Барибир ер юзида инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаган,ўзгалар ташвишида яшаб,ўз ҳаловатидан кечадиган олийжаноб ҳислатли одамлар борлигига ишониш керак. Андижон хунрезликлари гувоҳи бўлган ва Ўзбекистон Олий суди маҳкамалари жараёнида энг холис кўрсатмалар бера олган жасур аёл ҳақида "Маҳбуба Зокирова унутилдими" номли мақола бир неча интернет сайтларида эълон қилингач, орадан бирмунча вақт ўтиб,унинг тақдири билан одамлар қизиқа бошлашди. Маҳбуба Зокирова тақдири нима бўлгани хусусида Норвегиядан телефон қўнғироғи қилган Ҳотамжон Ҳожиматов,ҳақиқатан ҳам Андижон фожеалари гувоҳлари ўз пайтида тилдан туширилмай,эндиликда эса ёддан кўтарилганини айтиб қолди. Ҳотам Ҳожиматов Маҳбуба Зокирова ҳақида халқаро ташкилотлар қизиқишаётгани,унинг қаердалиги,умуман у ҳақда тўлароқ маълумот кераклиги хусусида сўраб қолди. Афсуски Маҳбуба Зокирова ҳақида камина жуда кам маълумотга эгаман.Лекин одамлар бефарқ эмас эканлар қаҳрамон аёл тақдиридаги мавҳумлик очиқланишига ишонамиз. Бу борадаги ҳаракатни бугун муҳожиротда Норвегияда истиқомат қилаётган Ватандошимиз Ҳотамжон Ҳожиматов бошлаб берди. Бошқа ҳамма - Ватандаги ва унинг ташқарисидаги Маҳбуба Зокировани билган ҳамюртларни унинг тақдири бефарқ қолдирмайди,дея умид қиламиз. Маҳбуба Зокирова ҳақида нима биласиз?Бу ҳақда бонг уриш керак.Зеро бир инсон тақдири бизнинг ҳам тақдиримизнинг бир бўлагидир.