Қуйида чоп этилаётган хатни “Исёнкор” нашр этмади. Бу ҳам унинг демократия душманларининг сайтига айланганига бир далил. –Сиз депутатлик мандатини отиб чиқиб кетган кунинингиз ХАЛҚқа хиёнат қилгансиз. Чунки Одамлар Сизни Одам, деб овоз берган, Сизга ишонган, эргашган…Кечирасиз, мен бироз янглишдим, депутатликка номзодингиз мухолифсиз қўйилган куни экан– МУҲАММАД СОЛИҲнинг “НОМУС”ини ўқиб… Ассалому алайкум, муҳтарам Ватандошлар! Жуда кўпчилик қизиқиб ўқиб, фикр билдираётган мақолага мен ҳам кўз ташладим. Гапнинг очиғи, уни ўқиган аксарият саёз ёзилган баёнлар сирасига киритганликлари ҳақида гапиришганди менга. Ўқиб, уларга эътироз билдирдим: “Кучли мақоланавис ҳамиша ТУЗ козерни қўлда сақлаб қолади!” Изоҳлар бўлимидаги муносабатлар ҳам асосан гардкамига ёзилган, аммо тагида маъноси бор гаплардек туюлди. Мен ҳам кичикроқ изоҳ билан чекланишим мумкин эди, бироқ кенг рамкадаги шахсга нисбатан буни ўзим томонимдан ноўрин ҳурматсизлик ҳисобладим. Мен Муҳаммад Солиҳ жаноблари ёзган мулоҳазалардан кўчирмалар келтириб, инкор ё тасдиқ қилиб ўтишни ҳам У зотга беҳурматлик деб биламан. Чунки У одам даражасидаги шахслар лўнда гапни маъқул кўрадилар.(Бу эътироф АПга тегишли эмас! ) Хуллас, муҳтарам Муҳаммад Солиҳ жаноблари ўзларига ўхшаб Лидерлик даъвосини галстук ўрнига тақиб олган бошқа бир жаноб хусусида 1996 йилдаёқ Ўзбекистонга қайтиш рухсатини олганлигини таъкидлайдилар. Ва мақола давомида ҳеч кимнинг исмини кўрсатмасдан, фақат саналарнигина келтириб, савалайверадилар. Мен фақат бир масалага муҳтарам Муҳаммад Солиҳ жаноблари эътиборларини қаратишларини ва имкон қадар (жавоб эмас!) изоҳ беришларини истардим. 1989 йил куз фаслида (янглишмасам, 18 ноябр бўлса керак!)даги Олий Советга сайловларни бир хотирласалар. Номзодлари Собир Раҳимов туманидаги тўрт (37-41) округнинг биридан ўтган ўша тарихий сайловни! Тўрт округдан ЕТТИ НОМЗОД қўйилган: 1. Н. Муҳиддинов ва Сатин. 2. Фозилбеков ва “Компрессор” заводи директори. 3. Э. Халилов ва Кўзи ожизлар жамияти раиси. 4. Салай МАДАМИНОВ ва ҲЕЧ КИМ! Туман (у пайтда район дейиларди!)даги сайлов мутасаддилари- Ольшаниская ва Султоновга ЮҚОРИдан келган “ДеПеШа”ни кўрганлар тасдиғига кўра ШАХСАН ЮҚОРИнинг талаби билан . Салай МАДАМИНОВга мухолиф қўйилмаган. Агар мен адашган бўлсам, изоҳингизда ёзарсиз. Бир ўринда жуда тўғри таъкидлагансиз: “1991 йил Каримовнинг ўрнини олишни режалаштирган” одам ҳақида! Мен аввал ҳам ёзганман, яна эслатаман, ўзингиз ҳам ўша одамга (эргашиб эмас, ишониб ҳам эмас!) умидвор бўлиб, 1992 йил Талабалар шаҳарчасидаги қирғиннинг уюштирилишида ташкилотчилардан бўлгансиз. Ҳокимиятга ва шу баробарида Қонга ташналигингиз кейинчалик ҳам Сизни халққа нисбатан бир неча қилмишларга аралашувингизга сабаб бўлдики, бу ҳақда ҳам айнан ҳозирда Сизга тарафкашлик қилаётган сайтда менинг мақолам эълон қилинганди, жўяли жавоб ёзмадингиз! Балки мендек оддий қаламкашнинг мулоҳазаларига муносабат билдиришни лозим топмаган чиқарсиз, аммо бир оддий қаламкашнинг Сиздек зотга шундай оғир маломат қилиши наҳотки, эл-улус олдида ОРИЯТингизга тегмади? Бу кун энди Номусдан гап очибсиз. Мен ҳам кўнгилда борини айтай. Фақат сўзларим оғир ботса, МХХ ходими ё шунга ўхшаш майда ибораларни ишлатманг, чунки бундай ибораларни истеъмол қилиш айнан Сизга ярашадиган ҳол эмас! Сиз ҳам, Сиз каби хорижда туриб, Лидерлик даъво қилаётганлар ҳам бу яқин ўртада ВАТАНга қайтмаслигингиз аниқ. Ҳатто Ўзбекистон ҳукумати даҳлсизлигингиз кафолатини берган тақдирда ҳам келмайсизлар! Ватанга келадиган одам агар чин Ватан қайғусида бўлса, ҳеч маҳал халқига хиёнат қилмайди, Ватандошини ҳақоратламайди, энг аввало, БИРИКАДИ. Сўнг ИНТИЛАДИ! Сиз ва Сиз кабиларда мен бирикиш ва интилиш туйғусини кўрмадим. Халққа хиёнатни эса, фаолиятингиздаги қора чизиқлар: қадимий тилла танга, партбилет қайғусидаги митинг…далиллаб турибди. Сиз депутатлик мандатини отиб чиқиб кетган кунинингиз ХАЛҚқа хиёнат қилгансиз. Чунки Одамлар Сизни Одам, деб овоз берган, Сизга ишонган, эргашган…Кечирасиз, мен бироз янглишдим, депутатликка номзодингиз мухолифсиз қўйилган куни экан! Ёзаверса, гап кўп, лекин малол келармикан дейман… Муҳтарам Муҳаммад Солиҳ жаноблари! Менинг Сизга заррача ғаразим ҳам, хусуматим ҳам бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ! Сиздан бир тилагим: агар ўз мақолангизга сарлавҳа қилган туйғудан вужудингизда бир нуқтача қолган бўлса, ХАЛҚдан узр сўраб қўйинг! Лидерлик масаласига келсак, ҳа, Сиз ЛИДЕРсиз! Аммо бу унвондан айни чоғда Ватанга нима манфаат? Дилмурод САЙЙИД
|