Шу йил 14 майда Европа Иттифоқининг энг юксак ижроия органи Ўзбекистонга қарши Андижондаги хунрезлик туфайли киритилган санкцияларни бир қисмини бир йилга, бошқа қисмини, озгина юмшатиб 6 ойга узайтирди. Баъзи мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу қарорни олқишладилар. Аммо, масала улар ўйлаётганидан мураккаброқдир. Маълумки, санкциялар 1,5 йилдан бери жорийда эди. Улар Ўзбекистон ҳукуматини Андижон воқеаларига очиқлик киритувчи қадамлар қилишга ва бир оз бўлса ҳам демократия тарафига бурилишга хизмат қилдими? Йўқ, Келажакада улардан бирон натижа кутиш мумкинми? Кўринишидан - йўқ. Демак, санкциялар амалий натижага эришиш нуқтаи назаридан мутлақо фойдасиз бўлди. Тўғри, Европа Иттифоқи ўзининг демократик принципларига содиқ эканлиги ва Ўзбекистоннинг бугунги режими Ғарб дунёси тарафидан маданий бир ҳукумат сифатида тан олинмаслигини, демак, уни тенг ҳуқуқли партнер сифатида қабул қилмаслигини намойиш қилди. Бироқ Каримов ҳукумати маданийликнка даъво ҳам қилаётгани йўқ, шундай экан, бу нуқтаи назардан ҳам санкцияларнинг самараси сал кам йўқ каби. Аслида, ЕИнинг 14 май қарори ўзбек демократик мухолифатига аниқ бир сигнал берди: Ўзбекистон режими Ғарбнинг босими остида ҳам ҳеч бир шаклда демократик ислоҳотлар қилмоқчи эмас, ЕИ буни тушуниб етгани сабабли, Ўзбекистонга қарши санкцияларни узатишдан бошқа чора тополмади. “Бирлик” Партияси воқеаларнинг шу йўналишда кетишига тайёр эди. Биз бундан ҳам аввал айтгандик: Демократик ўзгаришларни биз ўзимиз қилишимиз керак. Ғарбнинг ёрдами биз учун жуда муҳим, аммо, у ёрдам халос. Асосий вазифаларни ўзимиз бажарамиз. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, “Бирлик” Партияси урғуни аввал бўлгани каби юрт ичкарисидаги фаолиятига беради. Бу йил Ўзбекистонда президент сайлови бўлади. Юрт ичида бу кунда “Бирлик”дан бошқа фаолият олиб бораётган мухолифат гуруҳлари бўлмагани сабабли, бу сайловда қатнашиш учун ҳаракат қиладиган ҳам фақат биз бўламиз. Шу кунларда президент сайловида иштирок этиш учун тайёргарликларимиз давом этмоқда. Юқорида айтганимдек, бизга Ғарбнинг ёрдами керак. Биз буни доим айтиб келганмиз. Хусусан, “Бирлик”нинг Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан эълон қилган 2006 йил 12 май баёнотида ва 2006 йил 6 ноябрдаги Европа Иттифоқига мурожаатида Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказиш билан биргаликда мамлакатимиздаги про-демократик кучларга ёрдам бериш муҳимлиги алоҳида таъкидланган. Аммо, шу пайтгача Ғарб тарафидан бизнинг бу чақириқларимизга адекват жавоб бўлмагани реаллик эканлигини тан олиш керак. Шундай шароитда “Бирлик” Партияси Европа Иттифоқи ва АҚШнинг тегишли доиралари билан мулоқатларида уларнинг диққат-эътиборини сиёсий мухолифатнинг аҳволига жалб этиш билан биринчи навбатда шуғулланади. Шу кунгача Ғарб Ўзбекистонда инсон ҳуқулари масаласига асосий эътиборини қаратмоқда. Биз уларга тушунтиришмиз керакки, сиёсий мухолифат оёққа туролмас экан, инсон ҳуқуқлари масаласида ўзгариш бўлмайди. Биз Ғарб мамлакатлари вакиллари билан учрашувларда ўз истак ва талабларимизни тўғри ифодалай билишимиз катта аҳамиятга эга. Ҳозирча бизнинг истак ва талабларимиз жуда умумий шаклда бўмоқда. Уларни конкретлаштириш ва конкрет таклифлар билан чиқиш жуда муҳимдир. Ҳозир биз ҳамма ерда мухолифат партияларининг Ўзбекистон ҳукумати тарафидан тан олиниши ва уларнинг бу йилги президент сайловида иштироки масаласини биринчи планга олиб чиқишимиз шарт. Ғарб давлатларибу масалани расмий доираларда кўтарсалар, бу - Ўзбекистон ҳукуматига психолигик босим, мухолифат учун эса жиддий маънавий дастак бўларди. "Бирлик" ва унинг ҳамкорлари бу йўналишда конкрет ишлар бошлаб юборишган. Вакилларимиз Европа Иттифоқи ва бу йил Европа Иттифоқига раҳбарлик қиладиган Германия давлатининг ижроия органлари билан айтилган масала бўйича иш олиб бормоқдалар. Агар бошқа мухолифат партиялари ва гуруҳлари бу масалага фақат ўз манфаатлари эмас, мамлакат ва миллат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндошсалар ва бугун биринчи навбатда “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласини ҳамма ерда кўтарсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, бу партия рўйхатдан ўтиш жараёнини бошқаларга нисбатан илгарироқ нуқтага олиб борди ва урғуни унга бериш энг рационал қадам бўлган бўларди. Мен юрт ташқарисидаги ҳамма демократ сафдошларимизга мурожаат қилиб, бизнинг шу йўналишдаги қадамларимизни қўллаб-қувватлашни сўрайман. Ўйлайманки, айнан шу масала атрофидаги жараёнлар юрт ташқарисидаги мухолифатчиларни аморфликдан чиқаради ва уларни структуралаштиради. Структуралашиш, бошқаси йўқ бўлганисабабли, “Бирлик” платформаси атрофида бўлади. Ҳозир, кўриниб турибдики, баъзи чуқур ўйламайдиган мухолифатчилар структуралашишни шахсий муносабатлар асосида қилишмоқчи. Бу объектив ўлароқ мағлубиятга маҳкум бўлган интилишдир. Уларни ҳам реалист бўлишга чақираман. Manba:''HARAKAT'' jurnali.
|