Ризобек Четверг, 2024-11-14, 20.42.20
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 2
    Гостей: 2
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Май » 28 » БИРОЗ БЎЛСА ҲАМ УЯЛИШ КЕРАК…
    22.09.54
    БИРОЗ БЎЛСА ҲАМ УЯЛИШ КЕРАК…
    Интернет тармоғи оқали авж олган ур-йиқитлар ҳақида анчадан бери эшитиб юрардим. Балким, кўпчилик ана шу “жараён” иштирокчилари билмас, аммо уларнинг шоу-чиқишлари бугун Ўзбекистонда анча овоза бўлиб улгурган. Камина ҳам ана шу овозаларни эшитиб, дастлаб ҳайрон бўлдим, кейин афсусландим, охир оқибат эса умуман уларга эътибор бермай қўйдим. Сўнгги аҳдим, не таажжубки узоққа чўзилмади, ва бунга “Туронзамин” сайтида чоп қилинган бир қисқагина хабар (агар уни шундай аташ мумкин бўлса) сабаб бўлди.

    Мени ҳайратга солгани ўша хабарнинг чоп қилингани эмас, унда айтилган таъкидлар ҳам эмас, хабарга илова қилинган бир мактубдан иқтибос. Дастлаб ўша мактубнинг иқтибосини айнан келтириб ўтсам, токи нима сабабдан мен ҳўв теппада айтиб ўтганим аҳдимдан воз кечишга мажбур бўлганим яхшироқ англансин. Демак мактубда шундай дейилади: “Жаҳонгир Муҳаммадга ўхшаган ғийбат ва фисқу фасодни касб қилиб олган муттаҳамлар Каримовдек жаллод каби ўз сафдошини террорчига чиқариб, унга туҳмат тошларини отишни канда қилмайди. Ўз ватани ва миллати озодлиги, халқ манфаати учун курашган миллат фидойилари террорчи бўлдими? Аслида Пўлатов ва Маматов каби фисқу фасодчи, қиладиган ишини тайини йўқ ўлаксахўрлар террорчидир. Улар ўз ҳаракатлари билан жаллод Каримовни қўллашаётган экан, халқ устидан қатағон ўтказаётган золимга бу каззоблар ҳам шерикдир”.

    Иқтибос билан танишгач, мени анча вақт ўйланиб юришга мажбур қилгани, бу мактуб эгаси назарда тутган “ўз ватани ва миллати озодлиги, халқ манфаати учун курашган миллат фидойилари” бўлди. Яъни камина ҳеч тушунмас эдимки, гап ким ҳақда кетаяпти, Чўлпон ҳақдами, Фитрат ҳақдами, Тўмарис ёхуд Дукчи Эшон ҳақда. Балки Нажмиддин Кубро ҳақдадир… Қолаверса Жаҳонгир ака томонидан нима “жиноят” содир этилди экан… хуллас ана шу саволлар гирдобида анча вақт ўралашиб юрдим. Бўлмади, шартта ана шу ур-йиқитлар ҳақда кун ора менга эринмай гапириб берувчи танишимга телефон қилдим, ва иқтибосда кимлар назарда тутилгани ҳақида сўрадим. Билар экан, бир кулдию фалон, фалонлар ҳақида гап кетаяпти, деди. Ўша иқтибос эгаси мендан ҳафа бўлмасину, аммо бу қадар муқаддас номлар билан сийланган шахс (ҳатто шахслар) кимлигини билгач, аввалги тахминларим олдида уялиб қолдим, ахир мен чиндан ватан, миллат фидойилари ҳақида ўйлаган эканман-да…

    Хуллас, аслида ким назарда тутилганини билгач, кайфиятим тушиб кетди. Ўша назарда тутилган инсон менинг кўз ўнгимда, худойим кечирсину, худди Туркманбошидай бўлиб гавдаланди, зеро у ҳам ана шундай номлар ичида “сузиб” юришни яхши кўрардида, раҳматлик. Сўнгра бундай ҳаёлга бориш нотўғри деган андишага келдим. Зеро, мумкин назарда тутилган шахс у ҳақда юрган бу каби “дабдаба”лардан бехабардир, билиб бўладими. Шундан сўнг яхшиси ўша мактуб эгасига икки оғиз фикр билдириб ўтсамчи, деган ҳаёлга келдиму, ўқиётганингизни қоралашга киришдим. Зеро, у ундай-бу бундай деган бўлар-бўлмас гаплар билан мен ҳам танишимнинг жағини чарчатаётган мавзуга айланишни истамадим. Қолаверса, танишимнинг жағини чарчатаётган нарса, “бошқаларни” бирам илҳомлантираяпти-ки, қўяверасиз… Хуллас мактуб эгасига мурожаат қилишни афзал билдим.

    Дўстим, афсуски мактубингизнинг тўлиқ матни билан таниш эмасман, зеро менинг истаган сайтга бемалол кира олиш имкониятим йўқ. “Туронзамин”га ҳам ўн бешинчи урунишда зўрға кира оламан. Шу боис мактубингизнинг қолган қисми ва табиий аввалги қисмида нима дейилгани менга қоронғи. Аммо мана бу келтириб ўтганим қисми, гапнинг очиғи мени бироз хафа қилди. Аввало сиздан билмоқчи бўлганим бир ҳолатга озроқ ойдинлик киритиб берсангиз, “Ўз ватани ва миллати озодлиги, халқ манфаати учун курашган миллат фидойилари” деганда сиз айнан қайси “кураш”ни назарда тутгансиз? Зеро, агар сиз ҳўв ўша 90-йиллар бошидаги воқеаларни назарда тутаётган бўлсангиз, у пайтлари сиз назарда тутган шахс бир ўзи эмас, сиз ана шу иқтибосда ҳақоратлаб ўтган шахслар билан биргаликда “кураш”ган эди, адашмасам. Аммо, гапнинг очиғи бу “кураш” натижаси нима билан якун топганини сиз ҳам, бу ерда қолаётган биз ҳам яхши биламиз, демак мақтанишга арзирли сабаб йўқ.

    Келинг, озроқ мулоҳаза қилиб кўрамиз, токи гапимиз мантиқли ва маълум маънода асосли бўлиши учун, майлими? Бугун истаган ўзбек босма матбуотини оласизми, радио ёки телевидениега эътибор қаратасизми уларда бот-бот такрорланадиган бир таъкидни эшитасиз, эслатайми? Майли эслата қолай, яъни улар “доно юртбошимиз”, “мустақиллигимиз меъмори”, “халқимиз фаровонлиги сабабчиси”, “юртимиз озодлиги ва мустақиллиги кафили ва халқ манфаати ҳимоячиси” деган таъкидларни ишлатишади. Эсладингиз-а? Сизнингча бу сўзларда неча миқдор ҳақиқат бор ва ўша сўзларни айтаётган инсонлар бундай дейишга нақадар ҳақли? Табиий улар бундай сўзларни айтар чоғи халқнинг фикри ва ёки дилидаги изҳорига таянмайди, шунинг учун бемалол буларнинг бари уларнинг шахсий фикри десак бўлаверади, фикримга қўшиласизми? Энди айни таъкидларни четга суриб, сиз томонингиздан яграган, анави таъкидларни қараб чиқсак. Айтингчи, сизнинг ўша сўзларингизда неча миқдор ҳақиқат бор ва сиз бу сўзларни айтишга қанчалар ҳақлисиз? Агар уларда маълум миқдор ҳақиқат бўлса уни (ўша ҳақиқатни) биз кўп нарсалардан бехабарларга тақдим эта оласизми?

    Сизнинг ўша таъкидларингиз ҳам, ўйлайманки буни инкор этмайсиз, сизнинг шахсий фикрингиз, зеро мен ишончим комилки сиз бу сўзларни халқнинг фикри ва дилидагига асосланиб айтмагансиз. Боринг ана, сизнинг шахсий фикрингиз бўлган тақдирда ҳам, қачонки у фикрни ўзгалар фикрини қоралаган ва ҳатто уларни ҳақоратлаган ҳолда билдираяпсиз экан, биз бу можародан бехабар қолганларга барибир хулосангизни асослаб беришингиз керак, деб ўйлаябманда… Қолаверса, нима учун сиз ўша назарда тутаётганингиз шахсни “миллат фидойи”си деб атадингиз, нимага асосланиб шундай демоқдасиз билсам бўладими? Зеро, менинг содда ақлимдаги, соддагина мантиққа кўра, “миллат фидойиси” бу миллат ичида унинг оғиру-енгилини бирга тортиб, унинг изтиробли чиқишларида иштирок этади. Аммо асло томошабин бўлиб, ким билади неча чақирим нарида турмайди, маслаҳатлар улашиб. Агар гапим нотўғри бўлса айтинг, тан олиб кечирим сўрайман, зеро биз соддадил инсонлар кечирим сўрашдан чўчимаймиз.

    Аслида мундоқ ўйлаб кўрилса қаҳрамонликнинг ҳам, фидойиликнинг ҳам ўз мезонлари бўлади. Йўқса истаган одам, эрталаб уйқудан тургач, “бугун мен қаҳрамон бўлишни истадим”, деб ўзини-ўзи қаҳрамон деб атаб олиши ёки “ватан фидойиси” деб атаб олиши мумкин бўлиб қолади. Худди Ўзбекистон президенти ҳар йили олтита-еттита миллат қаҳрамонларини кашф қилаётганидай. Аммо ўша қаҳрамонларнинг қайси бири “миллат” учун нима қилдики “Ўзбекистон қаҳрамони” деб топилди, десангиз жавоб йўқ. Худди сизда ҳам мантиқий жавоб бўлмагани каби. Ҳиндларнинг маънавий отаси бор, кимлигини биласиз а? Ҳа, тўғри, Махатма Ганди. Унинг Ҳиндистон озодлиги йўлида олиб борган ҳаракатлари билан ҳам, ўйлайманки танишсиз. Бу курашни у қай усулда ва қаерда олиб борганини ҳам яхши эсласангиз керак. Шу боис ҳам халқ у зотни миллат фидойиси деса ҳам, қаҳрамони деса ҳам, борингки доҳий деса ҳам арзийди. Чунки ўзлари бунинг гувоҳи бўлган… Хуллас ҳар бир мақомнинг ўзига яраша ана шундай мезонлари бўлади.

    Мен мана шу сўнгги ўн тўрт йил давомида сиз бу қадар ҳимоя қилаётган шахснинг, майли Гандичалик эмас, сал мундайроқ даражадаги ҳам ҳаракатини эслай олмайман. Агар биз инсонларни айтаётган сўзлари ва ёки бебаҳо мулоҳазалари учун қаҳрамон ёхуд фидойи даражасига кўтарадиган бўлсак, тасаввур қилинга, Ўзбекистонда неча миллионта фидойи ва қаҳрамон яшайди. Бутун бошли Андижон вилоятининг ўзи қаҳрамон бўлиб чиқади, бўлиб ҳам сиз назарда тутган қаҳрамондан анча дадилроқ ва анча фидойироқ. Ўзбекистоннинг ҳар бир аёли қаҳрамон ва фидойи бўлиб чиқяпти, зеро улар қамалиши, тепилиши, муштланишини билан туриб, барибир ҳамма учун эътироз билдириб кўчага дадил чиқаябди. Бугун қамоқларимизда эркаклардан кўра аёллар кўпроқлигини билсангиз керак, уларнинг ҳар бири нафақат жисмоний балки маънавий бадном қилинаётганини ҳам. Агар чинакам фидойи бўлса бундай кўргуликни сингдира олмай, аллақачон жон таслим қилган бўларди, чоғи…

    Йўқ, илтимос мени тўғри тушунинг, мен сиздан ва бошқа сиз каби жаҳли тезлардан фарқли тилимга ёмон сўз олмоқчи эмасман. Ўша сиз ҳимоя қилиб чиққан инсонга нисбатан ҳам ёмон фикр билдирмоқчи эмасман, мен фақат чиндан ҳам анча муқаддас бўлган тушунчалар бу қадар оддийлашиб, аҳамиятсиз бўлиб қолишини истамайман, холос. Қолаверса, дўстим миллат фидойиси бўлган инсон, миллатнинг айрим вакилларига меҳрибон бўлиб, қолганларини четга сурмаса керак, нима деб ўйлайсиз? Мана сизнинг ана шу мактубингизни олайлик, қаранг унда нима иборалар учраяпти, “ғийбат ва фисқу фасодни касб қилиб олган муттаҳамлар”, “қиладиган ишининг тайини йўқ ўлаксахўрлар”, “террорчи”, “каззоблар” ва ҳоказо, ва ҳоказо. Агар фидойининг сафдошлари, ўша миллат, халқ озодлиги учун курашаётган шахснинг шериклари бундай “ноёб” ибораларни қўллашда андиша қилмас экан, ўзбекона айтганда “кичиги шу бўлса, каттасини ўйлаверинг”. Сиз ва табиий, ўша назарда тутаётганингиз шахс ҳам, мана шу уч-тўртта оппонентларининг фикрини кўтара олмай жазавага тушаябсиз, эртага бордию ҳукумат теппасига келиб қолсангиз, сизга мухолиф бўлганларни худо билади нима қиласиз…

    Лекин сиз ҳақорат қилганлар буни қарангки, анча маданиятлироқ ва (мен буни уларга ёқиш учун айтмаябман, тағин шартта ўзингизга хос услубда хулоса чиқариб юборманг) танқидга, бўлиб ҳам унинг энг хунук кўринишига ҳам тоқатлироқ экан. Ана сиз “ўлаксахўр” деб атаган Маматов айбловингизни сайтига қўйибди, сиз ҳимоя қилган шахсга ўхшаб эътиборсиз қолдирмабди… ахир, бу унинг мардлиги эмасми? Бир пайтлар шоир Юсуф Жуманинг мактубини ўқиган эдим, унда сиз ҳимоя қилаётган шахсни танқид қилиб ёзган нарсаси ўша шахснинг қарамоғидаги сайтга қўйилмагани айтилган. Мен ўшанда ҳайрон қолган эдим, нега бундай қилинди экан, деб. Балким сиз биларсиз, нега шундай қилинганини? Зеро назаримда “ўз ватани ва миллати озодлиги, халқ манфаати учун курашган миллат фидойиси” ўша миллат вакилининг гинасини ҳам кўтара олиши керак эдида, назаримда ё ундай эмасми? Ҳар қалай Юсуф Жума сиздан фарқли, ул шахсни “ғийбат ва фисқу фасодни касб қилиб олган муттаҳам”, “қиладиган ишининг тайини йўқ ўлаксахўр”, “террорчи”, “каззоб”, деб атамагандир-ку.

    Ҳай майли, келинг энди сиз бу қадар ҳақоратлаган инсонлар хусусида тўхталамиз. Сиз айтаяпсизки, “Пўлатов ва Маматов фисқу фасодчи, қиладиган ишини (ўша ерига “нг” қўшимчаси етишмайроқ турибди-да) тайини йўқ ўлаксахўрлар”. Пўлатовни билмадиму, аммо адашмасам Маматов мана шу, сиз менинг мақолам билан танишаётганингиз сайтнинг муаллифи ҳисобланади, шундайми? Шундай бўлса эътиборингизга соф, ҳар томонлама асосланган бир маълумотни келтириб ўтаман. “Туронзамин” сайти, бугун Ўзбекистонда энг кўп ўқиладиган, энг кўп мухлисга эга сайт ҳисобланар экан. Буни мен бир икки касбдош дўстларим томонидан, аллақайси хорижий ташкилот учун ўтказилган сўров натижасидан билиб олдим. Бугун бу сайтда мақолалари чоп қилинаётган жуда кўп муаллифлар халқ оғзида достон эканини ҳам билдик, жумладан камина ҳам. Демак, Маматов сиз айтмоқчи “қиладиган ишининг тайини йўқ ўлаксархўр” эмас, аксинча халққа манзур бўлаётган сайтнинг муаллифи экан.

    Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони, сизнинг ёзишингизча “Улар ўз ҳаракатлари билан жаллод Каримовни қўллашаётган экан, халқ устидан қатағон ўтказаётган золимга бу каззоблар ҳам шерикдир” эмиш. Агар “Туронзамин” сайтини кузатиб бораётган бўлсангиз, яхши биласизки, у ерда сиз айтаётган “жаллод Каримовни қўлловчи” бирор нарса учрамайди. Ҳар қалай мен бундай мақолаларни кўрмаганман. Аксинча у ерда сиз ҳимоя қилаётган шахс чоп қилишга журъат этолмаган шоирнинг шеърлари чиқиб туради, сиз ҳимоя қилаётган шахс эътирозларини қабул қила олмаётган инсонларнинг мақолалари, мулоҳазали фикрлари чиқиб туради. Мана ҳатто сизнинг бу қадар мантиқсиз мактубингиздан иқтибос ҳам чоп қилинибди. Агар шундай сизга ва акангизга маъқул келмаган нарсаларни чоп қилиш аллакимларни қўллаш сифатида баҳоланаётган бўлса, кечирасизу, у ҳолда сизнинг ва ўша ҳимоя қилаётганингиз шахснинг эркин фикр ва сўзга тоқатсиз бўлаётган бугунги ҳукуматдан нима фарқингиз бор?

    Бир нарсани англашингизни истардим, фақат мендан хафа бўлманг, ҳўв бир жойларга бориб олиб кўкрак уриш осон, аммо билсангиз бундай иш йигит кишига ярашмайди. Нима номларни ўзлаштирсангиз ҳам ичкаридан туриб ўзлаштирсангиз ярашади, зеро буни тасдиқловчилар бўлади. Аммо у ёқларга кетиб олгач, ўзингизни ким деб атаманг, барибир ўша ёқдасиз. Мени анчадан бери шу нарса таажжубга солиб келади. Бир пайтлар у ёки бу дўстларимиз шаънига маломатлар ёғдириб юрганлар, бугун аллақайси йўллар билан ташқарига чиқволишгану, ўша заҳотнинг ўзида кимсан ҚАҲРАМОНга айланиб қолишган. Тавба, дейсан киши, ватандан унинг барча муаммо ва оғриқларини халқнинг елкасига ташлаб қочиб кетиш қаҳрамонлик саналар эканда а, деб. Назаримда одам сал бўлса ҳам бу ерда, Ўзбекистонда қолганлар олдида хижолат бўлиши керак. Ахир улар нима қилаётган бўлса ҳам кўкрак ураётгани йўқ, индамай ишини қилаябди, эртага нима бўлиши ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмаябди. Маматов ахир ўзини аллаким деб атаётгани йўқ-ку!

    Ҳозир ўша томонларда ўнлаб мутлақо истеъдодсиз олиб қочарлар юрибди, ўнлаб уччига чиққан муттаҳамлар юрибди (ана ўшаларга нисбатан муттаҳам сўзини ишлатсангиз роса ўринли бўларди), ўнлаб бу ерда қолиб нимадир қилаётган чинакам қаҳрамонлар шаънига туҳматлар ёғдириб, дунё жамоатчилигининг бошини айлантириб юрган бетамизлар бор ўша томонларда. Негадир на сиз, на сизнинг ўша ҳимоянгиздаги шахс булар борасида қайғурмайсизлар. Ўша шахсни ўзи учун аллаким деб танлаб олган ўнлаб йигит-қизлар, бу ердаги не-не йигит-қизларнинг томирига болта уриб, гердайиб юришибди, аммо на сиз, на ўша одам бундан хабардорсиз. Нега? Чунки сиз у кишини мақташ билан оворасиз, у эса ўзига рақиблар танлаб, улар билан олишишга вақт сарфлайди. Агар чинакам “фидойи” бўлганда атрофидаги уч-тўртта йигит қиз учун эмас, миллатнинг ҳар бир ўғлони ва қизи учун тенг қайғуриб, “шогирдлари”ни тартибга чақирган бўлармиди… Фисқу-фасод аслида қайси томондан чиқаётганини биз, Ўзбекистонда қолганлардан сўранг биродар, биз яхшироқ биламиз. Кимни қучиб, кимни туртаётганингиз ҳақида сўранг…

    Хуллас дўстим хафа бўлмангу, аммо анави мактубингиз андак кулгули чиқибди. Зеро қаҳрамонларни сиз эмас халқ яратади, халқ яратиши учун унинг билан бўлиш керак. Жуда бўлмаганда унга фойдаси тегувчи нимадир қилиб, оғизни бемаза гаплардан тийиш керак. Бор гапим шу, биздан ўтган бўлса узур!

    Нидои Мазлум.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz