ФАРМОН -Эшитдингми, Алдаркўса энди оила қурган ёшларга қулай шароитлар қилиб бериш ҳақида Фармон чиқарибди! -Унинг қизлари ажралишган эди-ку! Яна қайтадан оила қуришибди-ми? Тавба қилдим, уларга яна қандай шароит керак экан? МУҲИМ -Чет элларга бориб ишлаётганларни рўйхатга олишни буюрибсиз-ми?-деди қизи Алдаркўсага. -Кўз қулоқ бўлмасак бўлмайди. Қаерга боришмоқда? Ким билан учрашишмоқда? -Бундан қўрқмасангиз ҳам бўлади, асосан ўзимиз томондаги юртларга боришмоқда. -Ҳеч бўлмаса билишим керакми, қанча пул топишмоқда? -Бу муҳим масала! Албатта билишимиз керак! МАЖБУРИЯТ Оролбўйида айланавериб, ҳориб қолган хотини׃ -Жаслиқ ҳали узоқдами?-деб сўради Алдаркўсадан. -Ҳа, боргинг келаяптими? - Йўқ, лекин сиз борсангиз мен ҳам боришга мажбурман! ОРОЛБЎЙИДА Алдаркўса орол бўйига борди. У ёқ-бу ёққа бориб, махсус кийимлар кийгизиб қўйилган одамлар билан гаплашди. Кейин қайтаётганда ёнидаги ғуломига юзланди׃ -Улар ўзи қанақа одам эди? Ҳаммасининг тумшуғи осилган. На кулишни билишади, на қарсак чалишни? Уларни мабодо Жаслиқдан келтириб қўйишмаганмиди? -У томонини билмайману лекин уларни Жаслиққа олиб кетишганини кўрдим,-деди ғулом. ҚУТУЛИШ -Авропаликлар қўйган талаблардан бири жиянингиз ҳақида, уни жиннихонадан чиқаришни сўрашмоқда,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага. -Уф, шу жияним ўлмади, мен қутулмадим! -Қачон қутулишни истайсиз? Бугунми ё эртагами? -Нима уни ўлдирмоқчимисан? Ўлим бу энг осон қутулишдир! -Тақсир биз ва умуман бутун халқимиз учун унинг қутулиши эмас, сизнинг қутулишингиз муҳим! ДАРВОЗА -Биттаси “Авропа Иттифоқи жазо чораларини ўз кучида қолдирди” деб ёзибди. Яна биттаси “Бу катта ғалаба” деб жар солмоқда. Бошқа биттаси “Жазо чоралари қисқартирилган ҳолда узайтирилди, бу аслида ён босиш” деган. Қайси бирига ишониш керак? Ким ютди-ю ким ютқазди?-деб сўради хотини Алдаркўсадан. -Аканг қарағай ютди-да,- деди Алдаркўса.- Улар фақат жазони камайтиришди. Мен эса қамоқдагиларнинг биттасига жазони камайтирдим, иккинчисига қўшдим. Демак, голни мен урдим! -Ўз дарвозангизга-я? ХАЛҚ ФАРЗАНДИ -Дадаси, тириклигингизда ўзингиз ёзиб беринг, қабр тошингизда қандай битик бўлишини истайсиз! -Халқ фарзанди, деб ёзишсин,-деди Алдаркўса. Хотини ажабланган оҳангда деди. -Мухолифларингиз айтганда жаҳлингиз чиққан эди, ростдан ҳам отангиз ким бўлганини билмайсизми? ВАЪДА -Уруш ветеранларига жуда кўп нарсани ваъда қилиб юбордингиз. Эртага талаб қилиб келишса, нима қиласиз?- дея сўради хотини Алдаркўсадан. -Уруш қачон бўлган? -Олтмиш йилча олдин… -Ўшанда 20 ёшда бўлса, бугун нечага киради? -Саксонга! -Айт-чи, саксонга кирган қайси одамнинг қулоғи эшитади! КЕЛАЖАК -Дадаси ҳаётнинг буёғи қандай бўлади?-деди хотини Алдаркўсага. -Ҳа, хотин-а, тилни ҳам билмайсан, қандай эмас, қантдай бўлади! -Худога шукур ширин ҳаёт ваъда қилаяпсиз, одамлар бир яйраб қолишар экан-да! -Бўлмаса-чи, истагани олдида, истамагани ортида бўлади, роса яйрашади, дунё кенг! ДЕМОКРАТИЯ -Интернетда ёзишларича, ҳамма ёқда норозилик намойишлари бўлмоқда экан, бирор бир чора кўрасизми?-дея сўради хотини Алдаркўсадан. -Мен уларга демократия беришни ваъда қилгандим, мана сўзимнинг устидан чиқдим, унга эришдилар, қўй, хуморларидан чиқишсин! ИШ -Нега бугун ишга чиқмай уйда ётиб олдингиз?-деб сўради Алдаркўсадан хотини. -Бугун уйдан чиқмасдан ўтиринглар, деб айтишибди-ку! -Ундай бўлса бошқалар ҳам чиқмас экан-да! -Бошқалар… Чиқмаганини умуман чиқмайдиган қилиб қўяман! -Қандай қилиб? -Улар уйда ўтирадиган бўлса, мен ишга чиқаман! ФАКТ Хитой қизлар Алдаркўсанинг елкасини уқалар эканлар, у маслаҳатчисига Интернетдаги янги гапларни ўқиб туришни буюрди. Маслаҳатчи аксарият сайтларда Алдаркўсанинг бундан бир неча кун олдин айтганларидан парчалар келтиришганини кўрди ва бошлиғига ёқиш учун унинг ўз гапларини ўқий бошлади׃ -Мана орадан икки йил ўтиб бутун дунё ҳақиқатни, бор гапни билиб олди, айтайлик, масала нимадалигини тушунди, айб кимдалигини англаб етди. Ким жинотчи ва ким террорист эканлигини бугун энди ҳамма билди. Бу энди факт! -Йўғ-е?! Қандай билиб қолишди?!- Алдаркўса важоҳат билан ўрнидан туриб, компютер томонга югурди. ЖАҲОНГИР МУҲАММАД.
|