Ризобек Суббота, 2025-06-21, 01.08.59
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июнь » 3 » Саодат Пулканова муносабатига "Туронзамин" муносабати
    11.56.00
    Саодат Пулканова муносабатига "Туронзамин" муносабати
    “Туронзамин” саҳифаси раҳбарига!

    Ҳурматли бош муҳаррир!
    Сиз раҳбарлик қилаётган “Туронзамин” интернет журналида 2 июн куни эълон қилинган “Хоинлик рамзи” мақоласида (http://uzbekcongress.wordpress.com/2007/06/02/munosabat-72/#more-1891) атоқли халқ бахшиси, ўзбек достончилик мактаби асосчиси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоир ва унинг авлодлари шаънига номуносиб туҳмат гаплар айтилган. “Собиқ ҳамкасб” номи остида эълон қилинган бу мақолада қуйидаги жумлалар бор: “Пўлкан шоир авлоди КГБ билан фақат ҳамкорлик қилган эмас КГБда ишлаб келган. Бугун ҳам МХХда улар ҳукмрон.”. Бу гаплар Пўлкан шоир хотирасига ҳурматсизлик ва туҳматдир. Мен Пўлкан авлоди ва шу ном билан боғлик адабий сулоланинг бир вакили сифатида бу туҳмат ва иғво гапларга ўз норозилигимни билдираман.

    Ўзбек халқ оғзаки ижоди тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган Пўлкан шоирдан 70 дан ошиқ достонлар мерос бўлиб қолган. Бахши шоир ижодини ўрганиш бугунги кунда нафақат мамлакатимиз ичида, балки АҚШ, Туркия, Япония каби давлатлар фолклоршунослари томонидан давом эттирилмоқда.

    Кўпчилик тадқиқотчилар бир нуқтада кўпинча хато хулоса чиқарадилар. Улар машҳур бахшини 1942 йилда урушда вафот этган деб ёзишади. Аслида Пўлкан шоир 1942 йилда Сталин қатағонига учраб Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги қамоқхонага ташланган ва у ерда сил касаллигига чалиниб вафот этган. Уни биргина айби қишлоқдошларини”Пўлкан бобо, нега қовоғингиз солинган?” деган саволига жавобан “Сталинни жанозасидан келяпман” деган ҳазил гапи бўлган. Уни бу гапини ўша қишлоқда рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлаган Гделова деган рус аёлини КГБга чаққани бўлган. Агар мени бобом КГБ билан ҳамкорлик қилганда у қамоққа ташланмаган ва турмада вафот этмаган бўларди.

    Пўлкан сулоласининг иккинчи вакили Умарқул Пўлкан эса бир умр Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги Аҳмад Ёрлақабов жамоа хужалигида оддий вазифаларда ишлаб, оламдан ўтдилар. Отам, таниқли шоир Амирқул Пўлкан эса Совет даврига муросасиз шоир бўлган. У миллий руҳда ёзган шеърлари учун Ўзбекистон Ёзувчилар Союзидан ҳайдалган. Отамни бир қанча шеърлари севимли ҳофизимиз Дадахон Ҳасанов томонидан куйга солинган. Уни совет пайтида “Озодлик” радиоси орқали шеърлар ўқигани ва совет тузумидан норози бўлиб гапиргани ҳақида маълумотлар бор. Бу эса КГБга албатта ёқмасди ва шу сабабли у 1982 йилда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган бир тўйда заҳарланган, орадан уч кун ўтгач 34 ёшида касалхонада вафот этган. Отамнинг ўлдиришидан кейин раҳматли бобом Умарқул Пўлкан ўша пайтдаги Ўзбекистон КомПартияси биринчи котиби Шароф Рашидов билан учрашган. Шароф ота бобомга бу ишга аралашмасликни маслаҳат берган. Сабаби бу КГБ томонидан уюштирилган қотиллик бўлган.

    Отам вафот этганда укам Мақсуд бир ярим ёшлик мурғак гўдак эди. У отамни дийдоридан бенасиб ўсган. У катта бўлсам албатта отамни қотили кимлигини топаман деб ният қилган эди. Шу сабабли у ўз кучи билан, ҳеч кимнинг ёрдамисиз Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Институтига ўқишга кирди. Беш йиллик ўқишдан сўнг у тақдир тақозаси билан отам заҳарланган жойга, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрига ишга юборилди. Лекин Амирқул Пўлкан қотилини топишга улгурмади, орадан кўп вақт ўтмай у 2006 йилнинг кузида ўз вазифасидан озод этилди. Бунинг сабаби унинг поччаси, менинг турмуш ўртоғим, журналист Юсуф Расуловнинг фаолияти, унинг “Эрк” газетасида чиққан қатор мақолалари эди. Ҳозир укам ҳеч қаерда ишламайди, ҳамма эшиклар унинг учун ёпилган.

    Мана сизга КГБ билан “ишлаб келган” авлод тақдири.

    Ҳурматли бош муҳаррир!
    Сизни сайтингизда чиққан мақола Пўлкан шоир ва унинг авлодларига қилинган туҳмат ва ҳақоратдир. Ўзбек халқ оғзаки ижодига ўз умрини бағишлаган Пўлкан сулоласи вакили сифатида мен бу ҳолатга ўз норозилигимни билдираман.

    Пўлкан шоир ҳақида фикр билдиришдан олдин Пўлкан шоир ва унинг сулоласи амалга оширган ишлардан хабардор бўлиш, уларни ижодий мероси билан танишиш лозим деб ҳисоблайман. Ўзбек халқи Пўлкан сулоласига нисбатан ўз ҳурмат ва эътиборини йўқотган эмас. Пўлкан шоир оғзидан ёзиб олинган достонлар бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Адабиёт институти фондида сақланмоқда. Ҳали нашр этилмаган асарлари кўп. Интернетда www.pulkan.com саҳифаси очилган. Бу сулола ҳақида, сулоланинг адабий мероси ҳақида тасаввурга эга бўлмаган кишиларни кимгадир араз қилиб, асоссиз, туҳмат гапларни интернетда эълон қилиниши уятсизликдан бошқa нарса эмас. Уят сизларга!

    Саодат Пўлканова, Пўлкан сулоласининг тўртинчи вакили, шоира ва журналист .
    Швеция. 2 июн, 2007 йил.

    ТАҲРИРИЯТДАН׃ Уят деган гапни Ўзбекистондаги одамлар ҳаётини, (хусусан Ҳусниддин Қутбиддинов) ҳаётини хавф остига қўйиш билан машғул бўлга эрингиз Юсуф Расуловга айтишга журъатингиз етмадими? Пулкан шоирларнинг авлоди МХХ билан боғлиқ деган иддаони ёзган киши минг афсуски сизларга энг яқин одам бўлган ва у мақоласини юборса, табиийки бугунги каби сизга ҳам жавоб бериш имконини яратамиз. Эрингиз бир тийинга олмайман деган “Туронзамин”ни нашр ҳисоблаб жавоб ёзганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz