Ассаломуалайкум! Ушбу макола ташкилотимизнинг Тошкент шахар булими раиси физика-математика фанлари доктори, профессор Собиржон Тулаганов каламига мансуб. Сайтингизга манзур булар, деган умидда юбораяпман. Хурмат ила Толиб акаман. Мақолада, халқнинг бошига тушаётган қийинчиликларнинг сабабчиси, жамиятнинг эртанги тақдирини белгиловчи олий таълим тизимида, педагогларнинг ғайриқонуний итоатда, лоқайдликда ушлаб турилишига дахлдор масала кўтарилган. Олий ўрта махсус таълим вазирлиги қонун талабини назар-писанд қилмаслиги туфайли, кўп йиллар давомида ғайриқонуний Низом ёрдамида олий ўқув юртлари раҳбарларига ёқмаган профессор-ўқитувчиларни ишдан бўшатиб келингани баён этилиб, мисол тариқасида, ЎзМУда “ноъмақбул” педагоглардан қутулиш тадбири қандай уюштирилганига тўхталинган. Ниҳоят кўп ҳаракатлар натижасида бу ғайриқонуний Низомни бекор этдиришга ва Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сонли қарори билан, янги “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом” қабул қилинишига эришилгани ҳикоя қилинган. Аммо бу янги Низом ҳам Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида қўйилган “энг малакали педагог кадрларни танлаш” мақсадига мутлақо қаратилган бўлмай, муассаса раҳбарларига ёқмаган профессор-ўқитувчиларни ҳеч қийинчиликсиз танловдан ўтказмаслик учун имконият яратиш мақсадига қаратилгани, ғайриконституциявийлиги таҳлилий фош этилган. Халқнинг қашшоқликка маҳкум этилиши, “зиёли”ларнинг тубанлик ботқоғига ботиши, жамиятнинг инқироз ёқасига юз тутиши, кўп жиҳатдан олий таълимнинг инъикоси эканини исботлашга зарурат бўлмаса керак. Эртага мамлакатни бу ҳолатдан олиб чиқиш ишини салоҳияти ва маънавияти юксак бўлган кўп сонли, том маънода зиёли бўлган кадрларгина эплаши мумкин. Қисқаси, Ватанимизнинг, халқимизнинг эртанги тақдири олий таълимнинг бугуни билан битилади десак, муболаға бўлмайди. Олий таълимнинг қандай уюштирилиши, биринчи навбатда, педагог кадрларнинг танланишига, уларга ўз имкониятларини очишлари учун адолатли-демократик шароит яратилишига боғлиқ. Олий таълим муассасаларига педагог кадрларни танлаш масаласи “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”нинг муҳим қисмини ташкил этган. 1997 йил 29 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг “Педогогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи” деб номланган 5-моддасида: “Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педогогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Педагог ходимларни олий ўқув юртларига ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади. Педогогик фаолият билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахсларнинг таълим муассасаларида бу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди”,-деб белгилаб қўйилган. Биз ушбу мақолада олий таълимдаги умумий аҳволни муҳокама қилмоқчи эмасмиз, у таҳлилини кутаётган муҳим мавзудир. Ҳозирги мақсадимиз “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг зикр этилган 5-моддаси талабига тизимда қандай амал қилинаётганини таҳлил қилиб, муаммога жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат. Қонунни назар-писанд қилмас вазирлик Вазирлар Маҳкамаси “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида зикр этилган Низомнинг лойиҳасини тайёрлашни ОЎМТ вазирлигига топширган. Бироқ вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Олий таълим муассасаларига педагогик ходимларни ишга қабул қилиш тартиби ҳақида”ги Низомнинг Конституция ҳамда қонунларга муъвофиқлиги масаласида, Адлия вазирлиги ижобий хулоса бермаган ва у Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланмаган. Ўшанда, қонун талаби назар –писанд қилинмай, қуйидаги буйруқ чиқарилган: “Ўзбекистон Республикаси Олий ўрта махсус таълим вазирлигининг ”Олий мактабнинг меъёрий ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 1998 йил 30 октябр 305 сонли БУЙРУҒИ Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда (1998 йил 20-октябр 07/108-83), биринчи босқич тадбирларининг бажарилишини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида БУЮРАМАН: 1.Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан мувофиқ ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қадар, меъёрий ҳужжатлар тасдиқлансин ва амалда қўлланишга киритилсин: ... Педагогик ходимларни олий таълим муассасаларига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (Илова 4)...”. Буйруқни асослаш мақсадида келтирилган мантиқсизликни қаранг, мазкур Қонун талабини бузиш учун “Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган” эмиш. Буйруқда вақтинчалиги икки бора таъкидланган бу ғайриқонуний Низом 7 йилдан ортиқ амал қилди. Биз принципиал позицияда туриб, бу ғайриқонуний Низом бекор этилиши лозимлиги ҳақида бонг урмасак, у яна кўп йил амал қилса керак эди. Бу даврда қанчадан – қанча эътиқоди мустаҳкам, фидоий профессор-ўқитувчилар, инсофсизлик, порахўрлик ва коррупция ривожига халақит бериш билан, олий таълим тизимидаги нопок ниятли шахслар манфаатларига зид келганликлари ёки уларга ёқмаганлари туфайли, шу Низом асосида ишдан бўшатилган (“Халқ сўзи” “2007 йил 12-январь, № 9, “Лоқайдлик”; (“Advokat press”№ 27(45) 7-13 iyul 2005 yil, “Танловда тартиб борми?”; №40(58) 13-19 oktyabr 2005 yil, “Танқид, раддия ва муносабат”). Бундай ғайриқонуний имкониятнинг мавжудлиги кўп муассасаларда педогогларни мутъеликка мажбур этган. ОЎМТ вазирлигида қонун талабини менсилмаганлиги туфайли, Конституция ва Қонун берган “Педогогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи”дан кимни баҳраманд этиш, кимни маҳрум этиш амалда муассаса раҳбари ихтиёрида бўлган. Бу ҳолат, жойларда нохолис кимсалар учун “Миллий дастур”ни бошқа изга солиб юбориш муҳитини яратган. Бош вазир ўринбосари, Олий ва ўрта махсус таълим вазири профессор Р.Қосимов жаноблари, олий таълимда узоқ вақт амал қилган бу ғайриқонунийликни ёқлаб судга, “Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколати доирасида ушбу ҳужжатни 1998 йил 20 октябр 07/108-83–сонли топшириғи билан тасдиқлаб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кўрсатма берган”, - деб тушунтириш йўллаган (16.08.2005 йил №89-01-89). Албатта судлар кўраётган ишларида қонунга эмас, Адлия вазирлиги берган юридик хулосага эмас, балки Бош вазир ўринбосари тушунтиришига асосланишган. Профессор Р.Қосимов жанобларининг бу фикри мантиқан нуқсонли эканлигини, ушбу сатрларни ўқиётган замондошимиз пайқаган бўлса керак. Зеро, Вазирлар Маҳкамаси “Низом тайёрлаш тўғрисида” вазирликка топшириқ берган бўлса, бу билан ишлаб чиқиладиган Низомни аввалдан тасдиқлаган бўлмайди, бу биринчидан. Иккинчидан, ”ЎзР Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасининг оҳирги хатбошисида, “Вазирлар Маҳкамаси, қонун билан ўзининг мутлақ ваколатига юклатилган масалаларни ҳал этишни вазирликларга топширишга ҳақли эмас”лиги ҳақида таъкид мавжуд. Шу сабабдан ҳам Вазирлар Маҳкамаси, жаноб Р.Қосимов таъкидлаётганидек, ”Низом ишлаб чиқиб, уни тасдиқлаб жорий этиш ҳақида” ОЎМТ вазирлигига топшириқ беришга ҳақли бўлмаган. ЎзМУча танловдан ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарларининг қонун талабларига бундай беписандлиги олий ўқув юртлари раҳбарларида ҳам шундай туйғу уйғотди. Масалан, Ўзбекистон Миллий университетида, раҳбарларга ёқмаган педагогларни ишдан кетказилишини таъминлайдиган ҳамда бошқаларни итоатда ушлаш учун ўрнак бўлувчи “ёппасига” танлов ўтказиш тадбирига катта тайёргарлик олиб борилди. ОЎМТ вазирлиги Низомининг 9-бандида, “Олий таълим муассасалари ректорларига ўқитувчиларни конкурс ўтказилгунга қадар вақтинча меҳнат шартномаси билан бир йил муддатга қабул қилишга рухсат этилади”,-дейилган бўлсада, тайёргарлик маромига етсин учун, кетказилиши мўлжалланган педагогларни уч йилгача ҳам танловдан ўтказилмади. Ваҳоланки, “керакли” профессор-ўқитувчилар учун бундай тадбир арафасида ҳам имида-жимида танлов ўтказилган. Тадбирдан кўзланган мақсад учун ОЎМТВ Низоми кифоя қилмайди, қийинчилик туғдиради, деб топилиб, “ЎзМУ профессор-ўқитувчилари таркибини танлов асосида саралаш тартиби тўғрисида Низом” ишлаб чиқилди ва 2004 йил 13 апрелда амалиётга жорий этилди. Бундан ташқари, ЎзМУ ректорининг (15.04.2004 № 01-209) буйруғи билан “ЎзМУ танлов ҳайъати” ҳам тузилди. Илмий кенгаш аслида, таъбир жоиз бўлса, олимлар- зиёлилар қаймоғидан таркиб топган муассасанинг олий мақомли органи бўлиши лозим. Бироқ ачинарлиси ҳам, ташвишланарлиси ҳам шундаки, ЎзМУ Илмий кенгашининг бир неча йиғилишида Низом муҳокама этилганда, кенгашнинг ҳеч бир аъзоси, “Университет бундай Низом ишлаб чиқиш, танлов ҳайъати тузиш ваколатига эга эмаслиги, боз устига бу Низом мазмунан Конституция, “Таълим тўғрисида”ги қонун, “Меҳнат кодекси” талабларига ва, хатто, оддий мантиққа зидлиги ҳақида ўйламаган ёхуд фикрини айтишга ботина олмаган. Қонунсизликни қўйиб турайлик, мантиқсизликни қарангки, танловга ҳужжат топшириш муддати 2004 йил 6 апрелгача, деб белгиланган ҳолда, ҳужжатлар йиғиб олинганидан кейин танлов Низоми ишлаб чиқилган. Низом танловнинг талабини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган эмас, балки танловдан ўтказилмайдиганларга важ кўрсатиш учун зарур бўлган. Шу мақсад йўлида оддий мантиқ талабига ҳам риоя этилмаган. Масалан, профессор лавозими учун даъвогар бўладиган фан докторига “илмий даражага эга бўлган шогирд чиқарганлик” талаби киритилган. Бироқ бундай талабни қаноатлантирмаган доцент ёки фан номзоди профессор лавозимида ишлаши мумкин ҳисобланган. Бу талаб кафедра мудири лавозими учун ҳам тааллуқли бўлмаган, ваҳоланки, мудирлик кўпроқ масъулият талаб қиладиган ҳамда профессорликдан кўра юқори лавозим эканини Илмий кенгаш аъзолари яхши билишади. Низом аввалроқ чиқарилганида, танлов талаби олдинроқ эълон қилинганида, конкурсда қатнашувчи, конкурс талабидан келиб чиқиб, айтайлик, профессор лавозими ўрнига доцент лавозими учун ёки доцент лавозими ўрнига ассистент лавозими учун ариза топширишга қарор қилиши мумкин эди. Фақат шу сабабга кўра ҳам бу танлов ҳақиқий ҳисобланмайди, деган мантиқ ҳеч кимни қизиқтирмаган. Танлов ҳайъати раиси профессор Ў. Мусаев жанобларининг судда берган маълумотига қараганда, ҳайъат 60 нафар профессор-ўқитувчини танловга тавсия этмаслик ҳақида қарор чиқарган. Бу рўйхатга кирган педагогларнинг баъзилари ўз аризалари бўйича кетишни афзал кўришган, баъзилари “тиз чўкиб садоқатли бўлишга қасамёд қилишган”, бошқа принципиал, адолат талаб домлалар эса танловдан ўтиша олмаган. Жамиятимиз тақдирига бефарқ бўлмаган киши танлов ҳайъати мажлислари баённомаларига назар ташласа, танловда профессор-ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари, қадр-қиммати беписандлик билан, қанчалар қўпол, қанчалар инсофсизлик-маданиятсизлик билан оёқ-ости қилинганини кўриб, “Миллий университетдаки аҳвол шудай бўлса …”, деб дили вайрон бўлиши турган гап. Баённомада, айрим қарорлар учун овоз бериш натижалари ҳам ёзиб қўйилган бўлиб, бу натижалар мажлисда қатнашган ҳайъат аъзолари сонига тўғри келмайди, ҳайъат аъзоларининг учдан бир қисми қатнашган мажлисларда ҳам профессор-ўқитувчилар тақдирини ҳал этувчи қарорлар чиқарилган. Танловга тавсия этиш-этмаслик тўғрисадаги қарорларни солиштириб кўрилса, ҳайъат ҳеч қандай қоидага риоя этмагани намоён бўлади. Бир сўз билан айтганда, ЎзМУ Низоми ва танлов ҳайъати университет ва факультетлар раҳбарларига ёқмаган профессор-ўқитувчиларни танловдан ўтказмаслик мақсади учунгина хизмат қилган. Раҳбарларга садоқатли ўқитувчилар учун ҳеч қандай қонун-қоида халақит бермаган. Масалан, Республика бўйича иқтисодиёт мутахассисликлари кафедралари мудирларини Давлат комиссияси томонидан аттестация қилганда “қулаган” профессор янгитдан кафедра мудири лавозимига, геология факультетини тамомлаган мутахассис Иқтисодиёт факультети мутахассислиги кафедраси мудири лавозимига, физика мутахассиси информатика ўқитувчиси лавозимига ҳеч қандай этирозсиз танловдан ўтишган. ОЎМТ вазирлиги комиссияси, ЎзМУ Низоми ҳамда танлов ҳайъатининг ғайриқонунийлиги ҳақида хулоса берганидан (07.10.2004 йил №89-02-1815) кейин ҳам, университетнинг кейинги ректори (ҳозирда у ҳам собиқ) профессор Р.Ашуров жаноблари, бу Низомни ва танлов ҳайъатини (қолдирган салбий таъсирлари билан бирга) дарҳол бекор қилиш ўрнига, шу Низом ва танлов ҳайъати қарорлари асосида танлов ўтказиб, ўзига ёқмаган профессор-ўқитувчиларни ишдан бўшатишни давом этдирди. Кейинчалик эса, “танлов ОЎМТ вазирлигининг 1998 йил 30 октябрда тасдиқланган Низоми асосида ўтган”,- деб тониб судда кўрсатма берди. Албатта, суд-прокуратура қонунни, ҳуқуқни изчил ҳимоя қилганида, академик Т.Долимов, профессор Р.Ашуровга ўхшаган ректорлар педагоглар ҳуқуқини бунчалар оёқ ости қилишга ботина олмаган бўлур эдилар. Бироқ улар, Тошкент шаҳар М.Улуғбек туманлараро ФИБ суди судьяси Г.Камилова, ФИБ Тошкент шаҳар судининг раиси (ҳозирда собиқ) З.Худойқулов, шу суд судьяси Г.Норқулова, Республика Олий суди судлов ҳайъати раиси А. Бобақуловларга таъсир ўтказаолганлари каби, ўзларини қўллайдиган судья - прокурорларни доим топа олишларига ишонишган. ЎзМУда ўтказилган бу тадбир нафақат университет профессор-ўқитувчилари учун, балки Республиканинг барча олий таълим муассасалари педагог ходимлари учун, ўз раҳбарларининг хоҳиш-манфаатларига асло қарши бормасликка, лоқайдликка, мутъеликка ундовчи “тарбиявий аҳамият” касб этди. ОЎМТ вазирлиги Низомининг бекор этилиши Адлия вазирлиги, “ОЎМТ вазирлигининг Низоми, давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва кучга кирмаган меёрий ҳужжат сифатида, ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ҳамда тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, ундаги кўрсатмалар бажарилмагани учун фуқаролар, мансабдор шахслар, корхоналар ва ташкилотларга бирон-бир жазо қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди”, деган мазмунда аниқ ҳуқуқий ҳулоса берди (2005 йил 16-август 20-17-225/13). Бизнинг Конституциявий судга мурожаатимиз бўйича, Республика Бош пракуратураси бу холатни ўрганиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мазкур Низоми қонунга зид бўлганлиги сабабли, уни бекор қилиш тўғрисида протест келтирди (2005 йил 16-сентябр №10/204-05). Қонун ижросининг назорати тартибида, биз Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари Қўмитасига ҳам мурожаат этдик. Қўмитада аввалига, биз масалани тўғри кўтараётганимизни, Парламент сўрови уюштиражакларини айтиб, қонун ижроси учун қайғуришадигандек кўринишди. Ҳатто 2006 йил 3 февралдаги Қўмита йиғилишида мазкур масала муҳокама қилинган ҳам бўлди. Аммо, ҳақ гапни айтганда, Қўмита бу муҳим масала бўйича принципиал позицияда туриб, қатъий баҳо бермади. Ниҳоят, ОЎМТ вазирлиги 2006 йил 9 февралдаги 32-сонли буйруқ билан ўз Низомини бекор қилди ва 2006 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг 20-сон қарори билан “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом қабул қилинди. Биз 2006 йил 11 апрелда, ОЎМТВнинг 7 йил амал қилган ғайриқонуний Низоми ҳақида муносабат билдиришни сўраб, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, халқ шоири, халқ қаҳрамони Эркин Воҳидов ҳузурларига борган эдик. У киши муносабат билдириш масъулиятидан қочиб, бизга янги Низомни таҳлил қилиб матбуотда эълон қилишни тавсия этди, “Халқ сўзи”да чоп этдиришга ёрдам беражакларини ҳам ваъда қилишди. Албатта янги Низом таҳлилини босишдан “Халқ сўзи” бош тортди. Мен Низом таҳлилини 2006 йил 28 июлда Эркин Воҳидовга юбордим, бироқ жавоб бўлмади. “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг ижросига Қўмита раисининг қизиқиши шунчалик бўлди. Янги Низомнинг ғайриқонунийлиги Кўп ҳаракатлар эвазига Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низом вужудга келди. Қонуннинг, “Педагог ходимларни олий ўқув юртларига ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади”, - деган иккинчи қисми талаби шаклан қондирилди. Аммо Низомнинг мазмуни ҳам маълум талабларни қаноатлантириши шарт эди. Жумладан у, ўша қонуннинг биринчи қисмидаги, “Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак аҳлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педогогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга”,-деган талабга, Конституция ҳамда бошқа қонун талабларига мувофиқ бўлиши лозим эди. Энди янги Низомни шу нуқтаи назардан таҳлил қилиб кўрайлик. Низомнинг 1-бандида “...Рақобат муҳитини яратиш ва таъминлаш танловнинг мақсади ҳисобланади”, - дейилган. Бу гап эзгу ният маъносида айтилаётган бўлинса, таълим муассасалари раҳбарлари бу йўналишда саъй-ҳаракатлар олиб боришлари лозимлигини англатган бўлур ва унинг Низомга киритилишига зарурат бўлмас эди. Бу гап аслида Конституциянинг 37-моддасида, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмида ва “Меҳнат кодекси”нинг 6-моддасида берилган ҳуқуққа зид маъносида ишлатилаётгани Низомнинг 20-бандидаги “...Муайян лавозим учун фақат битта номзоддан ариза тушганда танлов ўтказилмаган ҳисобланади”, - деган шартдан аён бўлади. Айтайлик, танлов эълон қилинган лавозим учун, танлов (ва қонун) талабларини қаноатлантирадиган, бир мутахассис ҳужжат торширди, бироқ бошқа рақобатчи номзод келмади. Низом талабига кўра танлов ўтказилмайди, бу мутаҳассисни ишга қабул қилмаслик мумкин бўлади. Хўш, бу мутахассисга Конституциянинг 37-моддаси ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасининг 1-қисми билан, шу бўш ўринда ишлаши учун берилган ҳуқуқ қани? У “мажбурий рақобат муҳитини яратувчилар” ўзбошимчалиги билан йўққа чиқарилди. Олий ўқув юртларида Низомнинг бу талабини бажариш учун, танловдан ўтиши лозим бўлган профессор - ўқитувчиларнинг ўзларига соҳта рақобатчи номзод “ёнлаш” вазифаси юклатилаяпти. Бечора домла, ўзи учун “рақобатчи номзод ролини ижро этишга” рози бўлувчини топгунича нечта танишига бош эгиб мурожаат этишига тўғри келишини ҳам олдиндан билмайди. Мурожаат этилган профессор-ўқитувчининг аҳволини ҳам тасаввур қилса бўлади. Танишининг илтимосини рад этса, муносабатларига дарз кетади. Қолаверса, танишига ҳам қийин, табиий рақобатчи келмаса, рақобатчиларни ёнлайдиган бозор бўлмаса, кимдир унинг соҳта рақобатчиси ролини ижро этиб бериши керак-ку. Иккинчи томондан, соҳта рақобатчи ролига розилик берса, ўзига қийин бўлади. Чунки “актёр”лик вазифасини бажарган лавозими учун конкурсдан ўта олмаганидан кўпчилик хабар топади. Вақти келганида (масалан, ўзи танловдан ўтаётганида), “бу одам фалон жойда танловдан ўта олмаган эди” деган дашном унинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қолаверса, ўз оиласига қандай тушунтиради. Соҳта “ўйинчи” бўлганини айтса, фарзандлари нима дейди, уларга маънавий таъсири қандай бўлади? Бундай процедура танловдан ўтувчининг ҳам, рақобатчиликка рози бўлганнинг ҳам иззат нафсини қақшатаётгани, конституциявий ҳуқуқни оёқости қилаётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бу ҳолатни, зиёлининг “этини ўлдириб” соҳтачиликка, итоатга ўргатишдан бошқача талқин қилиш мумкинми? Профессор-ўқитувчиларимизнинг ахлоқий фазилатлари юксаклигини қаранг, шундай таҳқирлашга ҳам эътироз билдиришмайди. Хўш, соҳта рақобат муҳитини яратиш кимга ва нима мақсадда керак бўлди? Гап шундаки, шу вақтгача, раҳбарларга ёқмаган, яхшиликча ариза ёзиб кетишга рози бўлмаган “ўжар” ўқитувчини танловдан ўтказмаслик учун бирор асос топиша олмаса, юқорида ЎзМУ мисолида кўрганимиздек, ғайриқонуний усулларни ўйлаб топишларига тўғри келар эди. Албатта, доим буни уддасидан чиқиб келишган бўлишса ҳам, гоҳо иззат нафсини моддий манфаатидан юқори қўювчи, адолат учун курашадиган принципиал домлаларга дуч келиб қолишиб, қийин аҳволга тушишар эди. Масалан, ЎзМУнинг, илмий даражага эга бўлган ўқитувчилари мутлақ камчиликни ташкил қилган, катта бир факультетида, лавозимга ёлғиз номзод бўлган фан докторини ЎзМУ Илмий кенгашида овоз беришда “қулатишган”. Ректор томонидан ташкил этиладиган Илмий кенгашнинг аксарият аъзолари, раҳбарига ёқиш учун, ўз фикрлашини ҳам унинг хоҳишига мослаштиришга тайёр одамлардан иборатлиги ҳаммага аён. Улар Илмий кенгашда овоз беришни, депутатларни сайлашда ихтиёрий савиядаги фуқароларнинг овоз бериши каби, ўзларининг мутлақ эркин ваколатлари деб тушунишади, ҳал этаётган масалаларига даҳлдор қонун талаблари билан ҳам қизиқиб ўтиришмайди. Ваҳоланки, қайсидир масалаларнинг ҳал этилиши Олий таълим муассасаси Илмий кенгаши ваколатига берилганда, Илмий кенгашда қонун ва ҳуқуқ талабларини тушунадиган, ваколат масъулиятини ҳис этадиган, “юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган”ларнинг “қаймоғи” йиғилиши назарда тутилган бўлади. Бироқ, юқорида келтирилган мисолдаги ЎзМУ Илмий кенгашидаги “қулатиш” атайлаб уюштирилган эканини, конституциявий ҳуқуқ поймол этилганини ҳамма тушунади ва бу ҳаракатни, мавжуд ҳуқуқий хужжатларга асосланиб ҳеч ким қонуний оқлай олмайди. Шу қийинчиликдан қутилиш мақсадида “мажбурий рақобат муҳити” ўйлаб топилган. Энди муассаса раҳбари янги Низом талабидан фойдаланган ҳолда истамаган одамини танловдан мутлақо ўтказмаслиги мумкин ва бунда у атайлаб уюштирганини тан олмай, Низомга риоя қилганини рўкач қилиб тураверади, чунки қонунни, ҳуқуқни бузувчи бундай ҳаракатнинг “масъулияти Низомга юкланган”. Бундай ижодкорликни қандай баҳолаш мумкин? Назаримда, “... рақобат муҳитини яратиш ва таъминлаш” ноҳолис мақсадни амалга оширувчиларни масъулиятдан озод этиш мақсадига қаратилган. Низомнинг 3-бандида, “икки ва ундан ортиқ тенг лавозимларга бир вақтда танлов ўтказилмайди”,-деган кўрсатма мавжуд. Бу талабнинг ижобий талқинини топиш қийин. У, юқорида таҳлил қилинган нохолис мақсадни амалга ошириш имкониятини мустаҳкамлаш учун киритилган. Масалан, танловдан ўтаётган бир нечта доцентга ташқаридан келган рақобатчининг кўрсаткичлари юқори бўлатуриб танловдан ўтмаса, ноҳолислик жуда ҳам тиниқ кўриниб қолади. Бу ҳолат бир лавозим учун бўлса, қандайдир тушунтиришлар топиш осонроқ бўлади. Зикр этилган қонун моддаларида белгиланган ижтимоий ҳуқуқ талабларидан ҳамда қўйилган мақсадга эришиш йўлидаги оддий мантиқдан келиб чиқилганда, бу талаб ўрнига, “юқори лавозимга танловдан ўта олмаган номзод (ишдан бўшатилмасдан) қуйи лавозим учун танловда қатнаша олиш тартиби” киритилиши лозим эди. Низомнинг 4-банди 3-хатбошисида, “Бир муддат тамом бўлгандан кейин кафедра мудири лавозимини эгаллаб турган ва фан доктори илмий даражасини олмаган доцент (фан номзоди) олий таълим муассаси ректорининг тақдимномасига кўра ва бўйсинишига кўра тегишли вазирлик ёки идоранинг рухсати билан кафедра мудири лавозимини эгаллашга фақат фавқулодда ҳолларда танловда яна қатнашиши мумкин”,-дейилган. Бу жумладаги “фавқулотда ҳолларда” бирикмаси, унга жо этилган мазмун муҳим ахамиятга эга бўлган ўринда ишлатилган. Бироқ у қандай маънони англатиши мавҳумроқ қолган. Ундан ташқари, кейинги муддат учун танловда қатнашишига нечун “ректорнинг тақдимномаси билан вазирнинг рухсати” кифоя? Улар “кафедранинг предмети” билан номзоднинг “имконияти” ўртасидаги мутаносибликни тасаввур этиша олмайдику! Бунинг ўрнига, асослантирилган хулосани тегишли соҳа “мутахассислари” бергани “энг малакали кадрларни танлаш” мақсадига мувофиқ бўлмасмиди? Низомнинг 16-бандида, “Танлов қатнашчиларини тест синовларидан ўтказишга йўл қўйилади”,-дейилган. Яъни маъмурият хоҳласа номзодларни тест синовидан ўтказади, хоҳламаса – ўтказмайди. Бу эса Конституциянинг 18-моддасига зид. Тест синовидан ўтказиш албатта яхши, бироқ у “ҳамма” учун бир хил ҳамда адолат тарозиси кафолатланган бўлиши даркор. Низомда бундай кафолат назарда тутилган эмас. Низомнинг бошқа кўп бандларида ҳам қонунга, мантиққа зид ҳолатларни кўрсатиш мумкин. Асосий гап Низомнинг айрим бандларида (ўзгартиш мумкин бўлган) ғайриқонуний талаблар мавжудлигида эмас, балки Низом яхлитлигича Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган мақсадга қаратилмаганлигида, аниқроқ айтганда, номзоднинг танловдан ўтиш-ўтмаслиги факультет декани ҳамда олий ўқув юрти раҳбарлари хоҳиш иродасига мутлақ боғлиқ қилиб қўйилганлигида. Бу – кўп ҳолларда ноҳолис ниятлар амалга ошишига имкон яратади, қонун талаблари бузилишига олиб келади, профессор-ўқитувчиларни ўз раҳбарларига, қонундан ташқари итоаткорликка ундайди. Олий таълимдаги кўп салбий ҳолатларга қарши кураш кутилган натижа бермаётганининг сабаби ҳам ана шунда. Албатта кимлардир, ўзлари ҳам ишонмаган ҳолда, номзоднинг танловдан ўтиш –ўтмаслигини факультет ёки олий ўқув юрти раҳбари эмас, балки “юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган”ларнинг “қаймоғи” йиғилган Илмий кенгаш ҳал этади–ку, деган важ келтиришлари мумкин. Улар учун, юқорида ЎзМУ Илмий кенгашидаги жинояткорона лоқайдлик ҳолатини мисол тариқасида беҳуда келтирилмаганини эслатган бўлар эдим. Қолаверса, таркибида “номзодлар” соҳаларини ҳамда “кафедра предметини” тушунадиган мутахассислар ошиб борса бир-икки нафар бўлган Илмий кенгаш томонидан кафедра мудирини ҳолис ва тўғри танланиши кафолатланмаган. Шунингдек, айтайлик, кафедранинг тўрт-беш нафар фан номзоди ёки илмий даражага эга бўлмаган ўқитувчилари томонидан мудирликка номзодларга берилган тавсияномалар ҳолисона ва аниқ бўлиши кўп ҳолларда кафолатланмаган. Булардан ташқари, Илмий кенгаш таркиби ҳам муассаса раҳбари томонидан тузилиши ҳаммага маълум. Шундай экан, мақсад ҳолис бўлса, нечун бу масалани ҳал этишни, бутун масъулияти билан мутахассисларга топширилмайди? Масалан, математика кафедралари учун, Математиклар жамиятига, ёки Фанлар Академияси Президиуми қошидаги “Математика” муаммолар кенгашига, ёки ОАК Эксперт кенгашига, ёки Ихтисослашган илмий кенгашларга? Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тузиш вазифаси белгиланганидаёқ, математика оламида таниқли олим, академик Ш.Аюпов, камина билан, олий таълим сифатини ошириш борасида, математика мисолида, қатор инкор этиб бўлмас таҳлилий тавсиялар билан, жумладан, энг малакали профессор-ўқитувчиларни танлаш бўйича тавсиялар билан чиққан эди ( “Таълим ва тарбия” 1997, №1-2, 5-13). Мақсад энг малакали олий таълим педогогларини танлаш бўлса, бу тавсиялар инобатга олиниши даркор эди. Минг афсуски бундай бўлмади. Хулоса қилиб айтганда, мазкур Низом Вазирлар Маҳкамаси қарорида кўрсатилган мақсадни амалга оширишга қаратилган эмас, балки Ҳукумат ишончи суиистеъмол этилиб, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқлатилган. Конституциявий суд Низомнинг ғайриконституциявийлиги, ғайриқонунийлиги ҳақида хулоса бериб уни дарҳол бекор эттириши, ўрнига профессор-ўқитувчиларни мутьелик-лоқайдликдан қутқарувчи, олий таълимни жонланишига имкон яратувчи, адолатли Низом ишлаб чиқилиши лозим. Физика-математика фанлари доктори Собир Тўлаганов 2007 йил 21 май, Тошкент шаҳри.
|