САВОЛ׃ Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш 100 фойиз ҳукуматга боғлиқми? Ҳозирда Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда? “Ulug’bek Abdusattorov” xpantera989@rambler.ru ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Илгари ҳам худди шундай саволларга тўхталганим учун жавобни мухтасар қилмоқчиман. Ҳа, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш юз фойиз ҳукуматга боғлиқ. Ҳатто демократик давлатларда ҳам иқтисодий ривожланиш кўп жиҳатдан ҳукуматнинг отган одимларига боғлиқ бўлади. Аммо юз фойизни ташкил этмайди. Бутун ҳокимият, ҳатто қонун чиқарувчи орган ҳам бир кишининг амрига қараб қолган диктатура шароитида иқтисод ҳукуматга мутлақо тобе бўлиб қолади ва ривожланиш деярли кузатилмайди. Диктатура шароитида аввал иқтисод, кейин сиёсат деган ақида ҳукмрон бўлади. Ваҳоланки, сиёсатни тўғри йўлга қўймай иқтисодни кўтариш мушкул. Баъзи бир диктатуралар пайтида иқтисод ривожлангани мисол қилиб айтилади, худди бугун Хитой ҳақида гапирилаётгани каби. Бу сароб. Чунки биз ташқи кўринишга қараб баҳолаяпмиз. Ичкаридаги вазиятни ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз. Оддий рақамлардан тортиб, ҳамма нарсани ҳукуматнинг хабарлари ва ҳисоботларига қараб биламиз. Бир пайтлар СССР ҳам иқтисодда дунёнинг энг кучли маркази дейилган. Хуллас, халққа сиёсий эркинлик берилмаса, иқтисод эркинлиги ҳақидаги гаплар чўпчакдир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда деган гапни айтиш мумкин эмас. Бу менинг қарашим, сизда бошқа фикр бўлса, эшитишга ҳозирман.
|