Ризобек Четверг, 2025-07-31, 19.10.48
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июнь » 28 » Диктатура матбуоти
    02.11.10
    Диктатура матбуоти
    Ака, садоқат деганлари шунақа бўлсин эканда!

    АЛИШЕР АФЗАЛ (Тошкентда 27 июн куни бўлиб ўтган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган “тантанадан”
    "Tуронзамин" учун махсус репортаж).

    Шу бугун шўроларнинг қизил маддоҳ отаси Ҳамид Ғулом ва ўзининг нақ қирқ йиллик садоқатли хизмати эвазига режим томонидан Журналистлар ижодий уюшмаси деган ташкилотга раҳбар этиб тайинланган Шерзод Ғуломовнинг аҳволига андак раҳмим келди. Ташкилотида ишлайдиган аёл ходим “Шерзод Хамидович стационарга ётмасдан шу байрамми ўтказиш учун юргандилар” деганида, бечора раиснинг афти-ангорига разм солдим. Хўрлик ва аламдан қорайиб кетган. Матбуот вазири, дарвоқе бу жаноб ҳам қизил маддоҳ ёзувчи Шуҳратнинг ўғли - Бобур Алимов ёнидан валидолми, нитроглициренми, ишқилиб, аллақандай дорини ҳамдардлик кўрсатганнамо Ғуломовга ичиришга уринарди. Бунинг устига бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов (бу шахс МХХчи ва Алоқа агенлиги раҳбари) ҳамда Миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев (иккаласи ҳамкасб – МХХ мактаби тарбияланувчилари) билан нималар бўлаётганини тушунмай тинимсиз сигарет чекиб туришарди.

    Ўзбек Миллий академик драма театрига 27 июн эрталабки соат ўнлардан бери тик оёқда турган режим маддоҳларининг кўзи тўрт бўлиб президент маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг келишини кутишарди. Илгари, Мирзо Улуғбек боғида байрам қилинарди. Тўпланганлар имкон қадар микрофонга чиқиб гапирарди. Кимдир концерт кўрарди, кимдир бола-чақаси билан боғ айланарди. Нима жин урди-ю, Ғуломов уюшмага раҳбар бўлган йилиёқ, тадбирни Миллий театрда ўтказиш бошланди. Хуллас, байрам сайлдек ўтардида!

    Бу йилги байрамга ҳам роса тайёргарлик кўрилди. Уюшма муассислигидаги газета ва ташкилотларга “нозик меҳмонлар дастурхонини ясатиш” учун солиқ солинди. Эрталабдан қайси бир раҳбарча арақ-коньякка югурган, бошқаси сомса тоғора кўтарган, учинчиси гул-у-нонга чопган… Ҳашаматли Миллий театрга кираверишда икки қизча меҳмонларга табассум билан гул тутишар, телевизорчилар камерасини ҳали унга, ҳали бунга тўғирлаб интервью оларди.

    Соат эрталабки 11-00. Давлат масалҳатчиси кўринмади. Залдагилар бирров қарсак чалиб қўйишди. Халқ артисти, театр раҳбари Ёқуб Ахмедов гулдруак овози билан томошабинлардан андак сабр қилишни илтимос қилди. Кўпчилик “Ҳа, энди бўп турадида шунақасиям” деб ўзаро гапга тушиб кетишди. Орадан бир соат ўтди.

    Бир-икки ёш журналист иши борми ё бошқа жойга шошиб турибдими, зални тарк этди. Суяги раҳбарликда қотган бош муҳаррир ва амалдор журналистлар “сабр қилсанг ғўродин ҳолво битур” қабилида залдан чиқиб кетишни ор билдилар. Пешин. Соат - бир. Маслаҳатчидан дарак йўқ. Мақола аввалида айтганим Ғуломов кўкариб, титраб соткасидан маслаҳатчининг номерини тераяпти. Нариги томондан “ширингина” калом эшитди шекилли, лаблари гезариб атрофга ҳимоя истаб боқди. Алимов унга дори тутди. Бошқа бирови яқинлашиб сигарет тутатиб узатди. Саҳнада Ёқуб Ахмедов пайдо бўлиб яна бир бор узр сўраб, техник сабабларга кўра яна андак сабрга чақирди.

    Театрнинг икки ёш актёри чиқиб келиб йиғилганларни байрам билан табриклаб концерт бошланганини эълон қилди. Бир-икки фонограмма билан жилпанглаган артислардан кейин, кимдир “келди-келди” деди шекилли, ташқаридан хабари йўқ бошловчилар шошилиб саҳнага чиқиб яна бир бор саломлашиб, журналистларни касб байрами билан қутлади. Залда гуррас кулги кўтарилди. Ўтирган раҳбарлардан бири ўрнидан сал қўзғалганди, залга “ўлик сукунат” чўкди. Саҳнага яна Ёқуб Ахмедов чиқди ва узр сўраб концерт давом этажагини билдириб, орқасига қарамай парда ортига кириб кетди. Концерт бошланганида айтилган қўшиқлар яна бир мартадан такрорланди. Орадан нақ олти ярим соат ўтганидан кейин режимбошининг маддоҳларига табрик йўлламагани аниқ бўлди шекилли, нари-бериси уч ярим дақиқада йилнинг энг фаол журналисти танлови якунлангани эълон қилиниб, ғолибларга бир парчадан қоғоз сертификат топширилди ва байрам табдирига якун ясалди.

    Табрик эса бу сафар эгалари келмай, фақат матбуотда эълон қилинди.

    Дарвоқе, тантана оёқлаган чоғи бош муҳаррирлардан бири, нақ уч ярим соат ўтириб, орқалари яғир (айтмоқчики, ўтирганида… юмшоқ жойи) бўлиб кутганини мақтаниб қолганди, сўзамол ҳамкасблардан бири “Ака, садоқат деганлари шунақа бўлсин эканда! Орқангиз яғир бўлгунча ўтирибсиз, а?!” деб қолди. Бош муҳаррир хайр-маъзурни ҳам насия қилиб жўнаворди.

    Хуллас, Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ана шундай байрам қилинди.

    Манба:
    Демократик Ўзбекистон Конгресси
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz