Ризобек Вторник, 2025-07-29, 22.31.34
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Май » 17 » Nuqtai nazar:ЖИРКАНЧЛАР ЯНА ҚУТИРДИ…
    20.58.15
    Nuqtai nazar:ЖИРКАНЧЛАР ЯНА ҚУТИРДИ…
    Жалолиддин, Тошкент

    16 май куни “ЦентрАзия.ру” аталмиш ахлатхонада жуда ҳам хунук маълумот тарқатилди. Унга кўра, гўё шу кунларда руҳий шифохонада мажбурий муолажа олаётган журналист Жамшид Каримов ҳаётдан кўз юмган. Албатта, ҳар бир журналист учун, бўлиб ҳам Жамшид билан таниш бўлган инсонлар учун бу хабар ниҳоятда ташвишли бўлди, шу жумладан каминага ҳам.

    Узоқ уринишдан сўнг мен Жамшиднинг онасига телефон орқали боғландим. Минг бир андиша билан (ахир ўғлингиз ўлгани бор гапми, деб сўраш осон эмас…) Жамшидни йўқлаб телефон қилаётганимни айтдим. Онаизор бир дақиқа сукутга чўмди-да, ҳўнграб юборди. Онанинг кўз ёшини тўктиришдан оғирроқ гуноҳ борми?! Инсон зоти нақадар иймонсиз, нақадар жирканч бўлиши керакки бунга журъат этса…

    Онаизор тўйиб йиғлаб олгунича кутдим, бир оғиз сўз айтмай жим турдим. Сўнгра у қуйидаги сўзларни айтди, “Ёшим аллақаерга бориб қолган, бугун бораман эртага йўқ. Боламни кўрмай ўтиб кетаманми, деган алам ҳар куни дилимни тирнайди. Ахир у кимга нима зиён етказди? Касалхонага тиқиб қўйишгани етмай ҳар ҳил гаплар тарқатишади, юракларимда жон қолмади, болам!”, онаизор яна йиғлашга тушди. Бу сафар менинг кўзларим ҳам ёшга тўлди…

    “Кеча Ҳурмат деган телефон қилди, кейин Галима деган қиз, яна аллакимлар, бу қадар андишасиз, бу қадар сурбет одамлар ҳам бор эканда а? Ахир бу онаку дейишмайди, уларнинг қўнғироғидан сўнг ўзимга келолмай ётдим, шу инсонларнинг ҳам оналари бормикан?!”. Ортиқ чидай олмадим ва онаизорни юпатишга киришдим. Англадимки, Жамшид тирик! “Онажон йиғламанг, насиб қилса ҳаммаси яхши бўлади, соғайиб кетасиз, Жамшид ҳам қайтади, кўрмагандай бўлиб кетасиз, йиғламанг!!!”.

    Шу гапларни айтишга айтаябману, ўзим ҳам кўз ёшларни тўхтата олмайман, денг. Жамшид тирик эканлиги, бундан ҳурсанд бўлганим учунгина эмас, онанинг кўз ёш тўкишидан юрагим увушиб йиғлардим. Ахир, она йиғлаяпти, ОНА! Унинг фарзанди истаган инсон бўлиши мумкин, ҳатто боринг ана уччига чиққан каллакесар ҳам бўлиши мумкин, аммо ОНА барибир ОНА, у барибир муқаддас ЗОТ. Ким ундай эмас дея олади, ким? Ахир пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам ҳам, бирор саҳобанинг онаси муқаддас жиҳодга чиқишига қарши бўлса, “Онангнинг айтганини қил” деганлар, “қўй ундай онани” демаганлар-ку! Бу, ОНАнинг нақадар муқаддас ЗОТ эканлигининг исботи эмасми?!

    “Аслида ана шу Ҳурматлар боламнинг бошига етди, неча бор айтдим, ёлвордим, барибир бидирлашгани бидирлашган, топволишгани менинг ўғлим. Озодликдагилар боламни шу кунларга солишди, гапиравериб, гапиравериб…”, деб йиғлашда давом этарди онаизор. “Кеча яна уялмай телефон қилибди, бир муштипар кампирга озор бериб нима топишади?”…

    Қизиқ замонлар келдида. Одамийлик деган муқаддас хислатлардан воз кечвордик, инсоний муомала деганларинию аллақачон манфаат юзасидан унутиб юборганмиз. Мана энди ҳатто ҳеч иккиланмасдан фарзандингиз ўлгани ростми, деб онадан сўраябмиз, бу билан унинг юрагига найза санчаётганимиздан хижолат ҳам бўлмаймиз. Аслида маълумотга ойдинлик киритишнинг миллион усуллари бор, айниқса ўша онаизор айтмоқчи Ҳурматлар учун. Ахир радионинг мухбири Ўзбекистон телевидениесида бемалол чиқиш қилаётган бўлса, махсус эшиттиришлар тайёрлаётган бўлса, нега шартта ўша руҳий касалликлар шифохонасига боғланиб қўяқолмади экан а? Телевидениега йўл очиғу, касалхонага ёпиқми?

    Жирканч шу қадар авж олдики, ҳатто бутун бошли бир халқ, етмишдан ошиб қолган она, миллат сариқ чақага олинмай қолди. Бири андижонликларнинг ярасига туз сепса, Чагаев газ учун қарзни тўлаб қўйди, деб алдаб. Бошқаси онаизорни қақшатса, нима деб ўйлайсиз, ростдан ўлдимикан, деб. Тавба.

    Эътибор беринг, бирор жойда соф маълумот йўқ, бирорта жуфтакни ростлаган журналист маълумотни ойдинлаштириб олиш устида бош қотирмайди, радиодан янграётган абсурдларни айтмайсизми, нима бўлаяпти ўзи? Ўзбекистонда қолиб, аллақандай бемаза номларга кўмиб ташланганига қарамай нимадир қилаётган журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, кузатувчилар ҳар сафар ҳўв радио орқали ёки номлари улуғ сайтлар орқали тарқатилган навбатдаги маълумотдан бош ушлаймиз. Баъзан куласан, баъзан йиғлайсан бундай кўргуликлар ҳам бормиди, деб.

    “Жамшидни ҳатто ўша ерда даволаётган дўхтири ҳам мақтайди, ўғлингиз яхши, одобли, дейди. Менинг болам ёмон бўлиши мумкин эмас, уни ўша журналистлар ёмон отлиқ қилишаяпти, ўшалар унинг тинч ҳаётини бузишаяпти, жиянимуш, жиянимуш, деб. Нима бўлибди ахир!”, зорланишда давом этарди онаизор…

    Онаизорни бир амаллаб юпатдим, мутлақо бошқа мавзуда гаплашиб кўнглини кўтаргандай бўлдим. Аслида кўтардимми йўқми билмайман, ҳозир мана шу мақолани ёзар чоғи ўзимни ва сизларни шундай, юпатдим деб алдаяпман-ов. Ахир онани менинг сўзларим юпатармиди, не-не йиғлатгувчи сўзлар олдида менинг бу урунишларим ҳеч нарса эмаску. Аммо бир тадбир онаизорга сал бўлсада далда бўлиши мумкин. Мен бугун ҳаммангизни шу тадбирни қўллашга чақираман.

    Мана бу +998-3722-223052 телефон рақами онаизорнинг телефони. Маслаҳатим, майли Жамшид учун бўлмасин, майли каминанинг ҳурматидан ҳам бўлмасин, шунчаки ОНА учун, жамики ОНАлар учун илтимос, шу рақамга қўнғироқ қилиб, онанинг кўнглини кўтаринг. Шунчаки салом алик қилиб кўнгил сўраш ҳам аслида миллат учун қайғуриш ҳисобланади, жаноб МУХОЛИФАТ аъзолари. Миллат ҳам ана шундай битта инсондан бошланади, билсангиз. Оналар эса миллатнинг қалби ҳисобланади, миллатнинг қуввати эса оталар.

    Қўшилинг акцияга, мақолани ўқиб бўлганингиз захоти ёки мақоланинг шу жойига етганингиз захоти телефон гўшагини қўлингизга олинг! Бу акциямиз жамики ЖИРКАНЧ ва СУРБЕТларга қарши бизнинг инсонийлик акциямиз бўлсин! Фақат бир шингил ширин гап айтиб, онаизорнинг кўнглини кўтарайлик. Ҳар қандай кураш аслида ана шундай бир-биримизни маънавий ва инсоний қўллаб қувватлашдан бошланади. Бугун битта учун қайғуришни эплай олсак, эртага минг учун миллион учун ҳам қайғуришни ўрганамиз, қуруқ гап чайнамай, аниқ ҳаракатга ўтамиз…

    Акцияга қўшилинг, ахир бу учун сизни уришмайди, қамашмайди ва ниҳоят таъқиб ҳам қилишмайди.
    Manba:''TURONZAMIN".

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz