Диний ва ирқий кўролмаслик, булғанчлик, миллатчилик ва терроризм қазои-муаллақ каби инсоният бошига таҳдид солиб турган бизнинг қалтис замонда Демократия дунё ҳалқларини бирлаштира олгувчи ягона омилдир. Демократия дунё ҳалқларининг ирқидан, динидан, танасининг рангидан қатъй назар биродарликда яшаш усули бўлиб, барча тараққий этган диёрлар аҳолиси шу яшаш тарзига интиладилар. Диктатор Каримовнинг қаттол режими остида эзилаётган мазлум ўзбек ҳалқининг аксарият қисми ва ҳорижга чекинган ўзбек мухолифати ҳам ўз Ватанларида соғлом демократияни кўриш истагидалар, десак, адашмаган бўламиз.Улар туну-кун ёвуз диктатуранинг темир деворини тешиб, туйнук очишга, ўша туйнукдан каззоб ҳукумат ёлғонлари таратган, жирканч, қўланса ҳидидан буғилган ўзбек халқига демократиянинг тоза ҳаволарини етказиш йўлларини изламоқдалар. Дунёда ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳлоси бўлгани каби, қонхўр режим ҳам эртами-кеч тугайди. Мени ташвишлантираётган нарса, бу лўттибоз, тутириқсиз ҳукумат қуласа, вазиятни ўз назоратига оладиган куч хозирча йўқ. Яъни мухолифат билан халқ орасида бўшлиқ мавжуд. Неча йиллардан буён тожу-тахт васвасаси билан хукуматга интилиб ётган кучлар ва дунёвий демократияни “шайтон дастури” дегувчи диний радикал оқимлар, мазҳаблар ўртасида уриш чиқиши, оқибат Ўзбекистон ҳалқлари уруш алови ичида қолмаслигига ҳеч ким кафолот бера олмайди. Уларнинг лидерлари музокора столига ўтириб, муросаага келгунча миллионлаб одамлар қирилиб кетиши турган гап. Энг даҳшатлиси Ўзбекистон Афғонистон каби узоқ йиллик уруш ўчоғига, қурол бозорига айланиб қолиши, иқтисодиёти издан чиқиб, шаҳарлари вайрон, мулки толон бўлиши, ёки Ироққа ўхшаб қолиши мумкин. Албатта бундай кўргиликлардан худонинг ўзи асрасин. “Хўш бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?”. Бу ерда фикрлар хилма-хил бўлиши табиий. Менинг фикрим эса, энг аввало хориждаги муҳолифат лидерлари дунё ҳалқлари ва манфур режимга кулгу бўлишдан тийилиб, ягона мақсад йўлида бирлашишлари, шайтоний кибр-ҳаво, гина-кидратни йиғиштирмоқлари, мавжуд сиёсий қарашларини такомиллаштириб, тактикаларини ўзгартирмоқлари лозим. Бу йўналишда ўзбек халқи қалбида умид учқунларини пайдо қилаётган ва муҳожират уммонида адашган мухолифат кемаларини Маёқдай ўзига чорлаётган биронта халқ харакати сафида бирлашмоқ керак. Мен мухолифатнинг илгаридан ўқиган манбаларни эсладим. Қайта-қайта сайтларига кириб чиқдим. Оқибат танлаганим, “Бирдамлик” харакатигина тоза, шаънига доғ тушмаган, курашнинг янги йўлларини излаётган ташкилот деб топдим. Шу ҳаракат эл ишончини оқлаши, эргаштиришига ишонаман. Қисқа вақт ичида “Бирдамлик” танилди. Бошқа партиялардан фарқли, бугунга келиб у диёримиздаги барча вилоятлардаги қолган мухолифат аъзолари билан ришталар боғлади. Улар орасида обрў-эътибор қозонди-ки. Мен “Бирдамлик” харакатининг аъзоси эмас, бошқа партия аъзосиман. Ўжар эътиқодимгина қачонлардир аъзо бўлган партияга қўл силташимга йўл қўймаяпти. Лидеримнинг кекчиллигидан кўз юммоқдаман. Партиямга бошқаларнинг аъзо бўлишига интилмай қўйдим. Хатто, фарзандаримга “Бирдамлик” ка аъзо бўлишларини маслаҳат бердим. Мен бир Ўзбекистон фуқароси сифатида, бир ижодкор сифатида бугун ўзбек мухолифати намоёндаларига мурожаат қиламан. Диктатор кетидан диктатор келишини ҳоҳламасангиз, Ўзбекистонда демократия ғалаба қилишини ҳоҳласангиз, Каримов диктатурасини уришсиз, нозўравон ағдарилишини ва ёруғ юз би лан бола чақангизнинг олдига боришни ҳоҳласангиз, ушбу жараёнларни қўл қовуштирганча томошо қилманг ва ўз сўзингиз, таклиф мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашиб, “Бирдамлик” билан бирдам бўлинг. Келинглар, четдан туриб бўлса ҳам халқимизга далда берайлик. Тарғиботни кучайтирайлик ва Ўзбекистонда яшаётган инсонларга Каримов режимига қарши бутун Республикада бирга, бир вақтда ўз норозиликларини оммавий билдиришга жазм этсинлар. Тариқдай тарқатиб юборилган ўзбек мухолифати “Бирдамлик” ҳаракати бирлашадиган пайт келди. Мен бирлашишга чақираман, жаноблар!