Эгамназар Шайманов. “Бирдамлик” фаоли. (Иккинчи мақола давоми) * ЭСЛАБ ЎТИЛГАН ВОҚЕАЛАР ҚУЙИДАГИ МАНБАЛАРДА ЁРИТИЛГАН ЭДИ: Дарҳол қарши изоҳ ёзишга одатланганлар энди ушбу саволга жавоб беришсинлар, чет элдан туриб қилган чақириғингизга неча одам қўшилиши мумкин? Биз Сизларга латифа айтганимиз йўқ ҳали. Айни айтилаган мисолга ҳам, “айтганларингиз биз учун ҳамиша кулгили”-деб изоҳ ёзишга чоғланаётганлар ҳам бордир. Чунки, Баҳодир Чориевнинг илгарироқ митинг ва пикетлар қилиш юзасидан қилган даъватлари ҳам кўпларга маълол келган, энди муҳокамага қўйилган янги таклифи юзасидан эса, ўшалар: “Йўқ, бу акция эмас, митинг ва пикетлар акция”-дейишаётир! Хар Махатма Гандига кўра, нозўравонлик усуллари «сатьяграха», яъни «ҳақиқат кучи»нинг моҳиятини ташкил этади. Нозўравонлик ижодий, позитив, фаол куч куч бўлиб, шу сабабли у зиддиятни ҳал қилиш воситаси сифатида зўравонликдан фойдаланмайди, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришларга интилувчилар учун ҳақиқатан ҳам инқилобий усул бўлиб ҳисобланади. 2. НОЗЎРАВОНЛИК УСУЛЛАРИ ТАРАФДОРЛАРИНИНГ ФАЛСАФАСИ. Агар биз зулм-зўрлик қўллашдан бош тортишни ёқласак, воситалар мақсадларга мувофиқ бўлмоғи керак. Агар бизнинг мақсадимиз нозўравон дунё, асосини ижтимоий адолат ташкил қилган дунё бўлса, биз зулм-зўрлик ва террорчилик каби воситаларнинг қўлланишини қораламоғимиз керак. «Уруш тинч келажак қуриш учун ёмон воситадир. Биз тинч мақсадларга тинч воситалар билан интилишимиз керак». Мартин Лютер Кинг Нозўравонлик биздан инсониятга ва инсон ҳаётига нисбатан ҳурматни талаб этади. Модомики, биз зўравонлик усулларини рад этган ҳолда ўзгаришлар сари интилаётган эканмиз, ўз мухолифларимизга нисбатан ҳурмат, самимият ва муҳаббат билан муносабатда бўлишимиз лозим бўлади. Бизларнинг ҳар биримиз ҳақиқатни бир қисмига эгамиз ва ҳаммамиз – нозўравонлик тарафдорлари ҳам, уларнинг рақиблари ҳам - йиққан билимларимиздан ўзимиз учун фойдалироқ хулосалар чиқарамиз. Бу дунё умумнинг фаровонлигига «хизмат қилиши» учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак. Бизларнинг ҳар биримизда дунё мозаикасининг бир бўлаги мавжуд ва зўравонликдан бош тортарканмиз, биз яхлит картинани қайта яратиш имкониятига эга бўламиз. Зўравонликдан бош тортишдан мақсад пировардида ўзимизни ўзгартиришимиз билан бирга рақибларимиз позицияларини ўзгартириш ҳамдир. «Зўравонлик ишлатмасдан инқилобни амалга ошириш - ҳокимиятни эгаллаб олиш дастури дегани эмас. Бу одамлар ўртасидаги ҳокимиятни топширишга олиб борувчи муносабатларнинг янгиланиши дастуридир». Махатма Мохандус К. Ганди Нозўравонлик ҳаракатлари қандайдир тадбирни ўтказишда тактик унсур сифатида ишлатилиши ёки яшаш тамойили бўлиши мумкин. Нозўравонликга қайси томондан туриб қаралмасин, зўравонликдан бош тортишнинг самарадорлиги жуда юқоридир. Нозўравонлик усулларидан фойдаланиш бизга муайян мажбуриятлар юклайди, чунки биз ўзимизнинг одамлар билан ўзаро муносабатларимизни тегишли тарзда йўлга қўйишимиз ҳамда анъанавий бўлмаган ёки эришиш унча осон бўлмаган баъзи тамойилларга, қандайдир тактик манфаатга эришишдан кўра кўпроқ хоссага эга тамойилларга ишонишимиз керак бўлади. 3. ҒАЗАБ Тан олишимиз керакки, кўпинча ўзимизни тутишимизда ғазаб юзага чиқади ва ғазаб ҳар биримизда анчагина бор. Бизнинг вазифамиз ўз ғазабимизни керакли ўзанга солиб юборишдан иборатдир. Нозўравонлик тарафдори бўлганимиз учун биз ҳеч қачон ғазаб ҳиссини бошдан кечирмаймиз, деб ўйлаш хато бўларди. Агар биз ўз ғазабимизни конструктив тарзда ифодалай олмас эканмиз, биз ўз ҳисларимизни бўғамиз, бу ўз устимиздан қилинган зўравонлик бўларди. Барбара Деминг ғазабнинг икки турини белгилайди. Биринчиси – ғазаб ҳаммаси яхши томонга ўзгаради, деган кучли ишончга айланади. Ғазабнинг бу тури кишини ўзи ва рақибини ҳурмат қилган ҳолда курашишга олиб келади. Бундаги мантиқ қуйидагичадир: Мен мазлум роли ўйнаётган эканман, ўз қарашимни ўзгартиришим керак, сен золим мустабид ролини ўйнаётган экансан, сен ҳам ўз позициянгни ўзгартиришинг керак. Ҳар иккала томон ҳам ўз позицияларини ўзгартиришлари мумкин. Бу конструктив хоссага эга бўлган ғазабдир. Ғазабнинг иккинчи тури, Демингга кўра, анча оғриқли кечинмани пайдо қилади. Бу таҳлит ғазабни бошидан кечираётган кишининг мантиғи қуйидагича: «Сен ўз позициянгни ўзгартиришинг шарт ва уни ўзгартира оласан, лекин сенинг мавжудлигингнинг ўзиёқ мен учун ҳавф-хатар юзага келтиради». Бу каби ғазаб зарарлидир ҳамда у кўпинча зўравонлик ва ўзаро қўрқувга олиб келади. НОЗЎРАВОНЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ ТЎРТ АСОСИЙ ТАМОЙИЛ 1) Ўз мақсадларингизни аниқ қилиб белгилаб олинг. Бизни ҳар тарафдан адолатсизлик ва зўравонлик ўраб турибди. Уларни битта кампания ёки тадбир мобайнида емириб ташлашнинг имкони йўқ. Энг аввало адолатсизликнинг қандайдир конкрет кўринишларига эътибор қаратиш ҳамда уларни ҳақиқатан ҳам содда ва аниқ позициядан туриб муҳокама қилиб олиш керак. Агар яқин ва узоқ муддатли мақсадлар аниқ белгилаб олинса, бу кампанияни олиб бориш чоғида музокаралар олиб бориш ва қарор қабул қилишнинг кейинги жараёнларини анча осонлаштиради. 2) Ҳалол ўйнанг ва рақибингизни тинглай билинг. Ўз мақсадларингизга эришиш учун рақибингизнинг ҳурматини қозонишингиз шарт. Ўзингизни шундай тутингки, сизнинг ҳақиқат ва адолатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатингизни кўриб, рақибингизда сизга нисбатан ҳурмат уйғонсин. Зўравонлик усулларини рад этишда томонларнинг ҳеч қайсиси муҳокама қилинаётган масалага нисбатан тўла ҳақ бўла олмаслигини англаш зарур. Ҳақиқат излашда сизнинг рақибларингиз сиз олиб бораётган кампания ҳақида нима дейишаётганларини диққат билан эшитиш керак. Шу ўринда сизнинг томонингизда бўлганларнинг фикрларига диққат билан қулоқ солган ҳолда, сиз қарши чиқаётган мустабидлик ўзингиз томонингиздан бошқа одамларга зулм ўтказишга айланиб қолмаслигини назорат қиласиз. 3) Ўз душманларингизни сева олинг. Айрим кишилар зўравонлик ва адолатсизлик тўрига қанчалар ўралашиб қолганликларидан қатъий назар, сизнинг вазифангиз бошқаларни ножўя қилмишлари учун жазолаш эмас, бу номақбул тўрларни узиб ташлаш бўлиб ҳисобланади. Қачонки одамлар инсон инсонга зулм ўтказадиган жамиятда яшашдан бош тортсалар, бу каби жамиятда яшаб туриб, бир-бирларини йўқ қилмасалар, ўшандагина ҳақиқий адолат ҳукмрон бўлади. Куч ишлатишдан бош тортиш истисносиз ҳаммага ҳурмат кўрсатишга астойдил ва онгли равишда ҳаракат қилиш ҳамда баъзи одамлар буни у ёки бу вазиятдагина қилишини қоралашни талаб қилади. 4) Ўз рақибларингизга чекиниш учун жой қолдиринг. Нозўравонлик усулларини қўллар экансиз, сиз адолатсизлик устидан ғалаба қозонувчи кучни намойиш қиласиз. Мухолифлар билан сўзлашув чоғида муросасиз бўлманг. Уларнинг ожиз томонлари ва ҳавфсирашларига нисбатан бардошли бўлинг. Курашнинг айрим ҳолатларида ҳамда йирик кампаниялар ўтказиш чоғида уларга юзага келган вазиятдан чиқиб кетиш имкониятини беринг. Ўз талабларингизни ўзгармас қилиб қўйманг, ҳар доим мухолифларга танлов имкониятини қолдиринг. ОЛТИ СТРАТЕГИК ЙЎЛ 1. Ишнинг моҳиятини уқиб олинг. Фактлар тўпланг. Аввал-бошданоқ юзага келиши мумкин бўлган барча англашилмовчиликларни тушуниб олишга ҳаракат қилинг. Адолатсизлик очиқ-ошкор кўринган пайтда унинг ҳақиқий сабабини ёки бу адолатсизлик айбдорларини аниқланг. Замонамиз мураккаблиги биздан у ёки бу адолатсизлик сабабларини қидиришга ҳар томонлама ёндошувни талаб қилади. Демагогия (сафсатабозлик) бошқа одамлар томонидан қўллов топишга ва англашилмовчиликдан халос бўлишга ёрдам бермайди. Бунда фақат у ёки бу фактларни изоҳлаб, тушунтириб беришга таянишга тўғри келади. 2. Музокара олиб бориш қоидаларига риоя қилинг. Рақиблар билан учрашув чоғида уларга ўз қарашларингизни баён қилинг. Шу босқичнинг ўзидаёқ бир қарорга келиш мумкин. Балки мухолифларингизнинг сиз билмайдиган муаммолари бордир. Эндиликда буни аниқлашнинг имкони бор. Агар бир қарорга келишга эришолмасангиз, мухолифларингизга адолат ўрнатишга қаттиқ қарор қилганингизни англатиб қўйинг. Шу билан бирга уларга сиз ҳар доим музокарага тайёр эканингизни билдириб қўйинг. 3. Ахборот тарқатинг. Кампаниянинг барча иштирокчилари ва уларга ҳайрихоҳ бўлган кишиларни ҳар бир ишдан хабардор қилиб туринг, жамоатчилик фикрига таъсир ўтказинг. Бунинг учун унча катта бўлмаган, аммо яхшилаб ўйлаб пишитилган матбуот нашрларини босиб чиқариш мумкин. Шу билан бирга, кўча томошалари, кўчаларда нотиқларнинг чиқишларини ташкил этиш, уйма-уй юриш, телефон орқали сўзлашувлар ва матбуотда чиқиш каби бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Маҳаллий газеталар муҳаррирлари ва сиёсий арбоблар билан алоқа ўрнатинг. Доим очиқ фактлар билан ишлашга ҳаракат қилинг, муболағалардан қочинг, ниятингиз эзгу эканини намоён этинг. Лўндалик сизнинг қуролингиздир. Билингки, одамларнинг кампаниянгизга бўлган муносабатлари унинг муваффақиятига ҳал қилувчи таъсир ўтказиши мумкин. 4. Намойишлар уюштиринг. Курашнинг кейинги босқичлари пикетлар, вахталар, оммавий намойишлар уюштириш ва варақалар чиқариш бўлиб ҳисобланади. Агар бу тадбирлар яхши уюштирилса, бу сизнинг мухолифингиз позициясига, жамоатчилик фикрига, матбуотга ва қонун чиқарувчиларга сезиларли таъсир ўтказиши мумкин. Намойишчилар ҳамма нарсадан яхши хабардор бўлишлари, ҳиссиётга берилмасликлари керак. Улар фитналарга (провокацияларга) қарши туришга ҳамда ўз томонларидан куч қўлламаган ҳолда муҳтамал зўравонликни ваҳимага тушмасдан қайтаришга қодир бўлишлари зарур. Бу босқичда интизомни қаттиқ риоя қилиш, хотиржамликни сақлаш зарур. 5. Қаршилик кўрсатинг. Аввалги тўрт усулга қўшимча равишда сўнгги восита зўравонликсиз қаршилиги бўлиб ҳисобланади. Нозўравонлик қаршилиги бойкот, очлик, иш ташлаш, солиқ тўламаслик, пикет қилиш ва фуқаровий бўйсунмасликнинг бошқа шаклларини ўз ичига олиши мумкин. Ҳаракатларни пухталик билан режалаштириш ва одамларни курашнинг нозўравонлик усулларига ўргатиш лозим бўлади. Муҳтамал фитналарга чап бериш мақсадида интизомни маҳкам тутиш зарурдир. Ҳар қандай фитнага осойишталик билан, жавоб чораларини қўлламасдан муносабат билдириш керак бўлади. Яхши уюштирилган қаршилик тадбири унинг иштирокчиларига ҳам, кенг жамоатчиликка ҳам ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. нозўравонлик қаршилигининг асосий таркибий қисмларидан бири ҳар қандай оқибатларга тайёр туриш бўлиб ҳисобланади. Сиз: «Мен бу адолатсизликни бартараф қилишга шу қадар қаттиқ ҳаракат қилаяпманки, мақсадга эришиш учун ўз мухолифимни изтироб чекишга мажбур қиламан», дейиш ўрнига, «Мен бу адолатсизликни батараф қилишга шу қадар қаттиқ ҳаракат қилаяпманки, ўз мақсадимга эришиш йўлида ҳар қандай изтиробга тайёрман», дея баёнот берасиз. Мухолифингизнинг сизга нисбатан зўравонлик қилишига тайёр бўлишингиз ҳамда изтиробларга тайёр бўлишингиз мақсадга эришиш учун кўп ҳолларда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Қаршилик кўрсатишнинг турли шакллари аҳлоқий позициянинг аниқлигини таъминлайди, бу эса намойишчиларни янада жасоратли қилади ва омма ҳурматининг қозонилишига сабаб бўлади. 6. Бардошли бўлинг. Бирор-бир арзирли мақсадга бир кун ичида эришишнинг иложи йўқ. Бу ҳам жомеъ қурилиши каби баъзан бир неча йил меҳнат қилишни талаб этади. Адолатсизлик ва истибдодни чуқурроқ ўрганиш бу уларни юзага келтираётган тузилмаларнинг бори мураккаблиги билан ўрганиш демакдир. Бу тузилмаларни (структураларни) парчалаб ташлаш мумкин, аммо бу кўп меҳнат ва ғояга содиқликни талаб қилади. Айрим кишиларнинг фаолиятлари, агар улар ойлаб ва йиллаб олиб борилиши мумкин бўлган нозўравонлик қаршилиги ҳаракати атрофида бирлашган бўлсалар, анча самарали бўлиши мумкин. Ҳаракат йўлида кўплаб муваффақиятсизликларга дуч келиш мумкин, шунингдек, таслим бўлишга иштиёқ туғилиши мумкин. Ҳаракатнинг бирор-бир тадбири «ғалаба ёки ўлим» шиори остида ўтказилмаслиги керак. Бу тамойиллар даставвал АҚШда инсон ҳуқуқлари учун кураш чоғида ишлаб чиқилган ва Мартин Лютер Кинг илтимосига кўра «Яраш ҳамжамияти» (Fellowship of Reconcilliation) ташкилотининг Америкадаги бўлими томонидан чоп этилганди. FOR халқаро ташкилоти нозўравонликга ҳаётий тамойил ва озодлик кураши сифатида ўзини бахшида қилган миллатлараро ва динлараро ҳаракат бўлиб ҳисобланади. «САТЬЯГРАХА»НИНГ АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАРИ. ГАНДИЧА НОЗЎРАВОНЛИК 1. «Сат» - очиқлик, ҳалоллик ва адолатни англатади. Ҳақиқат. A) Ҳар бир инсоннинг фикр ва мулоҳазалари ҳақиқатнинг бир қисмини ўзида акс эттиргандир. Б) Ҳақиқатни тўлалигича англаш учун бизларнинг ҳар биримиз ўз ҳақиқатимиз билан ўзаро ўртоқлашишимиз керак. B) Бу зарур муомала кўникмаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришни талаб қилувчи одамлар билан мулоқот қилишга интилишни кўзда тутади. Г) Имкон қадар тугал ҳақиқатга етиш истаги бизнинг ўз ҳақимизда ва бировлар ҳақида қатъий ҳукм чиқаришга интилмаётганимизни билдиради. 2. “Ахимса”- бошқаларга зарар етказишдан бош тортиш. А) “Ахимса” бизнинг мулоқотга интиқлигимиз ва ўз ҳақиқатимизни бошқа одамлар ила ўртоқлашишни истаётганимиз билан белгиланади. Зўравонлик мулоқот йўлларини беркитади. Б) «Ахимса» тушунчаси асосий динларнинг кўпчилигида мавжуд. Бундан келиб чиқадики, гарчи «ахимса» кўпчилик одамлар томонидан қўлланилмаса ҳам, у идеал ўлароқ эъзозланади. В) «Ахимса» – инсонийлигимизнинг намоён бўлиши ва ҳурматга лойиқ бўлиши учун қилган жонкуярлигимиз ифодасидир. Г) Биз ўз мухолифларимизни самимий севишга ўрганишимиз керак. Фақат шундагина биз «ахимса»ни қўллай оламиз. 3. «Танасья» - ўзни қурбон қилишга тайёр бўлиш. А) «Сатьяграхи» («сатьяграха»га амал қилувчи киши) ўз мухолифлари елкасига азоб-уқубатлар юкламасдан, бошланган курашда ҳар қандай қурбон беришга тайёр бўлиши керак, акс ҳолда мухолифлар ундан ўзини четга оладилар ва мухолифлар эга бўлган ҳақиқатга етолмай қолинади. «Сатьяграхи» доимо ўз мухолифига чекиниш учун муносиб йўл қолдириши ва «ўз юзини сақлаб қолиш» учун имкон бериши керак. «Сатьяграхи»нинг мақсади мухолифни ерга қориб ташлаш эмас, балки чинакам адолатнинг янги уфқларига етишиш бўлиб ҳисобланади. «САТЬЯГРАХА» ҲАРАКАТИ Қоидалар: 1. Ўзингизга таянинг: ҳаракатингизнинг принципиал масалаларида сиз фаолиятини назорат қила олмайдиган кишиларга қарам бўлиб қолманг. 2. Ташаббусни ўз қўлингизда ушлаб туринг: ҳатто мухолифнинг акс муносабатини кутаётган чоғингизда ҳам фаол конструктив ҳаракатлар олиб боришда давом этинг. 3. Ҳар доим ахборот ташвиқотини олиб бориш. 4. Талабларни минимумга тушириш, аммо асосий талабдан ҳеч қачон чекинмаслик. 5. Турғунлик (ҳаракатсизлик) вазиятига тушиб қолишдан қочиш. 6. Ўз ҳаракатингизнинг заиф томонларини ҳар томонлама ўрганинг. 7. Мухолифлар билан ҳамкорлик қилиш йўлларини қидиришдан ҳеч қачон бош тортманг. Сизнинг чиқишларингиздан мақсад мухолифнинг ўзи эмас, олдингизда турган муаммо бўлсин. Ўзни тутиш кодекси: 1. Мухолифларга қарши зарба беришдан бош тортиш. 2. Ҳақорат қилишдан бош тортиш. 3. Мухолифларни уларга нисбатан бўладиган муҳтамал жисмоний зўравонликдан ҳимоя қилиш – уларнинг сизга бўлган ишончини ҳурмат қилинг. 4. Ҳибсга олиниш ёки мол-мулк мусодара этилишига қаршилик қилмаслик. Ўз идеалларига содиқ қолиш. 5. Қамоққа тушганда ўзини ҳақиқий «сатьяграхи» каби тутиш. 6. Сайланган лидерлар кўрсатмаларига бўйсуниш. Агар бўйсунишга виждонингиз йўл қўймаса, зиммангиздаги вазифаларни топширинг. Агар лидерлардан қониқмаслик оммавий тус олса, улар қайта сайланишлари керак. 7. Ғалаба ва ҳавфсизлик кафолатлари кутманг. Мазкур усул ютқизиқсиз усул бўлиб ҳисобланмайди. Шунга қарамай, жасоратли бўлинг ва ўзингизга ишонинг. Ўзингизга бўлган ишончни йўқотиш мағлуб бўлиш демакдир. 8. Ҳаракатни тарқатиб юборишдан аввал асосий масалалар бўйича тўла битимга келишни қаттиқ талаб қилинг. Бу қоидалар Ганди томонидан бир неча йиллик сиёсий фаолият мобайнида ишлаб чиқилган. Гарчи уларнинг барчаси бизнинг ишга бевосита алоқадор бўлмаса-да, уларнинг руҳи (кайфияти) ва ички мазмуни бизга намуна ўлароқ хизмат қилиши мумкин. ПАРАДИГМАНИ СИЛЖИТИШ ТУШУНЧАСИ Парадигма таърифи – «кенг қамровли назария бўлиб, у абсолют шаклда исботланмаганига қарамасдан, ҳақиқий ҳаётга шу қадар мувофиқ келадики, натижада у реал ҳақиқат дея тан олинади, унинг ҳақиқийлиги эса янги парадигма шакллантирилмагунча шубҳа остига олинмайди». Мисоллар: Птолемей тушунчаси бўйича Олам (марказ - Ер), Коперник тушунчаси бўйича Олам (марказ - Қуёш), Кеплер тушунчаси бўйича Олам (Қуёш юлдузлардан биридир) ёки Ньютон физикаси, нисбийлик назарияси, Квант механикаси. Ижтимоий ҳаётга нисбатан қуйидаги мисолларни келтириш мумкин: 19-асрда жаҳон миқёсида қулликнинг тугатилиши, 20-аср бошида аёлларга сайлов ҳуқуқининг берилиши ва ҳ. Ҳозирги пайтда биз бошқа бир ижтимоий муаммони ҳал қилиш олдида турибмиз: зиддиятларни нозўравонлик усуллари билан ҳал қилиш ва зўравонликдан курашнинг тинч воситаларига ўтиш. «Жонга жон» тамойилидан – «чап юзингни тут» тамойилига, «ким кучли бўлса, ўша ҳақ» тамойилидан «ким ҳақ бўлса, ўша кучли» тамойилига, «куч позициясидан туриб тинчликка йўл» тамойилидан «тинчликка олиб борувчи йўл йўқ, тинчликнинг ўзи ягона йўлдир» тамойилига ўтиш. НОЗЎРАВОНЛИК ИЖТИМОИЙ ВА СИЁСИЙ БОШҚАРУВ ВОСИТАСИ СИФАТИДА Биз зўравонлик усулларини қўлламасдан кураш олиб бораётган бир пайтимизда мухолифларимиз ўз тасарруфларида мажбурлаш ва босим ўтказишнинг жуда кўп воситаларига эга бўлишлари мумкин. Бизнинг мамлакатимиз қурол-аслаҳа, қўшинлар, қамоқхоналар, ахборот йиғиш учун керак бўлган асбоб-анжомлар ва ходимларнинг катта штатига эга. Биз кураш олиб борарканмиз ва бунда зўравонлик қўллашдан бош тортар эканмиз, мухолифларга уларнинг воситалари билан жавоб қилишга ҳаракат қилмаймиз. Бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз мухолиф томонидан куч ишлатилишини қандайдир бир тарзда чеклашга ва унга қарши туришга қаратилган. Бизнинг мақсадимиз мухолифнинг бизга нисбатан имтиёзлироқ бўлган мавқесини заифлаштириш бўлиб ҳисобланади. Биз мухолифни мавжуд ва муҳтамал қўлловдан маҳрум қилишга ҳамда биз қарши чиқаётган воситаларининг мухолифлар томонидан бундан буён ишлатилишини олдини олишга интиламиз. Биз давлатнинг қуролли кучларига бевосита қарши чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўймаганмиз. Аниқки, биз давлат ҳокимияти тимсолидаги ўз мухолифимиз позициясини бизнинг хоҳиш-истакларимиз ва орзу-ниятларимизга мувофиқ ўзгартиришга мажбур қилиш учун зўравонлик кампаниясини муваффақият билан ўтказа оламиз, дея умид қилолмаймиз («мақсад воситаларни оқлайди» деган алдоқчи тузоқни ёдингиздан чиқарманг). Зўравонлик тизимига қарши зўравонлик билан кураш бошлаш мухолифнинг ҳарбий қувватини янада мустаҳкамлашга сабаб бўлади, холос. Шунинг учун биз бевосита мухолиф ҳокимиятига қарши чиқмаймиз: бунинг ўрнига биз ҳокимият манбаларига эга бўлишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз ҳокимият нисбатида мухолиф билан солиштирганда ўз аҳволимизни ўзгартиришга йўналтирилгандир. Бунинг учун биз обрў-эътиборга эга бўлиб, жамоат ишончини қозониб, ўз томонимизга одамларни жалб қилиш орқали ҳокимият асосларига йўл қидирамиз. Шундай қилиб, агар бизнинг ҳаракатимиз тегишлича ташкил этилган бўлган, биз мухолифни мазкур масалани қайта кўриб чиқишга мажбур қиламиз. Асосини дебатлар, баҳс-мунозаралар ва фикр алмашувлар ташкил этган форум уюштирилади. Биз ҳақиқатга етиш учун қулай муҳит яратишга ҳаракат қиламиз. Ҳақиқатга нисбатан монополия ҳуқуқига эга бўлолмаслигимизни англаган ҳолда, биз ўз позициямизнинг тингланишини ва ҳақиқат ҳақидаги тушунчамиз яшашга ҳақли эканини қаттиқ туриб талаб қиламиз. Шунингдек, биз ўз мухолифларимизнинг ҳақиқат тушунчаси билан танишишни истаймиз. Бизнинг нозўравонлик курашидаги мақсадимиз – ҳар иккала томон ҳамда барча янгиликлардан яхши хабардор жамоатчиликнинг бори муаммоларини тўла тушунишга асосланган соғлом, инсонпарвар ва адолатли сиёсатга эришишдир. АҚШДА НОЗЎРАВОНЛИК УСУЛЛАРИНИ ҚЎЛЛАНИЛИШИНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИ Курашнинг нозўравонлик усуллари инсоният тарихида ҳокимиятни жамоатчиликка ўтказиб беришга интилган, шахсий аҳлоқий маслаклари туфайли ёки зўравонликдан фойдаланиш тактик хато бўлганлиги учун зулм-зўрлик қўлламасдан ҳаракат қилган кишилар томонидан бир неча бор ва самарали қўлланилган. Агар бизнинг пировард мақсадимиз муросага келиш бўлса, зўравонлик биз позициясини ўзгартирмоқчи бўлганимиз кишилар билан тиғиз алоқа қилиш учун ёмон восита бўлиб ҳисобланади. Модомики, нозўравонлик кураши тушунчаси курашнинг ҳозирги пайтда кенг тарқалмаган амалий чоралари парадигмасига кирмас экан, дунё тарихи зўравонликка кучли мойиллик билан характерланади. Бизнинг ўтмиш сабоқларига ҳамда нозўравонлик усулларнинг имкониятларига жуда кўп маротаба қайтишимизга тўғри келаяпти. Америка Қўшма Штатлари нозўравонликдан фойдаланишнинг намуна бўлишга арзирли чора-тадбирлари юзасидан бой тарихга эга. Ижтимоий ислоҳотларни ёқлаб чиққан ҳаракатларимизнинг кўпчилиги зўравонликдан бош тортишга риоя қилганлар. Америка инқилоби Буюк Британия даъволарига қарши биргаликда ҳаракат қилиш режаси сифатида ўйлаб топилганди; 1774 йил октябрида 13 колониядан бўлган делегатлардан ташкил топган Континентал ассоциация чақирилганди. Делегатлар томонидан ишлаб чиқилган дастур иқтисодий бойкот (товарлар истеъмоли, импорти ва экспортидан бош тортиш) ўтказишни ҳамда Англиянинг молиявий истибдодидан ва колонистлар тақдирини ноқонуний тарзда бошқаришидан қутилиш мақсадида бу мамлакатга босим ўтказишга ёрдам бермаганларга ижтимоий сакнциялар қўллашни кўзда тутарди. Бу кампания асосан муваффақиятли бўлганди ҳамда Лексингтон ва Конкорддаги воқеалар қуролли тўқнашувнинг бошланиши учун баҳона бўлганидан анча олдин Англия тожининг Америка устидан бўлган ҳукмронлигини сезиларли даражада заифлаштирганди. 19-асрда цивилизация эришган энг катта ютуқ қулликнинг бекор қилинишидир, десак бўлади. Ерости темирйўлини қуришда иштирок этган дастлабки аболиционистлар ва бошқалар курашнинг нозўравонлик усулларидан фойдаланган эдилар, улар фаолияти ўзгаришлар бўлишини анча тезлаштирди, кейин бу ҳолат бутун мамлакат ва жаҳонни қамраб олди. Букилмас иродага эга бўлган, жасоратли, ўз мақсадларига (ижтимоий адолат ўрнатилишига эришишга) содиқ суффражист аёллар ҳавф-хатарга қарамай, мустабидлар билан умумий тил топиш учун энг яхши восита сифатида нозўравонлик кураши тактикасини танлагандилар. Ўтган асрда иш жойларида курашнинг нозўравонлик усуллари тактикасидан фойдаланиш меҳнаткашларга яхши хизмат қилди. Ишдан бош тортишнинг иш ташлаш ва иқтисодий бойкот каби усулларини ўзлари учун кашф қилган ишчилар ойлик маошнинг оширилиши, иш шароитларининг яхшиланиши, иш ҳафтасининг камайтирилишига эришгандилар. Фуқаро ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш фаоллари (1955 йилда Монтгомеридаги автобуслар бойкотидан бошлаб) адолатсизлик, ирқий камситилиш ва сегрегацияга қарши курашда ҳақ сўз ва нозўравонлик ҳаракатлари кучидан фойдалангандилар. Ўшанда зўравонлик чоралари қўлланилганига қарамай, улар ўз эътиқодларидан қайтмагандилар ҳамда жамоа кучи ва ўз ҳатти-ҳаракатларидан ғурурланиш ҳис этишиб, қўрқув ва нафратдан халос бўлгандилар. 1960-йилларда биз аксилҳарбий, аксилядровий, экологик ва бошқа ҳаракатлар томонидан ижтимоий ўзгаришлар талаби билан муттасил равишда амалга оширилган нозўравонлик усулларидан фойдаланилганлигини кузатамиз. Бу кампания ва тадбирларнинг ҳар бири осойишталик ҳамда ижтимоий адолат учун олиб бораётган курашимизда нозўравонлик кучини чуқурроқ англашимизга ёрдам беради
|