ЖАҲОНГИР МУҲАММАД Ҳужжатли китоб 9. “ҲАҚИҚАТНИ МЕН ЯРАТАМАН” 1991 йилнинг 4 ноябр куни Самарқандда эдим. Жомбойда сайловчилар билан учрашувга бориб, кечгача туманда қолиб кетдим. Уйга келсам, Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов бир неча марта телефон қилганини айтишди. Эртасига Тошкентга қайтиб, унга учрашдим. У пайтда Халқ депутатлари ва президент ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштириш секторини бошқарардим. -Ислом акам мақолангиз учун раҳмат айтмоқчи эдилар,-деди Крайнов. -Қайси мақолам учун?-дея ҳайрон бўлдим. -Мана бу!-деб у ва “Ўзбекистон овози” газетасини узатди. Унда менинг “Кундага қўйилган бош” деган мақолам чиққан экан. Бу мақолани бир йил олдин 1990 йилнинг 20 Июнида Мустақиллик декларацияси қабул қилингандан кейин ёзгандим. Унда жуда жиддий масалалар кўтарилганди. Мана орадан 16 йил ўтиб ҳам ҳали ўша масалалар кун тартибида долзарб бўлиб турибди. Ўшанда мақоламни нашр этишни газета бош муҳаррири Расул Раҳмонов турли сабаблар билан орқага ташлаб келаётганди. Ҳали биринчи курс талабаси эканлигимда мени илк бор матбуотга ишга бошлаб келган бу инсон менга ёмонликни раво кўрмайди, деган ўй билан у кишига қаттиқ гапира олмас ва бир куни нашр этади деган фикрда эдим. Ниҳоят уни саҳифага қўйишибди ва цензура раҳбари ”Шуни нашр этайликми?” дея Каримовга олиб келибди. Мақолада русларга қарши гаплар бор эди. Мени ҳайратга солган нарса мақоламдаги қуйидаги сатрлар׃ “Кейинги йилларда дардимиз ичимизда эди. Илк марта сайловлар арафасида камина ҳам очиқчасига гапирдим. Сайловолди дастуримнинг биринчи талаби этиб, халқ иродасини ифодалаб Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш масаласини қўйган эдим. Етилган масалалар - жамият чириб битгани, эл-улус қулга, манқуртга айланиб қолаётгани, дунёнинг энг мазлум ўлкаси бизнинг юрт экани ва хуллас, жамики дардларимиздан фақат мустақиллик туфайли халос бўлишимизни ёзгандим. Юқорида айтганимиздек, Олий Кенгашнинг биринчи анжуманида мустақиллик деган сўз кўпларни чўчитиб юборди. Аммо ўша чўчиганларнинг юраги ҳам мустақиллик, деб тепаётгани юзларидан аён эди. Сўнгра бу муҳим масала Олий Кенгаш Раёсатида кўтарилди…. Кўплаб депутатлар Ўзбекистон Олий Кенгашининг II сессиясида “Мустақиллик декларатсияси” қабул қилиниши учун қаттиқ турдилар. Унга эришиш учун олиб борилган жанг алоҳида ёзилажак катта мавзу… . Мана бу сатрлар қўшилгани бўлди׃ “Маълумингиз, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг розилиги ва қўллаб қувватлаши билан “Мустақиллик декларацияси” II сессияда эълон қилинди” . Бу сатрлар бутун мақоланинг руҳига зид ва ҳатто қўшилган жойи ҳам жуда ўринсиз эди. (Мақоланинг мана шу сатрлар олиб ташланган қисмини қуйида ўқишингиз мумкин). Мен дарҳол Расул Раҳмоновга телефон қилдим׃ -Шундай қилмасам, чиқмас эди,-деди у киши жуда юмшоқлик билан. Орадан кўп ўтмай Расул аканинг ўзи кириб келди ва биргаликда тушликка чиқдик. Боғда айланиб юрганимизда у׃ -Жанг ҳақида ҳали ёзаман деган гап у кишига ёқмабди. Мени чақирдилар. Шу жойини қисқартиришни таклиф қилдим. У киши “Жаҳонгир буни катта гапга айлантириб юборади, ўзи билан гаплашинглар” дедилар. Сизни тополмадик. Кейин қўшимчани ўзлари мана шу жойга қўшинглар деб белги қўйиб бердилар, ўзлари ҳам сизга телефон қилдилар, тополмадилар… Ростдан ҳам у киши айтмасалар Декларация эълон қилинмасди. Бунга ўзим ҳам гувоҳман,-деди у ўзини оқлаб. Дарҳақиқат, депутатларнинг босимидан кейин Каримов ўзи айтиб Декларациянинг ўзгартирилган матнини бўлсада матбуотга чиқартирган эди. Бу ҳақда ИАКда батафсил ёзганман. Ўшанда Каримов ўз номини ўзи менинг мақоламга киритгани мени ҳайратга солганди. У шу билан сессия жараёнида бўлиб ўтган жанглар ҳақидаги хотираларни ўлдирмоқчи бўлдими? Шундай жумла қўшилса, шундан кейин менинг бу мавзуга қайтишимга йўл қолмайди деб ўйладими? Яъни сопини ҳам ўзидан чиқаришни режаладими? Балки ўша кун мени топганда, бир баҳона билан мақолани олиб қолармидим? Ёки унинг “хизмати” ҳақида бошқачароқ қилиб қўшармидим? Лекин Крайновнинг гапи ҳам қизиқ бўлганди. Мақолам 5 Ноябр куни чиққан ва Каримов менга 4 Ноябр куни раҳмат айтмоқчи бўлган экан. Демак, Расул аканинг гапи ҳақ. Мақолани бир кун олдин Каримовнинг ўзи кўриб, ўзи қўшимча қўшилишини талаб қилган… 1994 йилда Туркияда “ЭРК” газетасига муҳаррирлик қилар эдим. Газетада менинг “Сарой ўйинлари” китобимдан парчалар бериб борилаётган эди. Самарқандда умр йўлдошимни суд қилишаётгани учун тўрт норасида фарзандимни Озарбайжонга жўнатишган эди. 1994 йил Май ойида Озарбайжонга кетдим. Оиламни олиб келишим керак эди. Кетиш олдидан Салай Мадаминов билан “сан-ман”га бордик. У оиламни олиб келишга қаршилик қилди. Мен унга фаоллар “ЭРК”дан бекорга кетмаётган экан, мен ҳам кетдим, қайтиб келганимда керак бўлса, расман эълон ҳам қиламан, дедим. 1994 йил 17 Июн куни Истанбулга келдик. Келсам. Мен йўғимда ёш журналистлар билан бирга газетанинг кейинги сонини чиқаришибди. Мен турадиган уйни очишиб, китобимнинг қўлёзмасини топиб, газетанинг икки саҳифасига икки бобни қўйишибди. Дастлабки боб “Мустақиллик декларацияси” деб номланган ва унда бу ҳужжат қандай қабул қилингани ҳақида, Олий кенгашдаги жанг борасида ёзилган эди. Мени ҳайратга солган нарса “ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Июн, 11(106) сонида чиққан бу бобда мен ёзмаган нарсалар пайдо бўлгани эди. Унда “Бу хусусда Муҳаммад Солиҳ шундай ҳикоя қилади..”, дея воқеалар жараёни Салай Мадаминов томонидан айтиб берилади ва мен ёзган нарсаларга мутлоқ боғланмай қолади. Бунинг устига у асосан ўзининг ролини ошириб кўрсатгани ва буни менинг номим билан қилишга урингани жаҳлимни чиқарди. Лекин бундан ҳам даҳшатлиси, “Қамоқдан хат” деб номланган кейинги бобнинг охирига Салай Мадаминов қуйидаги сатрларни қўшганди. “Муҳтарам профессоримиз Отаназар Орипов ҳам баъзи “эрк”чилар каби ўз партиясини тарк этса ёки унга лой чаплаганда эди, уни қамоқдан чиқарган бўлардилар. Лекин у бундай қилмади. Инсоний ғурур ва ўз эътиқодига садоқат бунга йўл қўймади…” (Мақоланинг умумий кўриниши) ва (Салай Мадаминов ўз қўли билан менинг асарим саҳифасига ва саҳифа ортига ёзган, кейин газетага чиқарган қўшимча). Салай Мадаминовнинг бу иши менга Каримовни эслатди. У ҳам сопини ўзидан чиқармоқчи бўлдими? Мен энди партиядан чиқишимни эълон қилсам, у мени бебурдликда аблайди, инсоний ғурур ва ўз эътиқоди йўқ дейди. Кеча бундай деб ёзиб, эртасига аксини қилди дейди. Шундай бўлди ҳам. У мени айблади. Лекин бир кун келиб ҳақиқат барибир ўртага чиқишини ўшанда ё ўйламаганди ёки Каримов каби ҳақиқатни мен яратаман деб билган. Ҳужжатларни сурат ҳолатида Фотоалбомда кўришингиз мумкин׃ 1.Мақоланинг умумий кўриниши 2.Салай Мадаминов ўз қўли билан менинг асарим саҳифасига ёзган илова 3.Салай Мадаминов ўз қўли билан саҳифа ортига ёзган қўшимча 4. Бу қўшимчнинг газетадаги кўриниши.
|