Ризобек Пятница, 2025-06-20, 15.42.47
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Май » 20 » Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-47.ХАЛҚНИ КЎЗИГА ҚАРАБ ТУРИБ АЛДАШ
    10.56.11
    Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-47.ХАЛҚНИ КЎЗИГА ҚАРАБ ТУРИБ АЛДАШ
    Агар одамларга уларнинг ўз тилида-содда қилиб гапирсанг биттаси бўлмаса, биттаси тушунади. (Ислом Каримов).

    1991 йилнинг Октябр сессиясидан кейин Каримов беш-олти депутатни таклиф қилди. Аввалига исмини айтмасдан Ш.Мирсаидов ҳақида шикоят қилди. Ҳокимиятнинг ҳамма тизимларида унинг одамлари илдиз отгани ва шунинг учун ҳеч нарса қилиб бўлмаётганини айтди. Бунга ишонмадик. Чунки Каримов аллақачон Мирсаидовнинг одамларини деярли четлаштириб бўлганди. У бизнинг ишонмаганимизни сезди ёки олдиндан режалаган эканми, бирдан гапни бошқа томонга бурди.
    -Мен ҳам одамман. Қийинчилик нималигини кўриб ўсган одамман. Талабалик йилларимда пулга зор бўлган пайтларим Бешёғочдаги теппаликка чиқиб, йиғлаб ўтирган пайтларим бўлган. Одамлар Сангзорга бориб ош қилишганини кўрганимда мен ҳам шундай кунларда етаманми деб эзилардим. Ҳалигача шу орзуимга етмадим. Иш-иш… қўлим тегмайди. Мана энди умуман вақтим йўқ. Аммо юрагимни бир чеккасида ўша орзу турибди…
    Каримов шундай деб бир зум хаёлга толди. Унинг гап оҳанги тобора маҳзунлашиб қолганди. Кўзлари ҳам ғамга ботган, чарчаган одамнинг кўринишида эди. У бошини эгиб туриб, кейин чуқур уҳ тортиб, сўзини давом эттирди.
    -Жуда кўп одамга яхшилик қилдим. Лекин ҳаммаси юзимга тупуриб кетди. Мана 7-сессияда кўрдингизлар, битта Муҳаммаджондан (У Салай Мадаминовни шундай деб атарди-ЖМ) бошқа бир киши ҳам чиқиб, мени ҳимоя қилмади. Хоинлар! Ахир ҳаммасига мансаб бердим, машина бердим, уй-жой бердим… Лекин билишмади. Кўзим очилди. Аммо бир неча кундан бери ухлай олмайман, юрагим оғрийди… Бир куни Қозоғистонда эдим, эшитсам онам ўлибди. Самарқандга бордим. Кечикибман. Шоҳизинда мозорининг кирадиган жойига, оёқ остига кўмишибди, аблаҳлар, шайтонбаччалар! Ўшанда ҳам йиғлаганман. Қанчасига яхшилик қилган эдим…
    Каримов ҳали у томондан, ҳали бу томондан “дард”ли гапларни олиб келиб бир-бирига боғлар экан, бирдан кўзидан дувиллаб ёш оқди. Росманасига йиғлади.
    -Мана сиз мени онангни деб сўкдингиз, мен бир нарса дедим-ми?
    У ҳиққиллаганча менга юзланди. Мен онангни деб сўкмаганимни айтмоқчи эдим, у дарҳол гапни бошқа томонга бурди׃
    -Мана сиз мени бу халқни онасини сўкди деб айтдингиз. Наҳотки мен халқни сўка олсам. Менга ош берган, нон берган, туз берган шу халқни сўка оламан-ми?
    Мен “Сўкканингизда бир қанча одамлар бор эди” демоқчи бўлдим, аммо унинг йиғлаётганини кўриб, ҳеч нарса дея олмадим. У худди дилимдагини уқиб олдими ёки сўккани ёдига тушдими׃
    -Ўша куни шундай гап оғзимдан чиқиб кетди. Лекин юрагимдан чиққан эмас. Мен бу халққа ёмонлик қилсам кўзим кўр бўлади, буни биламан!-деди.
    У кейин яна гапни бошқа томонларга бурди. Оиласидаги муҳит, президент девонидаги хоинликлар, атрофни мафия эгаллаб олгани, Москва уни ейман деб тургани каби мавзуларда гапирди. Ўшанда буни табиий деб қабул қилгандим. Чунки инсон қийин вазиятга тушиб, ҳатто эзилганидан йиғласа, уни эзган воқеалар кўз олдидан ўтаверади деб ўйлагандим.
    Ўша куни Каримов ҳузуридан чиқиб кетар эканмиз қулоқларим остида унинг׃
    -Агар одамларга уларнинг ўз тилида-содда қилиб гапирсанг биттаси бўлмаса, биттаси тушунади. Мана сизлар ҳам ҳали бир кун келиб, мени тушунасизлар,-деган гаплари айланарди.
    Мен уйга келгунча изтироб қуршовида қолдим. Биз ёшмиз. Сиёсий тажрибамиз йўқ. Бир мамлакатни бошқариш даражасига қадар чиққан одамни йиғлатдик, деб ўйладим. Ёдимга ҳазрат Навоий тилидан ўша пайтда бот-бот айтиладиган “Каъбага ўт қўй, Қуръонни куйдиру лекин бировнинг кўнглига озор берма” деган гап келаверди. Каримовни йиғлаш даражасига қадар таҳқирлабмиз деб ўйладим. Ўшанда илк бор юрак безовта қилиши нима эканлигини сезганман ва ҳаётимда илк бор ўшанада “Валеринка” деган дорининг 15 томчисини сувга қўшиб ичганман.
    Лекин қисқа вақтдан кейин Каримов яна эски ҳолига қайтгани, аслида ҳеч қандай ўзгармаганини кўрдим. Шоир Шукрулло билан телевидениедаги бир суҳбатимизда Каримовнинг йиғлаганини йўлини қилиб, халққа айтган эдим. Кейин эса яна бир-икки юқоридаги каби суҳбатлардан сўнг унинг ролга жуда усталик билан киришиб кетиши ва керак бўлса, йиғлаб юбораверишига бутунлай ишонч ҳосил қилдим.
    Бир кун Самарқандга борганимда йўлим Шоҳизинда қабристонига тушди. Каримовнинг гапини эсладим. Ёнимдаги шеригим билан айланиб, Санобар опанинг қабрини топдик. Шаҳарнинг энг кўркам жойида, Шоҳизинданинг унча-бунча одамга насиб қилмайдиган жойида экан қабр. Билмаган одам Каримов айтган гапга ишонаверади-да.
    Кейин яна эшитдим, ҳақиқатдан ҳам отаси ва онаси оламдан ўтганда, у Қозоғистонда яшар экан, телефон қилишса, уйдан ҳайдаб юборишгани учун аразлаб келмаган экан.Кейин у Олий Кенгашда кўпчиликнинг олдида «Бу халқнинг онасини …” дея очиқ сўкканди.
    Мен эса уни онангни деб сўкканим йўқ, ”Бу юртни онангиз яратмаган” деганман. Сессияларда уни шу руҳда жуда кўп маротаба танқид қилганман, лекин ҳеч қочон маданият доирасидан чиқиб, онангни деб сўкканим йўқ. Нима қилайки, у кўзингизга қараб туриб, ёлғонни чин қилиб гапираверадиган одам экан.
    Буни ўтган 17 йилда жуда кўп кўрдик. У қайта ва қайта алдаб келмоқда.
    Мана яқиндагиси, у шундай деди׃
    “Вақт қанчалик адолатли ҳакам десак, мана икки йил ўтиб ҳаммаси жой-жойига тушаяпти. Ўзлари тушунаяптики, бу ҳаммаси уйдирма экан…
    Қандайдир йирик-йирик катта кучга эга бўлган давлатлар нимани хоҳлайди - дунёнинг ҳув чеккасида бўлган халқ ҳам, мамлакат ҳам унга бўйсуниши керак, унинг сиёсатини олиб бориши керак. Агар шуни қилмаса, нима бўлади?… Бугун жуда тарқалиб кетаётган айбларни олдига қўяди.
    Нима эмиш - сан демократияга қаршисан, сан инсон ҳуқуқини ҳимояламайсан…сан ундай… журналистларга йўл қўймайсан, сан ундай, сан бундай ва ҳоказо…
    Мана Андижон воқеаларини олинг, қанча-қанча уйдирмалар, қанча-қанча ёлғон. Қанча-қанча бизга нисбатан ҳақоратлар бўлмади…
    Бундан мақсад рангли инқилоб…ҳукуматни ағдариш, одамларни нотинч қолдириш, бир-бирига қарама-қарши қўйиш, керак бўлса динни ҳам ҳақорат қилиш…”(Би-би-си).
    Бу гапларни эшитиб, унинг ўз сўзларидан савол ясаб׃
    -Ҳа, “сан демократияга қарши” эмасмисан? Унда демократларни ким қатағон қилди?
    -“Сан инсон ҳуқуқини ҳимояла”йдиган бўлиб қолдингми? Унда ким поймол қилмоқда?
    -“Журналистларга йўл” бермоқдамисан? Қани ўша йўл?
    - “Андижон воқеаларини олинг, қанча-қанча уйдирмалар, қанча-қанча ёлғон” экан ҳақиқатни ким беркитди?
    - “Қанча-қанча бизга нисбатан ҳақоратлар бўлмади” экан Ўзбек матбуотида уларни ҳақоратлаган ким?
    -Қачондан бошлаб сиз динни ҳимоя қиладиган бўлиб қолдингиз? Ахир дин оёқ остига олиндику?-дея савол берадиган одам бўлмайди. Ҳатто шундай савол бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Чунки у бу гапларни Хотира куни (2007 йил, 9-Май), ўлганларни эслаб туриб айтди.
    Бундай пайтда гапда ёлғон бўлмайди деган ақидага боғланиб қолганмиз. Худонинг номи айтилганда ёлғон аралашмайди деб ишониб қолганмиз. Каримов эса буни кашфиётга айлантирган׃ одамнинг нозик туйғуларини қўзғаб қўйиб, кейин кўзига лўқ қараб, ёлғонни отавериш!
    Бугун қаёққа қараманг, бу кашфиёт “гуркираб” кетаётганини кўрасиз.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz