Яқинда ўзбек ҳукумати нашрларида Наманган вилоятининг Уйчи тумани қишлоқларидан бирида яшовчи оддий фуқаро ер кавлаётиб кетмони қаттиқ жисмга урилгани ва у бир ғишт парчаси эканлиги ҳақидаги хабарга кўзим тушиб қолди. Фуқаро ғишт парчаси ноёб топилмани тегишли идораларга олиб бориб кўрсатгач,унинг таркибини ўрганган мутахассислар ушбу топилдиқ бундан тахминан 150-200 йиллар аввал қурилган ҳаммом қолдиғи эканлигини аниқлашган.Ҳаммом ўрнида республика аҳамиятига молик илмий-тадқиқот институти олимлари узоқ муддатли археологик қазилма ишларини амалга оширишган. Аниқланишича ҳаммомни сув тошқинларидан бирида лойқа босиб қолган,кейинчалик унинг бор-йўқлиги унутилган экан. Шўро даврида ҳар бир колхоз ҳудудида камида бир ҳаммом бўлиб,унда деҳқонлару ва уларнинг болалари ҳафтада бир ювиниб-тараниб олишарди.Албатта йил ўн икки ой эмас ,балки дала-тузда иш йўқ ойлари,аниқроғи қиш фаслида.Ўшанда ҳаммомлар нафақат ювиниб-покланишга хизмат қиларди,балки маданий-маърифий бир макон вазифасини ҳам ўтар эди.Ҳаммомнинг буғхонасида далада 9 ой ёпишиб,қават-қават бўлиб кетган ғубордан покланган қишлоқ меҳнаткашлари-ю зиёли ва ўқувчилар ҳам ҳаммом чойхонасида маданий ҳордиқ чиқаришар эди. Ҳозирчи?Эндиликда Каримов қишлоқлар борлиги ва унда одамлар яшашини ҳам унутган бир даврда ҳаммомлар деярли қолмаган.Қанчаси бузилган,йўқ бўлган,ўзбек олимлари учун илмий изланишлар олиб бориш объекти бўлиб ноёб топилдиққа айланган. Ўзбеклар энди ҳаммомни фақат орзу қилишлари мумкин холос. Бугун ҳам жисмонан ҳам маънан ғуборларга тўлиб бўлган ўзбеклар хачир ҳолга кўникиб бўлдилар чамаси,орзуни ҳам унутишди чоғи.Туя бир умр ҳаммомни орзу қилиб,армонла ўтиб кетгани каби. Умуман олганда қорин оч ҳаммомнинг нима кераги ҳам бор.У элитиб қолса оч қоринга кўраверасиз.Дарди бедавони орттириб,касалхонага тушсангиз ёнингиз қуруқ, дўхтирлар тузук қарамай жон бериб юбориш ҳам ҳеч гап эмас. Аслида ҳаммом мабодо ишлаб турганда ҳам уни иситгани на кўмир, на бошқа иситиш манбаи йўқ.Ҳаммомнинг совуқхонасида эса ҳуштак чалган билан, ё қўшиқ куйлаган билан жаранглаб чиқмайди. Каримовнинг бор ҳаммомларни йўқ қилган сиёсати худди ўша қадимги бирор нарса сўраган кишига ҳаммомнинг совуқхонасида оласан,дея бериладиган жавобни эслатади. АҚШ,Авропа мамлакатлари казо-казо сиёсатдонлари,ҳалқаро ташкилот мутасаддилари Каримовдан қўл ювиб юборайлик дейишса,Ўзбекистонга ўз ҳолларича боролмай қолишди,мабодо бориб қолганлари ҳам ҳаммомнинг совуқхонаси тугул,умуман ҳаммом йўқлигидан дурустроқ бир қўл юва олмаяптилар.Мабодо ўзлари томонга келиб қўл ювишларига эса Каримов "бу уларнинг ички иши,бизнинг ҳам ички ишимизга аралашишмасин",деб без бўлиб ўтирибди тахтида. Худди шу айтилган мамлакатлар катталари мухолифат ва инсон ҳуқуқлари каби ташкилотдаги "ман",деганлардан қўлларини тирсаккача ювиб,қўлтиққа урганларини яширмаяптилар.Биз ёзаётганларимизни улар тушунишмайди,десак адашар эканмиз,улар ўз тилмочлари ёрдамида ҳамма "ман"лар нима мақсад қилиб,нима каромат кўрсатишни кўп йил иддао қилганлари-ю аммо қўлларидан ҳеч вақо келмаслигини билиб бўлишган экан. Улар мухолифату инсон ҳақлари "бошиман",деганлар аслида ўз манфаати йўлидаги бир тўда деган қарорни олиб бўлишибди. Ана шунақа бир ҳаммомнинг йўқлиги,демак дурустроқ ҳаммомчининг ҳам йўқлиги мамлакатда ҳамма нарсани барбод қилганга ўхшайди.Қаранг оддийгина ҳаммомда қанча ҳикмат бор-а?