Ўзбекистонда Президентлик сайловларига номзодларни рўйхатга олиш ва бу сиёсий кампания билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш жараёнларига у қадар кўп муддат қолгани йўқ! Лекин хорижда ўзини Лидер санаб юрганлар ҳалигача ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам йўқ нарсага тож умидида КАЛАКА қилиб юрибдилар. Гапим оғир келгани аниқ, аммо Сиз муҳтарам жанобларнинг утопиянгиз биз учун ҳам малоллик қилаяпти. Сабаби: 1. На Абдураҳим Пўлатов, на Салай Мадаминов номзодлари бу масалада қабул қилинмаслиги аниқ! 2. Бу жаноблар учун мамлакат Парламенти ҳеч маҳал Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритмаслигини тентак ҳам билади. 3. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган фирқа ё ҳаракат Президент сайловига номзод кўрсата олмаслиги тайин! ЛЕКИН МУХОЛИФ НОМЗОД ҲАМ КЕРАК ДЕМОКРАТИЯВИЙЛИК УЧУН. Хўш, нима қилиш керак? Хориждаги зоти мубораклар овоз санаб, балки Президентни ўша ёқларда сайлаб олишар ўзларига? Унда биз нима қиламиз, Президентсиз қолиб кетамизми? Инсонлар! Бирингиз катта олим, бирингиз иқтидорли шоир, яна неча йиллардан бери дунё кезиб юрган одамларсиз. Сизга мамлакат тақдири қизиқми ёки циркнамо овозбозлик қилиб юришликми? Қачон бир тўхтамга келасиз? Мен мамлакат ичкарисида мухолифат яратиш мавзусидаги мақолаларимда бундан икки ой аввал ўз мулоҳазаларимни баён қилгандим. Икки ой ичида энг зарур масала қолиб, йўқ нарсага овоз йиғиб, ёқа бўғишдингиз. Камига мени ва мамлакат ичидаги мустақил фикрли одамларни маломат этиб, мағзавали матнларни эълон қилдингиз. Хўш, буёғига ҳам шу “қатъият”да давом этмоқчимиз? Қўйинг утопияни, озгина реал бўлинг! Бугунги кунда мамлакатда президентликка даъво қилаётган шахсларни бир кўринг. Наҳотки, Ўзбекистон шу даражада ночорлашиб қолган? Сиз-ўзини буюк ақл соҳиби ҳисоблаб юрган жаноблар наҳотки вужудингизга қўшилишиб руҳиятингиз, онгингиз ҳам мамлакатдан узилишиб кетган? Агар шундай бўлса, нимани даъво қиласизу нимага эришасиз? Бугунги кунда мамлакат ичида Президентликка номзодини қўйиши мумкин бўлган одамлар-дан бири-Васила ИНОЯТОВА! Аммо бунинг учун тўсиқ бор ва бу тўсиқ ичкарида эмас, балки ташқарида! Бу-Абдураҳим Пўлатовнинг розилиги! Чунки Васила ИНОЯТОВА айни чоғда хориждаги “Бирлик”нинг бош котиби ҳам ҳисобланади. Тамойилга кўра ҳаракат раиси розилиги бўлмаса, бош котиб сиёсий жараёнда ўз номзодини қўя олмайди! Васила ИНОЯТОВА, билишимизча, ўз номзоди тавсия этилишига унчалик хайрихоҳ ҳам эмас. Ва бунинг сабаби асосан хориждаги Лидерларнинг ягона тўхтамга кела олмаслиги билан боғлиқ кўринади. Тўғриси, номзод кўрсатилиши бу-Президент бўлишлик дегани эмас. Аммо Президентликка сайловлар нечоғлик демократиявий мезонда ўтказилиши айнан кимнинг номзоди кўрсатилишига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Ҳозирда бу борада даъвогарлик “ташаббуси”да юрганларни халқ танимайди. Улар ўз номзодини ўзи кўрсатиб, ўзи маъқуллаб келаётган ва бу ишончга лойиқ ё лойиқ эмаслиги мавҳум шахслар, холос. Сизларнинг айни чоғда ҳақиқий номзодни мамлакат ташқарисидангина кўрсатишга қаратилган ҳаракатларингиз соғлом фикрли зиёлининг иши эмас. Буни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз, аммо тан олишни истамаётганингиз икки карра носоғлом фикрлилик белгисидир. Ушбуни қандай қабул қиласиз, қай шаклда муносабат билдирасиз, ихтиёр ўзингизда. Лекин олдинда сайлов, ундан кейин ЕТТИ ЙИЛЛИК беқиёс ваколат муддати! Оғир ботса-да айтиб қўяй, хилхонаси Ватанда бўлишини истаган одам унинг ғамини тириклигида ейди. Бундай ташвишдан ўзини холи санаган кимсага эса, Эронликларда бир нақл бор: “ҚОРНИ КАБОБГА ТЎЙГАН ЖОЙ ВАТАН ҲИСОБЛАНАДИ!” Дилмурод САЙЙИД, Ўзбекистон, Тошкент.
|