Гарчанд Андижон хунрезликларини ўз кўзим билан кўрмаган бўлсамда,ҳали-ҳануз унинг даҳшатлари тасаввури хаёлимдан кетмайди. Ўша қонли воқеалар шоҳидлари ҳақиқатни айтиб, гувоҳлик берганликлари боис орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтсам ҳамки Каримов ҳукумати қатағон машинаси қурбони бўлишмоқда. Албатта ўша даҳшатни эсга солиб,кимларнингдир ярасига туз сепмоқчи эмасман,лекин ҳақ сўзни айтиб ,балога қолганлардан ўша кезларда қаҳрамон ясаб онамиз,Тўмарис ва ҳакозолар,дея сайраган,шеърлар ёзиб шуҳрат қозонган айримлар ўз қаҳрамонлари тақдири нима бўлганини унутишгандай назаримда. Ўзбекистон Олий Суди жараёнида кўрганларини қўрқмасдан тикка айта олган аёл бу Маҳбуба Зокирова эди. Энг сўнгги хабарларда Маҳбуба Зокирова сирли равишда беиз йўқолгани ва ҳатто унинг оила аъзолари ҳам бу сирни билолмай туришгани айтилган эди. Ҳўш Маҳбуба Зокирова қаерда?Унинг тақдири нима бўлди?У нега сирли равишда ғойиб бўлди? У ҳақда бонг уриб,озгина қалам ҳақи олиш учун сўзга тутган бақироқ мухбирлар нега ўз қаҳрамонини унутмоқда? Одамлар кунора бир тухум берадиган товуғи ўзга жойга тухум қўя бошласа то уни топмагунча тинчимайдилар-у,лекин бутун бошли бир инсон ва яна кўпроқ инсонлар дом-дараксиз кетсалар бепарво.Ё,айримлар ўз-ўзини юпатиб,"ота болага,бола отага боқмайдиган замон келди-да",деган сафсатаси қоида-ю ёҳуд русумга айландими? Шу каби саволлар қийнайди кишини.Бу савол остида ҳақиқатан қаҳрамон она тақдири ётибди. Дунёда очилмайдиган сирнинг ўзи йўқ.Айниқса ҳозирги замонда.Фақат бироз ўзгалар тақдирига,айниқса ўзи қаҳрамон ясаб нон еганлар аллақайси ўзи хуш кўрган кишиси кўнглини олишга тириша туриб,агар виждон асорати қолган бўлса ўз қаҳрамонини эслаб қўйса бўлмасмикан?