ҳам қўрқмайман. Қилган ишим учун ҳатто худонинг олдида ҳам жавоб бера оламан!
    Тоға лол қолди. Улар икки-уч дақиқа бир-бирига тикилиб қолишди. Айниқса, жиянининг кўзларидаги оловни ҳис қилиб, ўз вужудида титроқ сезди.
    -Нима гап ўзи, жиян? Очиқ гапиришнинг иложи борми?-сўради деярли шивирлаб.
    Умида уч йил аввалги воқеани Баҳромга гапириб бергандек, тоғасига ҳам айтди. Фақат қотиллик ҳақидаги ҳақиқатни четлаб ҳикоя қилди.
    -Бир ҳафтача олдин Тошкентга, “Отчопар”га ўз машинамда боргандим, кутилмаганда Аброрни учратиб қолдим. Ёлғизлигимни кўриб илакишди. Қисқаси, ўша ерда уни алдаб-авраб, Олмалиққа келишга кўндирдим. Икки кун ўтиб келди. Кейин ухлаб ётганида сездирмай оёқ-қўлини бузоқ тушовлагандек боғладим. Ўлдириб, эрталабга яқин жарга олиб бориб ташладим.
    -Шунча ишни бир ўзинг қилдингми?-ҳам ҳайрат, ҳам шубҳа билан сўради тоғаси.
    -Бир ўзим қилдим,-деди Умида қатъий ва қўшиб қўйди,-ҳозир бировга ишонадиган замонми, у кўзинг бу кўзингни ўяман, деб турибди-ю...
    Тоға бошини эгганча узоқ ўйланиб қолди. Бир қарорга келди, шекилли, бошини кўтарди.
    -Бу гапларни онангга ҳам гапирма ҳозирча. Бугун шу ерда қоласан, Андижонда яқин дўстим бор, эртага ўша ёққа жўнайсан. Бу ёғига энди худо холиқ!
    -Дўстингизни бу ишга аралаштирмаганингиз маъқул, тоға. Яхшиси, Тошкентга кетаман. Ишончли, ҳеч ким билмайдиган хонадон бор. Уч-тўрт кундан кейин қўнғироқ қиламан.
    Тоға-жиян гапни бир ерга қўйиб, Фаридани чақиришди. Сўраганларга “Умиданинг қаерда эканлигини аниқ билмасликларини” айтишга келишиб олдилар. Маслаҳат тугаши биланоқ Умида тоғаси берган икки юз доллар ва юз эллик минг сўмни ёнига жойлаб, тоғасининг ўғли учун яқинда олинган, ҳеч ким яшамайдиган секция-уйига кетди. Эрта тонгда эса, Ангрендан келаётган йўловчи “Жигули”да Тошкентга йўл олди. Шаҳарга кирибоқ бошқа машинага ўтирди. Бундан уч йил аввал ўзини алдаб ташлаб кетишган “Анҳор” кафесига келди. Овқатланиб олгач, кун пешиндан ўтгунча ўша атрофда, одамлар гавжум жойларда айланиб юрди, бир-икки сидра кийим, пардоз анжомлари харид қилди. Кейин яна шу кафега келиб тушлик қилди. Кундуз соат учларда курант томонга пиёда йўл олди. У ёқ-бу ёқни томоша қилиб боргунича ҳам анча вақт ўтди. Йўл-йўлакай олган кроссвордли газетасини курантга яқин бекатда тиззасига қўйиб, бошқотирма ечиб ўтирди. Соат чораги кам бешда курант остига борди. Шу чоғ хиёбон томондан келаётган Баҳромга кўзи тушди. Қора костюм-шим, оқ кўйлак, қора туфли кийиб, сочларини чиройли тараб олган Баҳром ЗАГСга кетаётган куёвни эслатар эди. Умида қўлини кўтариб силкитганди, йигит кўриб у томонга ошиқди. Масофа ярим қадамдан ҳам кам қолди.
    -Мен келдим,-деди салом бериб Умида. У Баҳромнинг елкасидан қучиб, кўксига бош қўйди. Бироз сўзсиз туриб қолишди.
    -Сендан қаттиқ хавотирди эдим,-деди йигит аёлнинг сочини сийпаб.
    -Мен ҳам...-деди аёл бошини кўтарганча йигитга меҳр билан тикилиб,-мен ҳам сизни жуда соғиндим, Баҳром ака!
    Кейин йигитнинг қўлидан тутди:
    -Хавотир олманг, ҳаммаси жойида!
    Умида йўлка четига қўйган чоғроқ сумкасини олмоқчи бўлганди, Баҳром жилмайди.
    -Бу ёққа бер хазинангни, малика,-деди ҳазил аралаш.
    Кейин биргалашиб Сирғали томонга – Баҳром кеча ижарага олган шинамгина икки хонали уйга кетишди. Уйни ўша атрофдаги маиший гуруҳларни бошқарадиган Банзай лақабли корейс топиб берганди.
    Қамоқда “семейка” деган тушунча бўлиб, бир дастурхондан овқат егувчи маҳкумлар икки ёки бир неча кишидан иборат бўларди. “Семейка” жуда муқаддас саналиб, унинг аъзолари бир-бирларини беҳад қадрлайдилар. Баҳром билан Банзай бир “семейка”да бўлишган. Аброрни Тошкентдан осонгина олиб чиқиб кетишда ҳам Банзай ёрдам қилганди.
    Шинамгина ижара уйни кўриб Умида севинди. Нарсаларини жойлагач, “йўл ғубори”ни ювиб ташлаш учун ваннага кирди.
    Кийимларигача янгилаб, ўзига оро бериб чиққан аёл эртакдаги маликалардек бўлиб қолди.
    Безатиғлик столдаги егуликларнинг аксари уйғурча ва корейсча бўлиб, чой – Англияники, шампан билан коньяк французларники эди.
    Умида ширин жилмайди.
    -Меҳмон кутишда дидингиз зўр экан, Баҳром ака. Уй танлашингизга-ку, қойил қолдим,-мебеллар-у телевизор, видеомагнитофон, ҳатто қандилгача чет элники! Лекин энг ёққани – бояги кийиниб юришингиз бўлди.
    -Эй, қаёқда дейсан, бу нарсаларни ошнам бериб юборибди, эрталабдан бери иккита корейс ва уйғур хотин дастурхон безашди. Уй масаласига келсак, очиғи, эгасини ҳам танимайман, ошнамнинг божаси бошлаб келиб кўрсатди, кейин калитини бериб кетди. Кийимни ҳам ўшаларнинг маслаҳати билан кийдим, қўни-қўшнига интеллигент одам бўлиб кўриниш учун. Лекин сенга ёққан бўлса, доимо шундай юраман.
    -Менинг келишимни ошнангиз биладими?
    -Ҳа, хабари бор, айтганман. “Ошна, сен менга қанчалик қадрдон бўлсанг, шунчалик яқин одам келадиган, фақат аёл киши”, дедим.
    Бу таъбир Умидага, айниқса, хуш келди. Икки сирдош, икки шерик анча вақтгача овқатланиб, гаплашиб ўтиришди. Бироқ Умида прокуратура ҳақида умуман гапирмади.
    -Энди иккаламиз битта ипга боғланиб қолдик,-деди Баҳром гап орасида,-худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Лекин сенга икки марталаб қойилман, ишонавер, бу ақлинг-у дадиллигинг билан ҳар қанақа эркакка ибрат бўла оласан.
    “Фанта”-ю чойдан бошқа нарсани ичмайдиган Умида бу сафар бир шиша шампан виносини деярли бир ўзи ичди. Баҳром ҳам унда-бунда кўпи билан 100-150 грамм коньяк ичарди. Лекин бу ўтиришда иштаҳаси очилиб, “Napoleon”ни охиригача ичди.
    -Коньяк жуда зўр экан,-деди ширакайф йигит,-аммо яна бор очилмагани.
    -Баҳром ака, очилмагани тураверсин, шундоғам яхши ўтирибмиз,-деди эркаланган оҳангда.
    Йигитнинг вужудида эҳтирос жўш уриб, қони кўпира бошлади…
    Баҳром уйқудан уйғонганда тонг ёришиб, соат саккиздан ўтганди. Умида аллақачон уйғониб, ювиниб, меҳмонхонани йиғиштириб, тартибнга келтириб улгурган, энди нонушта тайёрлаётганди.
    Йигит ваннага кириб кетди. Чўмилиб чиққанида ётоқхона йиғиштирилиб, нонушта тайёр бўлганди.
    “Яхши хотиннинг бори яхши!” хаёлидан ўтказди Баҳром.
    Спорт кийимини кийиб чиққанида, Умида ювиниш хонасини тартибга келтириб бўлиб, қўлларини сочиққа артаётганди, дарҳол салом бериб:
    -Яхши ётиб турдингизми?-деди ердан кўзини узмай.
    Баҳром аёлни авайлаб қучди. Умида ҳам йигитнинг бўйнига осилди. Узоқ ўпишдилар. Шу билан гўё тунги “шўхликлар” учун ийманиш туйғуси барҳам топди.
    -Бугун ошнамнинг қароргоҳига борамиз,-деди Баҳром нонушта чоғида,-ё бошқа режа борми?
    -Энди сиз нима десангиз шу, қаерга десангиз, эргашиб кетавераман. Фақат... Олдин бирорта домла топиб, никоҳ ўқиттириб олсак, Баҳром ака.
    Умиданинг таклифи йигитга маъқул келди. Нонуштадан кейин кийимларини алмаштиришди – йигит кечаги куёвсифат кийимда, аёл кулранг фин костюм-юбкасини ва итальянча туфлини кийгач, йўлга отланишди.
    Бу жуфтликни кўрган кишининг кўзи қувнарди...

    * * *

    ИККАЛА “объект”нинг бирдан йўқолиб қолиши изқуварларни шошириб қўйди. Баҳромнинг собиқ хотинини ҳисобга олмаганда, ҳеч кими йўқ, Умиданинг онаси ҳам, тоғаси ҳам аниқ гап айтишмади.
    -Суратларини телевизордан кўрсатиб, қидирув эълон қилсак-чи?-таклиф киритди қидирув бўлими бошлиғи.
    -Нима деб эълон қиламиз, қотил дебми? Қани исбот?-жаҳл аралаш сўради прокурор.
    -Бедарак йўқолган дейиш мумкин-ку,-фикр билдирди прокурор ёрдамчиси.
    -Қани яқинларидан ариза?-унга ҳам савол қайтарди прокурор,-Баҳромнинг тириги тугул, ўлигига куядиган одам йўқ, фақат аёлнинг онасидан олиш мумкин, агар ёзиб берса!..
    Орадан уч кун ўтиб, Умиданинг ўзи қўшнисига телефон қилиб, онасини чақиртирди. Фарида қизига вазиятни қисқача гапириб, бедарак йўқолганлиги ҳақида қидирув бериш учун ариза талаб қилишаётганини қайта-қайта такрорлади.
    Умида телефонда гаплашиб бўлгач, ташқарида кутиб ўтирган Баҳромнинг ёнига келди.
    -Кетдик ижарамизга,-деди жилмайиб. Никоҳланган эр-хотин қўлтиқлашганча йўлга тушдилар. Уйга келгач, Умида овқатга уннади. Эрининг таъбига қараб манти тайёрлади. Ҳали аср вақти бўлмасдан кечки овқат сузилди. Кейин бир соатча телевизор кўрдилар. Умида телевизорни ўчириб, пардани тортди. Хонага ним қоронғулик чўкди. Баҳромнинг тиззасига ўтириб, бўйнидан қучоқлади. Лаблар лабларга жуфтлашди...
    Барвақт ётганлари учун тонг ёришар-ёришмас туриб олдилар. Ювиниб чиққач, нонуштага ўтиришди.
    -Бугун бир “Телеминора”га бормаймизми?-сўради Баҳром.
    Умида жилмайди. Бошини йигитнинг кўксига қўйди. Кўзларидан сизган ёшини билинтирмай артиб ташлади.
    -Бугун... Бугун мен Олмалиққа қайтаман,-деди Умида оҳиста шивирлаб,-қайтмасам бўлмайди.
    Баҳром изоҳ сўрамади, ҳаммаси тушунарли эди.
    -Сиз ҳам бу ердан кетинг, иложи бўлса, бошқа республикага. Агар ҳозир шундай қилмасак, кейин кеч бўлади, қаттиқ афсусланамиз,-деди Умида қатъий.
    Баҳром анча ўйланиб қолди, сўнг ўз қарорини айтди:
    -Умида, нима бўлганда ҳам сен – меникисан, мен – сеникиман! Бизни боғлаб турган ипни ўзимиз узмасак, ҳеч ким уза олмайди. Ошналаримга тайинлайман, ҳар қандай шароитда ҳам сени қўллашади.
    Умида шундан сўнг телефонда онасидан эшитган қидирув ҳақидаги гапни айтди. Тоғасининг турар жойини оғзаки тушунтирди. Уларни ҳам огоҳлантириб қўйишга сўз берди.
    -Фақат сиз ўзингизни эҳтиёт қилинг, жоним! Сизга бир гап бўлса, менга яшашнинг қизиғи қолмайди,-деди Баҳромни маҳкам қучоқлаб.
    Бир соатдан сўнг башанг кийиниб, фақат йўл учун етарли пул олиб йўлга чиқди. Ҳар эҳтимолга қарши Баҳром уни кузатмайдиган бўлди. Умида – автобекатга, Баҳром эса Банзайнинг уйига томон кетдилар...
    Тушликка яқин прокурор ёрдамчисига хабар келди: «объект” уйида, кўрсатмангизни кутаман!” Ўн дақиқага қолмай прокурор ёрдамчиси Умиданинг уйига етиб борди. Эшикни Фарида очди. “Меҳмон” йўлакка кириб, иккиланиб қолганди, уй бекаси қўли билан ошхона томонни кўрсатди. Умида балконда овқатланиб, чой ичиб ўтирарди. Прокурор ёрдамчиси ўзини танитиб, ҳужжатини кўрсатди.
    -Қаерларга йўқолиб қолдингиз?-гап саволдан бошланди,-биз қидирув эълон қилмоқчи бўлиб тургандик.
    Умида масхараомуз жилмайди:
    -Нима, бу шаҳарликлар бирор жойга кетишдан олдин сизга ҳисоб беришадими?
    -Ҳеч бўлмаса онангизга айтсангиз бўларди-ку!
    -Мен балоғат ёшига етган, мустақил шахсман, хоҳласам айтаман онамга, хоҳламасам йўқ. Гапни айлантирмай, мақсадга ўтаверинг.
    Прокурор ёрдамчиси суратни кўрсатди.
    -Танирдим, исми Аброр бу маразнинг!
    -Нима учун мараз?
    Қолган саволларга ёзма жавоб олсангиз қалай бўлар экан?
    -Яхши фикр, қани кетдик бўлмаса!
    Онаси ҳам бирга бормоқчи эди, Умида кўнмади. Прокурор ёрдамчиси ҳам, терговчи ҳам барча саволларга тўлиқ жавоб олдилар. Фақат Баҳромнинг бу жиноятга шериклиги ва ҳозир қаердалиги мавҳум қолаверди. Кечқурунги соат ўнгача тўрт бора сўроққа олиб чиқишди. Эрталаб прокурорга кирдилар.
    -Наҳотки, шундай ўта оғир жиноятни ёлғиз ўзингиз содир этгансиз? Яна мурдани кўтариб чиқиш, машинага юклаш... Бир ўзингизга оғирлик қиларов!-деди прокурор.
    -Одам ғазабга келганда кучи ошиб кетишини билсангиз керак,-жавоб қилди Умида,-қолаверса, мен қишлоқ қизиман, ёшлигимдан этак-этак пахта кўтариб, ўрни келса от миниб чиниққанман. Ундан кейин ўлик унчалик оғир эмасди. Ишонмасангиз, ўша ҳажм ва оғирликдаги буюмни беринг, қандай кўтарганимни кўрсатаман.
    Прокурор қамоққа олиш ҳақидаги санкцияга имзо чекиб, муҳр босди.
    Бирор бир далил ё гувоҳнинг йўқлиги, айбланувчининг кўрсатмалари ҳамда яна бошқа сабаб-у хулосаларга кўра “Жиноят иши”нинг Баҳром билан боғлиқ қисми чиқариб ташланди. Бунда, айниқса, тоғанинг ҳаракатлари жуда иш берди. Ҳатто “Жиноят иши” устига “Ўз айбига иқрор бўлиб келди”, деган таъкид ҳам битилди. Мантиқан қаралса, аслида ҳам шундай! Зеро, адлия соҳаси кишилари орасида касбий бир ибора бор: “Қонунни бузиб бўлмайди, айланиб ўтиш мумкин!..”
    Умида ҳибс этилмасдан олдиноқ КПЗдаги тутқунларга хабар келди: “Бу аёлни ҳурмат қилинглар ва ёрдамлашинглар!” Икки кундан кейин Тоштурмага жўнатилди. “Столипин” деб аталувчи зек-вагонда ҳам аёлнинг ҳурматини жойига қўйишди.
    Турмада ҳибс этилганларни қабул қилиб олиш жойи – “Вокзалчик”даноқ Умидага яхши муносабатда бўлишди. Бошқаларга ўхшаб уни қип-яланғоч ечинтириб тинтишмади, олиб келган кийимларини четга улоқтиришмади.
    “Монастир” деб юритилувчи аёллар корпусида уни икки нафар жувон худди эски қадрдонлардек кутиб олди. Қўлидан сумкаларини ҳам олишди.
    -Бўлди, началник, энди бу бизники!- дедилар соқчи прапоршчикка. Кейин эшиги қия очиқ камерага бошлаб боришди.
    -Киравер Умидочка, ўз уйингдасан!
    Ичкарида яхши кийинган ёш аёл ўтирарди. Умида қўлини ювиб, янги рўмолчага артди, сўнгра унинг ёнига бориб ўтирди. Ўртада турли ноз-неъматлар қўйилган стол турарди.
    -Сен Умидасан, бу Лайло, бу Кумуш, мен Юлдузман, сенсираб гаплашамиз, келишдикми?
    -Гап йўқ,- деди Умида Лайло узатган чойни олар экан.
    -Ўзинг ҳақингда гапириб ўтирма, “прогон” келган. Лекин қойил, мужиклар ҳам беш кетишди,-деди Юлдуз кулиб,-аммо жуда қотиргансан, унақа тварларнинг бошини эмас, эркаклигини кесиш керак! Бунақаси ҳали бўлмаганди. Бу ёғидан кўнглинг тинч бўлсин, билиб ишингни қил, дуч келган одам билан гаплашаверма. Кам гапир, кўпроқ эшит, қолганига мен ёрдам қиламан. Зонада ҳам ўзим кутиб оламан сени! Ҳозир йўл юриб келгансан, бироз ётиб ухлагин.
    Бир ҳафта ичида Умида турмадаги паст-баландни билиб олди. Айниқса, ўзаро сўзлашув тили-жаргонни яхши ўзлаштирди. Энг муҳими “иш” бўйича “прицеп”сиз ёлғиз кетаётганидан жуда севинарди.
    Баъзи сабабларга кўра суд бироз орқага сурилди. Қамалганига бир ойдан ошганда, бир куни кўнгли айниб, қайт қилди корпус врачига ҳам қаноат қилмай, тиббий бўлимга олиб чиқишди. Уни эътибор билан текширган доктор аёл:
    -Табриклайман, она бўласиз,-деди жилмайиб, иложи борича тезроқ бу ҳақда адвокатингизни хабардор қилинг. Ўзингиз учун яхши!
    Юлдуз кетгач, Лайло билан Умида биргаликда унинг ўрнига ўтдилар. Янги келганларни кутиб олиш, кўмаклашиш каби юмушлар икковинининг зиммасида эди. Суд арафасида адвокати яна келди.
    -Тез кунда суд бўлади,-деди ўсиқ қошларини сийпаб,-энг асосийси, сира асабийлашманг, ўзингизни ва туғилажак фарзандингизни ўйланг. Энди мана буни ўқиб, қисқача жавоб ёзиб беринг.
    Адвокат кўзойнак ғилофидан найча қилиб ўралган ва целлофан билан ёпилган қоғозни узатди. Умида шошилмай қоғозни целлофандан чиқариб олди. Негадир ҳаяжонланиб юраги тез-тез урарди. Қоғоз ўрамини ёйди. Бу -Баҳромдан хат эди.
    “Салом, жонимдан ҳам азиз бўлган Умидагинам!..” Умиданинг кўзларидан ёш қуйилиб, нигоҳлари хиралашди. Кўзларини енги билан апил-тапил артганча қайтадан ўқий бошлади: “Салом, жонимдан ҳам азиз бўлган Умидагинам! Тириклигимнинг сабабчиси, суюкли умр йўлдошим! Мен умримда йиғлаган эмасман, аммо ҳозир негадир кўз ёшимни тўхтата олмаяпман. Жоним! Соғлиқларинг яхшими? Мен учун энг муҳими-сенинг соғлигинг! Умидам! Мендан сира хавотир олмагин, ўзингни ва туғилажак фарзандимизни авайла!
    Сени севиб, соғиниб-соғиниб кутиб қолувчи...”
    Хат нега қисқа, анча содда ёзилганлигини аёл яхши тушунар эди.
    Адвокат қўшимча изоҳ берди:
    -Эрингиз бир ҳафта олдин бошқа ўлкадан келибди. Тижорат ишлари билан кетганини биларкансиз. Бу воқеаларни ошналаридан эшитибди ҳозир ўз уйида, бехавотирлигини айтиб юборди,-деб адвокат айёрона жилмайиб қўйди.
    Умида ҳам қисқача жавоб ёзди:
    “Суянган тоғим, юрагимнинг мадори! Хатингизни ўқиб, тинч ва соғ эканлигингизни билиб, хурсандлигимдан йиғладим. Сиз ҳам мендан хавотир олманг, ўзингизни авайланг! Бу кунлар ўтиб кетади, биз яна бирга бўламиз! Сизни севиб қолувчи Умидангиз”.
    Хатни буклаб адвокатга берди. Кейин оғзаки тайинлади.
    -Тайинлаб айтинг, судга келмасинлар, умуман, мен қутулиб чиққунимча ошналари билан тижорат ишида бўлаверсинлар. Онамга, тоғамга мендан салом айтинг, сира хавотир олишмасин.
    Суд ёпиқ ҳолда олиб бориладиган бўлди. Шу боисдан ҳам залга саноқли одамлар киритилди: Умиданинг онаси, тоғаси, марҳумнинг фақат холасигина келганди.
    Ўзига қўйилган айбловни Умида тўлиқ тасдиқлади. Берган кўрсатмаларини мутлақо инкор этмади. Гаплари дадил, ишонарли эди. Даъвогар томон деярли ҳеч қандай талаб қўймади. Охирги сўз берилди.
    -Мен жиноят содир этганимни тўлиқ бўйнимга оламан,-деди Умида қисқагина сўзлаб,-лекин тушунинглар, бу ишни ўзим хоҳламаган эдим. Аммо марҳумнинг ўзи “Отчопар бозори”да мени бир буюм ўрнида кўриб муомала қилиши, қабиҳ ниятда мен яшаб турган шаҳарга келиши мудҳиш йўлга бошлади мени. Агар ўлдириш қасдим бўлганида, ўша пайтлардаёқ ўлдирар эдим. Жазо тайинлашда шу жиҳатни алоҳида эътиборга олсангизлар!
    Уч кун давом этган суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилди. Барча жиҳатлар эътиборга олиниб, шунингдек, жиноят-процессуал кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, ўн йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
    Орадан етти ой ўтиб, Мустақиллик байрами муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги Фармон эълон қилинди. Айнан шу куни колония туғруқхонасида Умиданинг кўзи ёриди – ўғил кўрди. Чақалоққа ОЗОДБЕК деб исм қўйдилар...

    ТОШКЕНТ ШАҲРИ
    2002 йил ноябр-2003 йил апрел
    (Ушбу қисса муаллифнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилган “ТЕРМИНАТОР” китобига киритилган)

    Жойлади: Dilsora
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz