Ризобек Среда, 2025-06-25, 18.32.21
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июнь » 6 » “УЙДАН ЧИҚМАЙ ИСЁН ҚИЛИШ” БАҲСЛАРИГА ДОИР ФИКРЛАР
    20.46.20
    “УЙДАН ЧИҚМАЙ ИСЁН ҚИЛИШ” БАҲСЛАРИГА ДОИР ФИКРЛАР
    Эгамназар Шайманов. “Бирдамлик” фаоли.

    (Иккинчи мақола)

    “Бирдамлик” ҳаракатининг айримларга маъқул келмаган баёноти юзасидан ёзилган “УЙДАН ЧИҚМАЙ ИСЁН ҚИЛИШ” БАҲСЛАРИГА ДОИР ФИКРЛАР” номли мақолам яна баҳсларга сабаб бўлди. Қизиғи шундаки, изоҳлар дастлабки уч-тўрт куннинг ичида ёзилди. Қарши фикр билдирганлар ҳам “Исёнкор” сайти изоҳхонасининг “кунда- шундалари”, “Бу бобда мен кўп нарсани биламанми?” ёки “Ноҳақ бўлишим ҳам мумкиндир?” деб ўзига савол қўя олмайдиган кишилардир.

    Биринчи мақолада: “Шу тарздаги содда усуллар бир кун келиб бошқа бир кўринишдаги норозилик намойишларига айланиши мумкин”-дейилганди. Қуйида яна ўша мавзуда, тўғрироғи ўхшаш мавзуда фикр юритмоқчиман. Мақола мазмуни атрофимдаги деҳқонларнинг уйдан чиқмай қилган исёнлари, машваратлар сўнггида номойиш қилишга аҳд қилганлари, амалга оширган тадбирлари провакацияга учрагани ва алал-оқибат ўзларини қаноатлантирган ғалабага эришганлари ҳақдадир.

    Турмушингизни абгор қилаётган рахбарингизга қарши қай усулда норозилигингизни билдира оласиз?

    Оддий бу саволга минг турда жавоблар бўлиши табиий. Берилиши мумкин бўлган жавобларнинг энг тўпориси ва энг содда кўринишидагиларини тахмин қилайлик. Кимдир рахбарини йўқ қиламан, ҳам дейиши мумкин. Яна кимдир у билан ёқавайрон бўлишдан қайтмаслигини билдиради. Кимдир ошкора ҳақоратлашга куч топар, бошқа биров эса ичида буриқситиб сўкиш билан қаноатланади. Лекин, бу бобда мутлақо “худога солувчилар” ва хатто, турмуш тарзига путур етказган рахбарнинг қўлини сиқиб, қутлаб қўйишгача борадиганлар ҳам йўқ эмас ва афсуски бундайлар жуда ҳам кўп.

    Шу ўринда айрим воқеалар ёдимга тушади.

    Ўзбекистоннинг бугунги Қишлоқ хўжалиги вазири Сайфиддин Умарович Исмоилов Дўстлик туманидаги ҳокимлик мавқеини “мушт” сиёсати билан ўтаётган 2003 йил эди. Йиғинларда фермерларни қатор тизиб, навбат билан уриб чиқиш унинг “хоббиси” эди. Ҳоким томонидан аёвсиз калтакланган бир фермердан хол сўраб уйига бордик. Фермер дастлаб калтакланганини тан олмади. Нима юз берганини эса ахволидан кўрса бўларди. Биз ангорига шаъма қилдик ва эшитганимизни аниқ айтиб бердик. Фермер: “Рахбар бўлганидан кейин уради-да”,-деди совуққонлик билан ва орқасига бурилиб, уйига кириб кетди…

    2005 йил 23 январ куни шу туманининг Қ. Раҳимов номли хўжалигида тракторларнинг баҳорги тайёргарлигини текшираётган сенатор-ҳоким М. Холбўраев ёши ўзи билан тенгроқ бўлган тракторчи Шерзод Соиповни “онангни”лаб сўкиб қолди. Деҳқон дастлаб ўзини босди. Босиқлик билан ўз важларини айиб, рахбарини инсофга чақирди. Ҳоким эса уни эшитиш ўрнига, муштимига зўр берди. Тоқати тоқ бўлган деҳқон ҳокимни ва дарҳол унинг ҳимоясига етиб келган Қишлоқ маҳалла қўмитаси раиси ва бош мухандисни лойга белаб, расво қилиб урди.

    Навбатдаги воқеа эса ҳикоя қилинган икки холат сўнггида кечган ҳаммабоп исён билан боғлиқ. Бунгача атрофимиздаги деҳқонларнинг ҳукуматчиларга нисбатан норозилик ҳаракатларида ёки изоҳчиларнинг такидича “ҳаракатсизлигида” “Бирдамлик” рахбари тушинтира олмаётган куриниш юз берганмиди?

    Музокара ва қизғин баҳсга сабаб ушбу мавзу кўриниши Дўстлик тумани ҳокимияти биноси олдида 2005 йил 1 феврал куни ўтказилган пикет арафасида бўлган эди, дея оламан. 50 дан зиёд фермер ўз фаолиятларига ноодил нуқта қўйган “истиқболли” диктатор ва республикадаги энг ёш сенатор Маҳмуд Холбўтаевга нисбатан норози кайфиятда эдилар ўшанда. 2004 йил сўнгида улар судлашиш бефойда эканлигини тушинишиб, ўз норозиликларини қайсидир кўринишда намойиш этмоқчи бўлдилар.

    Аслида, бундай норозилик ҳар бир деҳқончилик йили сўнггида юз берарди. Сабаб, ер сотишга одатланган раҳбарлар салгина “оёғи тойган” фермернинг ерини тортиб олишга йил давомида тайёргарлик кўриб боришарди. Фермер парвариш йили давомида, гарчи ўзига боҳлиқ бўлмаган сабаблар туфайли хато қилса,—каналда сув бўлмаса ва экинини суғора олмаса, Кимиё ташкилоти ўғит бермаса ва ўсимликни озиқлаш кечикса… барибир, миршаблар воситасида ундан: “далани ўз ихтиёрим билан топшираман”-мазмунидаги ариза ёздириб олинарди. Мажбуран ёздирилган бу аризалар ҳокимнинг темир сандиғида сақланарди ва кеч кузда хўжалик судига топшириларди.

    Даставвал норозилик сув танқислиги сабаб режалари 90 фоизгача бўлган фермерларда кучлироқ кечди. Мен улар сафига қўшилган, лекин бошқалардан бир йил бурин—2003 йил кузида ижара ери тортиб олинган оилавий “Қахрамон” фермер хўжалигининг йиллар давомида эришган натижалари кўрсаткичини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман:

    Ушбу фермернинг молиявий натижалари ҳам ёмон эмас:

    Пахта тайёрлаш корхонаси 700 000 сўм;
    Агрокимё ташкилоти 392 302 сўм;
    МРПСО ташкилоти 167 000 сўм фермер хўжалигидан қарздор ва фермернинг туман МТП ва Дон Махсулотлари Комбинатидан 200 минг сўм қарзи бўлиб, бу қарздорлик ҳисоб-китоб шартига кўра янаги йил ҳосилига йўналтирилиши керак бўлган, тугалланмаган харажатлар сирасидадир.

    Оила аъзолари, ака укалари билан ўз ерида ишни қойиллатиб, режаларни дўндириб турган бу фермер хўжалигини ерсизлантиришга ҳеч қандай асос йўқ эди. Лекин, унинг даласи фавқулодда унимдор, пасёлкага яқин жойлашган, чоғлигина чайласи электлаштирилган ва даланинг чор атрофи ихоталанган, хуллас мана-ман деган ерфурушнинг кўзини ўйнатадиган даражада кулай шароитли эди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, “Қахрамон” фермер хўжалигидан ерни олишда бошқача “услуб” қўлланилди. Яъни, “арқонни узун ташладилар”.

    2003 йил бошида унга суғориш ўта қийин, ташландиқ ва қуватсиз 17 гектар ерни мажбурий тарзда топширдилар. Аввалига: “Сенинг чопиқ ва ҳайдов тракторларинг бор, сен бу ерни ҳам эплай оласан”-дейишди. Кўнавермагач, ишласанг шу, ишламасанг ерни топшир, дедилар. Боз устига ўша йил қурғоқчил келиб, сув танқис эди. Янги 17 гектар ерига бирон марта сув ҳайдаб олиб бора олмаган фермернинг калласи “тутаб” турган бир вазиятда ундан мажбурий тарзда ариза ёздириб олдилар.

    Фермернинг аризаси ўзига зиён қилди. Унинг туман ҳокимлигидан тортиб то вилоят ва Олий хўжалик судигача бўлган барча уринишлари ҳеч бир натижа бермади. Асосий кун кўриш манбаи бўлган еридан ажралиш серфарзанд оила учун ҳалокатли эди.

    Фермер хўжалигининг Хўжалик судида жамланган хужжатлари билан танишганимизда қозиларнинг ҳоким манфаатида адолат посонгисига ғирромона тош босганларининг гувоҳи бўлдик. Дўстлик туманидаги бу фермер хўжалигининг ДЕЛОсига у билан номдош, лекин анчагина қолоқ бўлган Пахтакор туманидаги “Қаҳрамон” фермер хўжалигининг хужжатларини тиқиштириб қўйишган эканлар. Ким билсин, балки пайтахтдан келган текширувчилар учун бирров кўрсатиб, ўзларининг “ҳақ” эканликларини дастаклаш учун шу сохталик керак бўлгандир. Нима бўлганда ҳам мақсад фермердан ерни тортиб олиш эди, ғирром усулда бўлса ҳам мақсадга эришдилар.

    “Қаҳрамон” фермер хўжалиги каби йиллар давомида натижалари беқусур бўлган яна кўпгина фермерларнинг 2004 йил сўнггида ери тортиб олинди. Бундай деҳқонлар ҳамма хўжаликларда бор эди. Улар кун аро бирон бир уйда тўпланишар, нарди суришар, карта уйнашар, ўз муаммолари бўйича суҳбатлашишарди. Даставвал бир-икки деҳқондагина бўлган кучли исён, шундай ўтиришлар туфайли ўзларини чорасиз ҳисоблаган бошқа деҳқонларга ҳам кўчиб борди. Икки ой бурун, нисбатан уйғоқ фермерларнинг режаларини қўрқиб тинглаётган бошқаларнинг ҳам юрагида исён аланга олганди. Совуқ қиш кунлари улар уйдан чиқмайгина бир бирини уйғотаётганди.

    Йилнинг сўнгги кунларида фермерлар бир қарорга кела олгандилар. Улар ҳокимият биноси олдида номойиш ўтказиб, ҳакимиятга ўз норозиликларини билдириб қўйишга қарор қилишганди.

    Икки ойча уй ичида, ёнбошлашиб, чой хўплашиб қилинган машваратлар қиёмига етганди. Шундан сўнг, янги йил арафасида Дўстлик туманининг барча хўжаликларида якуний йиғинлар ўтказилди. Хўжаликлардаги барча йиғинларга ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида мени ҳам чақиришди. Менинг қойил қолганим, рахбарларнинг кун аро ўтказадиган мажлисларидан фарқли равишда, эркин фикрлар, бир-бирининг фикрини беозор муҳокама қилиш, бир-бирига нисбатан хурмат тарзида ўтар эди фермерлар йиғинлари. Айтилган таклифлар бандма-банд пратоколга тушириларди.

    Энг асосий муаммолар алоҳида ёзилиб, норозилик боиси қилиб кўрсатилди. Шундай муаммолар сабаб, бир ойдан сўнг—1 феврал куни Дўстлик тумани ҳокимияти биноси олдида “Ноқонуний тортиб олинган ерларимизни қайтариб беринг!” мавзусида пикет ўтказишга қарор қилинди. Йиғилишлар қарорлари туман ҳокимлигидан тортиб, то призидентгача бўлган барча ташкилотларга юборилди.

    Орадаги бир ой ичида рахбарият—ҳоким, ҳокимият вакиллари, ИИБ, МҲХ ва прокуратура ҳодимлари норозиларга қарши “тарғибот” ишларини олиб бордилар. Лекин, бу уйғоқ фермерларни шаштидан қайтариш ҳам энди анча маҳол бўлиб қолганди.

    Пикетдан бир кун олдин барча хўжаликларга ИИБ ва МҲХ ходимлари юборилди. Улар автобекатларда, пикетга чиқиши мумкин бўлган фермерлар яшайдиган кўчаларда, уларнинг дарвозалари олдида “пистирма” қуриб, ётиб олдилар. 31 январ куни кечга яқин хўжаликлардан туманга томон йўлга тушга автомашиналар тўхтатилиб, назорат қилинди.

    1 феврал куни тонгда хўжаликлардан чиқадиган барча машиналар тўхтатиб қўйилди. Шу йўллардан юрадиган туманлараро автобусларнинг бекатларда тўхтаб ўтиши тақиқланди. Ҳуллас, бир қараганда “тартибни сақловчилар” ўз ишини пухта амалга ошираётгандек эди.

    Лекин, мўлжалдаги номойиш узоқ давом этган маслаҳатлар асосида ташкиллаштирилган ва унга нисбатан органлар ва рахбариятнинг қилиши мумкин бўлган қаршилиги албатта инобатга олинган эди. Зотан, нозўравонлик қаршилигининг асосий таркибий қисмларидан бири ҳар қандай оқибатларга тайёр туриш бўлиб ҳисобланади.

    Шундай бўлишини билган фермерларнинг айримлари бир кун олдин туман марказига келиб олишгандилар. Туманга келмаганларнинг аксарияти 31 январ куни кеч кирганда бошқа уйларда тўпланиб бўлишгандилар. Айримлари қоронғу тушгач, деворлари оша қўшниларининг ҳовлисидан ўтиб келишилган жойга тўпландилар.

    Фермерлар пикетга оилавий чиқишга келишгандилар. Ярим тунда аёлу-эркак фермерлар турмуш ўртоқлари, ёш болалари ва айримлари қари оналари билан туман марказига томон йўлга тушдилар. Улар миршаблар машинаси изғиб турган асфальт йўлдан юра олмасдилар. Шудгор оралаб, қор ва лойларни кечиб 10-15, энг узоқ М. Дадажонов номли хўжаликда яшовчилар 25 чақирим йўл босдилар.

    Деҳқонларнинг айримлари тунда, айримлари тонгда туман марказига етиб келгандилар. Эрта келганлар шаҳардаги “дом”лар подездларида, темир йўл вогонлари остида… тонгни дийдираб қарши олдилар. Кун жуда совуқ эди. Лекин, норозилик исёни совуқдан кучлироқ эди.

    Деҳқонлар: “Мен бу адолатсизликни бартараф қилишга шу қадар қаттиқ ҳаракат қилаяпманки, мақсадга эришиш учун ўз мухолифимни изтироб чекишга мажбур қиламан”, дейиш ўрнига, “Мен бу адолатсизликни батараф қилишга шу қадар қаттиқ ҳаракат қилаяпманки, ўз мақсадимга эришиш йўлида ҳар қандай изтиробга тайёрман1”, қабилида иш тутардилар.

    Пикетда туриш учун 100 дан зиёд одам шаҳарга келиб улгурганди. Уларга қарши эса туман ва хўжаликларнинг барча рахбарлари чақирилганди. Қаршиларнинг сони пикетчилар сонидан уч ҳисса зиёд эди. Яна туман ҳокими М. Холбўтаев номойишчиларга қарши туман каратэ-до федерацияси таркибидаги 20 йигитни ҳам номойишчиларга қарши ёллаганди. Булар провакацияга тайёр турардилар.

    “Мухолифингизнинг сизга нисбатан зўравонлик қилишига тайёр бўлишингиз ҳамда изтиробларга тайёр бўлишингиз мақсадга эришиш учун кўп ҳолларда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Қаршилик кўрсатишнинг турли шакллари аҳлоқий позициянинг аниқлигини таъминлайди, бу эса намойишчиларни янада жасоратли қилади ва омма ҳурматининг қозонилишига сабаб бўлади2”.
    Гарчи, бир неча дақиқагина давом этган ушбу пикет каратэчилар томонидан аёвсиз калтакланган эсада, бундан деҳқонларнинг шукуҳи синмади. Шундан сўнг улар узоқ вақт курашни давом этдирдилар. Бу деҳқонлар пайтахтда ҳам пикетларда, ўз муаммолари бўйича матбуот анжуманларида иштирок этишди. Алал оқибат кураш ривожида, туман ва вилоят ҳокимларининг аҳволи танг бўлган лаҳза ҳам келди. Вилоят ҳокими Убайдулло Ёмонқулов қўлларни кўксига қўйганча хатосини тан олди. Туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев йиғламсираб, кечирим сўраб ёлборди! “Олинглар, ўз ерларингни қайтариб бердим!”-дейишди улар. Лекин, қизиғи шундаки, фермерлар бир овоздан ижара ерларининг бахридан ўтишди. Катталарни тавба қилдириш, хатосини бўйнига олдириш, керак бўлса уларга, “сичқоннинг ини минг танга”- қилиб қўйиш насиб бўлганди. Шу ғалабанинг ўзи кифоя қилганди уларга.*
    “Нозўравонлик усулларидан фойдаланиш бизга муайян мажбуриятлар юклайди, чунки биз ўзимизнинг одамлар билан ўзаро муносабатларимизни тегишли тарзда йўлга қўйишимиз ҳамда анъанавий бўлмаган ёки эришиш унча осон бўлмаган баъзи тамойилларга, қандайдир тактик манфаатга эришишдан кўра кўпроқ хоссага эга тамойилларга ишонишимиз керак бўлади3”.
    Мақола давомида деҳқонларнинг ўз муаммоларига нисбатан уч хил холатда ёнашганларини эсладик. Учинчи ҳолатдаги исённи намоён қилишда, юзага чиқаришда уй ичидаги тадбирлар афзалдир. Бундай ҳолатлар кишиларнинг ўз муаммоларини муҳокама қилишлари, ҳуқуқий онгларини оширишлари, бир-бирларидан шуур ва жасорат олишлари, қонуний ва нозўравон ҳаракатлар ишлаб чиқишлари ва бу борада бир қарорга келиб олишлари учун ҳам шу усул афзал кўрилди ва олға сурилди.

    Изоҳлар: 1, 2 —НОЗЎРАВОНЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ: “ОЛТИ СТРАТЕГИК ЙЎЛ”
    3 — НОЗЎРАВОНЛИК УСУЛЛАРИ ТАРАФДОРЛАРИНИНГ ФАЛСАФАСИ.
    (Давоми бор)
    Manba:"BIRDAMLIK".

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz