Ризобек Понедельник, 2025-07-28, 22.17.46
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июнь » 15 » Текин иш кучига нима етсин
    19.33.42
    Текин иш кучига нима етсин
    Шу ўзбекларнинг ҳашар деган анъанаси бор бўлсин-да. Буни ким ўйлаб топган бўлсаям отасига раҳмат. Миллионлаб пул сарфлаб ҳам адоғига етказиб бўлмайдиган ишларни ҳашар ёрдамида бир кунда ҳал қилиш мумкин. Энг яхши томони, ҳашарда иштирок этаётган фуқаролар худди отасининг боғида ишлаётгандек чин дилдан меҳнат қилади. Яна текиндан текин...

    Шу боис ҳам Ўзбекистонда расмий идоралар тез-тез ҳашарлар уюштиришга ҳаракат қилишади. Ана шундай анъанавий ҳашарлардан бири куни кеча 5 июнь Бутунжаҳон атроф-муҳит куни арафасида ўтказилди.

    Ўзбекистон "Экосан" ташкилотининг маълум қилишича, экологик ҳашарда оз эмас 10 мингдан ошиқ фуқаро иштирок этди. Ташкилот вакилларининг ғурур билан таъкидлашига қараганда, айрим фуқаролар ўз иш жойларида меҳнат қилишган, яна айрим фуқаролар эса шаҳарларни ободонлаштириш, кўчаларини супириб-сидириш ва тозалаш билан машғул бўлишган.

    Эҳтимол, ҳашар куни ўз иш жойида меҳнат қилган фуқароларга ҳавасингиз келаётгандир: улар бошқаларга ўхшаб чанг-тўзонда кўча тозалашмади, дарахт буташмади деб. Бироқ бутун мамлакатни ҳашарга жалб этган ташкилотлар ишчиларнинг юртга келган тўйдан шунчаки озод қилиб қўядиган анойи эмас: ҳашар куни кимки ўз иш жойида меҳнат қилган бўлса, барча ишчиларнинг ўша куни топган даромади "Экосан" ташкилотининг ҳисоб рақамига ўтади. Қизиғ-а, фуқаролар текиндан текин ишлаб бергани ҳам етмагандек, яна бир кунлик меҳнат ҳақидан ҳам осонлик билан воз кечиб юбориши керак...

    Шу тариқа осмондан тушгандек каттадан катта пулга эга бўлган "Экосан" ташкилоти вакилининг мамнуният билан маълум қилишича (тўғри-да, ҳе йўқ, бе йўқ ҳисоб рақамига бир кунда шу-унча пул келиб тушгандан кейин улар мамнун бўлмасдан, бепулга мардикор ишлаган фуқаролар мамнун бўлсинми?), экологик ҳашар давомида 1330 гектар ҳудуд тозаланди ва жойлардан 120 минг кубометр чиқинди махсус ерларга олиб бориб ташланди. Дарвоқе, ҳашар давомида республика миқёсида 1 миллиондан ошиқ дона гул ниҳоллари ҳам ўтқазилди. Ўқувчини бироз меъдасига тегаётган рақамларни келитираётганимиз бежиз эмас. Агар эътибор берган бўлсангиз, келтирилган рақамлардан шуни билиш мумкин: ҳашар давомида жуда катта миқдорда ишлар амалга оширилган, демакки, оммавий тадбирда расман кўрсатилгандан ҳам кўпроқ аҳоли иштирок этган.

    Бир томонда қараганда, ҳашар деганларининг ёмон томони ҳам йўқдеқ: аҳоли ўз мамлакати фаровонлиги, озода ва орасталиги учун меҳнат қилса, нимаси ёмон?.. Албатта, фуқароларнинг ўз ватани учун меҳнат қилгани яхшиликка яхши, бироқ бу ҳашар деганлари ихтиёрий равишда, кўнгилли равишда амалга оширилмайди-да. Яъни ҳашарга чиқсанг ҳам чиқасан, чиқмасанг ҳам қабилида фуқаролар ҳайдаб келтирилади. Ҳашарда иштирок этмаганлар эса салкам халқ душмани ўлароқ қабул қилинади.

    Мамлакатдаги юзлаб олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчилар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Айни ўқиш, билим олиш ёшида бўлган навқирон авлод кўча-кўйда супурги ушлаб, кетмон чопиш билан қимматли вақтини ўтказиб юборади.

    Бироқ ўзбек халқининг минг йиллик тарихий қадриятлари олдида бу каби “арзимас” муаммоларга эътибор бериб ўтириш ҳам шарт эмас. Ҳашарлар кўпайсин, текин иш кучи ортсин. Ана ўшанда юқорида ўтирган масъул раҳбарларга яхши бўлади: улар мамлакатни ободонлаштириш учун ажратилаётган миллиардлаб пулларни ўзаро тақсимлаб олишади. Қора ишни эса... текиндан текин меҳнатга ўрганган ҳашарчиларнинг ўзлари уддалашади!...

    О.Азизов.

    Манба:"Эркин минбар"

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz