Файзулло, “Туронзамин” учун
Демократик Ўзбекистон Конгрессининг мамлакат ичида олти вилоятдан кейин
еттинчи вилоятда - Навоийда ҳам бўлими тузилди. Таъсис йиғилишида
вилоятнинг турли туманларидан келган 14 киши ДЎКнинг дастури, низомини
муҳокама қилдилар ва ташкилотни мамлакатда рўйхатдан ўтказиш учун
қилинадиган ишларни белгилаб олдилар.
Ташкилий масала ҳам кўрилиб, ДЎКнинг вилоят бўлими раиси этиб Фозилжон Мерганов сайланди.
-Биз ДЎКнинг Бошқарув ҳайъатидан олган тавсияга кўра, ҳозирча мухолифат
сафида туриб фаол сиёсат билан эмас, балки демократияни тарғиб этиш,
ёшларни демократик бошқарувга тайёрлаш билан ишимизни бошлаймиз,-деди
Ф. Мерганов.- Биз Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар доирасида
ташкилотимизни рўйхатдан ўтказиш учун интиламиз.
АҚШдан телефон қилиб, фаоллар билан суҳбатлашган ДЎК раиси Жаҳонгир
Маматов ёшларнинг йўли тўғри эканлиги ва гарчи вақт олсада аввал
ташкилотни тўла шакллантириш, расмий рўйхатдан ўтказиш лозимлиги, ана
ундан кейин фаол сиёсат ҳақида ўйлаб кўриш кераклигини айтди.
-Мен ўзим ташқарида бўлиб сизларни режимга қарши намойишларга,
митингларга, кўча юришларига чиқинглар дейишим бу маънавиятсизлик
бўлади,-деди Жаҳонгир Маматов.–Ташқаридан туриб ақл ўргатиш осон, аммо
ичкарида туриб бир иш қилиш қийин. Биз сизларга демократияни,
демократик бошқарувни ва ўз ҳуқуқларингизни ўрганинглар деймиз. Шунинг
учун ҳам биз сизларга тажрибаларимиздан келиб чиқиб маслаҳат берамиз,
шароит яратамиз, қарорни эса сизлар оласизлар. Бизнинг авлод қилган
хатоларни сизлар ҳам қилманглар ва биз бой берган имкониятларни сизлар
ҳам бой берманглар деймиз. Чунки 1990 йиллар бошида бизнинг авлод
олдига чиққан имкониятлар каби сизнинг авлодга ҳам шундай шароит келиши
узоқ эмас. Ўшанда сиз ҳам хато қилманг деймиз. Биз сизларни ҳаммавақт
қонунларни ҳурмат қилишга чақирамиз. Агар сиз қонунларни ҳурмат
қилсангиз бунинг ўзи ҳам қонунларни оёқ ости қилаётганларга катта
зарба бўлади.
Йиғилишда Демократик Ўзбекистон Конгресси Бошқарув ҳайъатининг аъзоси
Т. Ҳайдаров, ДЎК Самарқанд бўлими раҳбари С. Комилов иштирок этдилар.