Юсуф ЖУМА
Дарёнинг қуриган ирмоққа дегани
Сиз улуғсиз мен учун
Энг биринчи устодим.
Сувингиз бўлган эди
Жажжигина қанотим.
Гарчи қуригандирсиз
Жойингиз бошимдадир.
Тўлиб тошиб оқаман
Осмонлар қошимдадир.
Букун қуму шамоллар
Билан давра қурасиз.
Дарё эмас чўл дея
Мени ерга урасиз.
Шаънингиз тўлқинимда
Эъзозлайман умрбод.
Тошқин дарёлигимни
Сиз ҳам тан олинг Устод!
XXX
Жисмимдан эт ахтарма
Ўт ичида эт бўлмас.
Ейман деб умид этма
Еёлмайсан, ит, бўлмас.
Устихон ахтармагин,
Ўтда бўлмас устихон.
Хун ҳам ахтарма зинҳор
Ўт ичида бўлмас қон.
Умид уз, қутурган ит,
Очликдан умринг сўлар.
Ўт ичида бўлар ишқ
Ўт ичида ўт бўлар.
XXX
Ҳазил
Шоирлар қониқтирмас.
Қонмайди ташна юрак.
Зўрларидан зўрини
Саралаб ўқиш керак.
Қалбим тoмирларидан
Қўшиқлар тўқияпман.
Шоирлар бас, мен фақат
Ўзимни ўқияпман.