Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.47.48
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 34
    Гостей: 34
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Май » 9 » ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Каримовнинг кашфиётлари-46
    17.39.01
    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Каримовнинг кашфиётлари-46
    ОЛҚИШ ОЛИШ

    Залдагилар Умида Ниёзова ҳақидаги ҳукмни эшитиб, қарсак чалиб юбордилар. (Хабарлар оқимидан).

    1991 йилнинг 31 Август куни Ислом Каримов Олий Кенгаш сессиясида Мустақиллик куни ҳақидаги қонун лойиҳасини ўқиганда ҳеч ким қарсак чалмади. Одамлар ҳайрон эди. Чунки 1990 йилнинг Июн ойида Мустақиллик декларацияси қабул қилингандаги гаплар қаерда қолди? “Мустақилликни талаб қилиш-орқадан урилган пичоқ” дейилгани нима бўлди? Бу каби саволлар депутатларни хаёлга ботирган ва шунинг учун улар қарасак чалмаган, Каримовни олқишламагандилар. Шунда Каримов׃

    -Нега қарсак чалмайсизлар, қарсакни ҳам, олқишни ҳам сўраб оламиз-ми?-деганини бутун Ўзбекистон аҳли ҳалига қадар эслайди.

    Шундан кейин депутатларни оламшумул ҳужжатга нисбатан лоқайдликда айблашди. Бу борада мақолалар, ҳатто китоб ёзилди…

    Чунки Каримов гулдурос қарсаклар билан ёғиладиган олқиш даврининг фарзанди эди. Унинг даврида партия анжуманлари ўтадиган залнинг ҳар бурчига махсус тайёрланган одамлар қўйилар ва улар тез-тез қарсак чалишни бошлаб туришарди.

    1991 йил Август сессиясидан кейин Каримов шундай одамларни Олий Кенгаш сессияларида ҳам ишга туширди.

    Кейин у вилоятларга бориб, маҳаллий сессияларда қатнашса, эшикдан кириши билан қарасак чалинадиган бўлди.

    Аслида қарсак, олқишни артистлар севишади. Каримов ҳам сиёсатда катта артист бўлгани учун ҳаётини қарсаксиз, олқишларсиз тасаввур эта олмайди. Қаерга борса, қаерда гапирса ўша ерда гулдурос қарсаклар чалина бошланди. Бу ҳам камлик қилди. Энди у одамларга ҳатто сиртдан, унинг номи айтилиши билан қарсак чалишни ҳам ўргата бошлади.

    Бир талабадан эшитганим мана бу воқеа вазият қай даражага етганини кўрсатади.

    “Олийгоҳга комиссия келган экан. Биз шу куни имтиҳон топшираётган эдик. Комиссия аъзолари корридорда деканимиз билан гаплашиб туришганди. Домламиз дарҳол эшикни катта очиб қўйди ва мендан׃

    -Хўп, қайси китоблардан фойдаландингиз?-деб сўради.

    Мен айтавердим, у “яна, яна” деб сўрайверди. Бирдан ёдимга Ислом Каримовнинг китоблари тушди. Ўқимаган бўлсам ҳам баъзи жойларини қарагандим. Унинг номини айтишим билан домлам қарсак чалиб, эшик томонга қараб юрди. Корридорда турган комиссия аъзолари ёнимизга келишди ва домламдан унинг қарсак чалиб тургани ҳақида сўраб қолишди.

    -Бу йигит ҳурматли юртбошимиз Ислом ота Каримовнинг ҳамма асарларини тўла ўқиб чиқибди,-деди у мени кўрсатиб.-Ўқиб чиқибдигина эмас, уқиб ҳам олибди!

    Мен ҳам қўрқиб, ҳам уялиб бошимни эгиб олдим. Меҳмонлар эса, домламга қўшилиб қарсак чалдилар. Улар мени олқишламоқдалар деб ўйлсам, улардан бири׃

    -Ҳа, ҳурматли Ислом отамиз ҳар қандай олқишга лойиқ. Кўз нурларини аямай мана шу ёшларга деб бу китобларни ёзганлар,-деди.-Биз зотан бу китобларни ёшлар қандай ўрганаётгани билан қизиқмоқдамиз.

    Бошқа бири эса елкамга бир-икки уриб қўйиб, қаердан эканлигим, ота-онам ҳақида сўради ва менга Ислом Каримов номидан миннатдорчилик мактуби келажагини айтди. Аммо келмади.”

    Каримов олқиш олишнинг жуда кўп йўлларини кашф этди.

    Ҳар йили бир марта маошларни оширади. Ҳамма уни олқишлайди. Ортидан бош вазир нархларни оширади. Падарлаънат!

    Президент фондига бечора халқнинг пули қўйилади. Каримов уни истаган одамига беради. Олқиш унга.

    Вилоят ҳокимлари юқорининг буйруғи билан уруш фахрийларига бериш учун ташкилотлардан халқнинг пулини тортиб олади. Лаънатилар! Каримов фармон чиқариб жуда оз қисмини тарқатади. Олқиш унга.

    Хуллас, бу кашфиёт жуда кенг ёйилди. Энг модага тушгани эса бу - бировни бегуноҳ қамашади. Аблаҳлар! Каримов эса уни ё озод қилади, ёки авф этади. Ҳамма ундан хурсанд, ҳамма уни олқишлаган.

    Инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниёзовани 2007 йил бошида қамашганда ва орадан уч ой ўтиб, Тошкент шаҳридаги Сирғали туман суди уни 7 йилга озодликдан маҳрум этганда бутун дунё оёққа қалқди ва Ниёзовани бегуноҳ деб эълон қилишди. Орадан бир ҳафта ўтиб, жазо алмаштирилди. Ўзбекистонда ҳамма билади, халқаро майдонга тушган мавзуда Каримовдан бошқа ҳеч ким қарор қилолмайди. Каримов аслида Умидани айбли деб топди, ҳатто унинг ўзи ҳам буни тан олган бўлди׃

    “Шуни айтиш керакки, рус тилида олиб борилган судда Умида Ниёзованинг чиқишида халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг Ўзбекистондаги фаолиятини қораловчи, шу орқали Каримов режимини маълум маънадо оқловчи баёнотлар берилгани судда қатнашганларни ҳайрон қолдирди.

    Умида Ниёзова хусусан шуларни гапирди: “Мен 3,5 ой қамоқда ўтириб кўп нарсани ўйладим ва тушуниб етдим. Халқаро ташкилотлар бизда рангли инқилоб тайёрлашмоқда. Мен уларнинг қопқонига тушганга ўхшайман”. У яна суд залида ўтирган Хюман Райтс Вотчнинг Тошкендаги вакили Андреа Бергга қараб: “Сиз бу ерда хато йўналишда иш олиб бормоқдасиз. Мен янглишиб Сизнинг орқангиздан кетдим. Мен ҳамма айбларимни тан оламан ва менга нисбатан ҳукмни юмшатишни суддан сўрайман” деди.(Манба׃ “Ҳаракат”).

    Ноҳақ берилгани айтиб келинаётган жазо юмшатилди ва׃

    “Соат 17.00 ларда аппеляция судининг ҳукмини раис Сенягина ўқиб берди. ЎзР Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, Умида Ниёзовага аввал белгиланган 7 йиллик қамоқ жазосини шартли равишда 7 йиллик жазога ўзгартириш, яъни озодликдан маҳрум қилмаган ҳолда жазолаш, дастлабки 3 йили синов даври эканлиги ҳақидаги суд ҳукмини ўқиб берди. Залдагилар бу ҳукмга нисбатан ўз розиликларини қарсаклар билан билдирдилар”.(“Туронзамин”, Ш.Аҳмаджонов).

    Бу ҳам кам.

    “У.Ниёзова ишини кузатиб келаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ҳам Тошкент шаҳри суди қарорини олқишламоқда… У. Ниёзова ҳамкорлик қилган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича дастури раҳбари Рейчел Денбер׃

    “Шубҳасиз, У.Ниёзова қамоқдан озод бўлганидан жуда хурсандмиз. Унинг озод этилганини олқишлаймиз… (Манба׃”Озодлик”).

    Бугунга келиб қаёққа қараманг Каримовнинг кашфиёти иш бермоқда. Албатта, у энди ўзи яратган катта ёлғонга ўзи ишониб қолган ва бу олқишлардан ҳузур қилмоқда. Балки унинг зулмнинг тахтида ялло қилиб ўтириб, узоқ умр кўраётганининг сири ҳам ана шундадир. Ким билади? Дарвоқе, бу ёғи Худонинг иши.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz