Uznews.net
– Ўзбекистоннинг энг кекса сиёсий махбуси 82 ёшли Ахмаджон Одилов яна
турмада қоладиган бўлди, яқинда унинг ҳибсга олинганига 24 йил бўлади.
Аҳмаджон Одиловни уч йил ва икки ойга ҳукм қилган Қашқадарё вилоят
Косон туман судининг 2004 йилнинг 29 апрелида чиқарган сўнгги қарорига
кўра, у турмадан 2007 йилнинг 29 июнида чиқарилиши керак эди.
Бироқ, Ахмаджон Одилов яқинларининг сўзларига кўра, у барибир озодликка
чиқарилмади, бундан ташқари, эндиликда унинг ҳатто қаерда эканлиги,
нимага асосланиб унга муддат қўшиб берилганини ҳам билишмайди.
Аммо, унинг яқинлари, унинг кейинги ўн йилликда тағин ҳибсга маҳкум
этилгани сабабини, колония маъмурияти томонидан унга “жазони ўташ жойи
режимини бузиш” юзасидан яна битта айбнома ёпиштирганини тахмин
қилишмоқда.
2004 йили Косон туманг суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита
моддасига кўра - «ҳукуматга қаршилик кўрсатиш» ва «жазони ўташ
маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» бўйича айблаган эди.
82-ёшли Адиловнинг колония ички режимини буза олишига на унинг
қариндошлари, на дўстлари ишонмайди. Уларнинг сўзларига кўра, Одилов
бетоб, у деярли кўриш қобилиятини йўқотган, ва қўшимча муддат
қўшилишига йўл қўймаслик учун барча имкониятларни қилмоқда.
Унинг ҳибсда сақланишига ҳақиқий сабаб, бугунги ўзбек режими ҳамон
унинг тимсолида кучли муҳолифни кўрмоқда, ва уни эркинликка қўйиб
юборишдан қўрқишади, дея ҳисоблашади Одиловнинг укалари.
Ахмаджон Адилов – бугунги Ўзбекистоннинг энг зиддиятли шахсларидан биридир.
1937- йилда қатағон қилинган "халқ душманининг" ўғли бўла туриб, 12
ёшидан дастёрликда ишлашни бошлаган Ахмаджон Одилов туғилиб ўсган
Наманган вилоятининг Поп туманида Совет иттифоқидаги йирик Агросаноат
комплексини яратган ва Совет Ўзбекистони ҳамда Совет иттифоқи биринчи
шахсларига катта таъсир ўтказа олар, у билан хатто Ўзбекистон шўролари
етакчиси - Шароф Рашидов маслаҳатлашар, унинг фикрларини қадрлар эди.
Рашидовни ўлимидан сўнг, янги хукумат Одиловнинг халққа таъсирини
ўтказишидан қўрқиб, уни қамоққа олиш ҳақида буйруқ чиқаради. 1984- йил
августда Одилов ва унинг оиласини ҳибсга олиш учун деярли бутун-бир
армия жўнатилган, Поп туманидаги Ғурумсарой шаҳарчаси устидан эса хатто
вертолётлар айланган эди.
Одилов билан бирга 1000 киши қамоққа олинган, унинг оила аъзоларидан
эса озодликда фақат қари онасигина қолган. У кўп ўтмай қўққисдан,
устига катта тоғорадаги қайноқ сувни ағдариб юбориб, ҳеч ким унга
ёрдамга келмай, қийналиб ўлади.
Барча совет матбуоти ва телевидение уни деҳқонларни шахсий қамоғида
сақлайдиган, ёқтириб қолган қизларни зўрлайдиган, ўрта асрларга хос
золим сифатида тасвирлаб, Ахмаджон Одиловни обрўсизлантириш устида иш
олиб борадилар. Одилов ва унинг ака-укаларини хатто одамхўрликда
айблашади.
Бироқ етти йиллик терговдан кейин Совет Иттифоқи Бош прокуратураси
матбуот ва жамоатчилик фикри айблаган, Одилов ҳамда унинг оиласи
жиноятларига қарши исбот топа олмаганини кўпчилик билмайди. 1991-йилда
Москвада бошланган суд жараёни барчанинг кўз олдида барбод бўлади,
кунларнинг бирида хакам Анатолий Бризитский ўзини тутиб тура олмай,
жараёнда тўғридан-тўғри йиғлаб юборади.
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан кейин, давлат бошлиғи -
Ислом Каримов - Ахмаджон Одиловни ватанига қайтариш илтимоси билан
Москвага мактуб йўллайди. Кўп ўтмай,1991-йил декабрда Одилов Ўзбекистон
Олий суди қарорига кўра, озодликка чиқади.
Кўплаб ўзбекистонликлар ўшанда, Каримов Одиловни озод қилди деб
ҳисоблаганди, лекин аслида эса бундай эмас. Роса бир йил ўтиб,
1992-йилни декабрида Одиловни аммофос ўғирлиги айблови билан яна
қамашади.
Ва ўшандан бери ҳар сафар Одиловнинг тугаётган қамоқ муддати
узайтирилмоқда, бунинг учун ҳар доим, гўёки кекса одам қамоқхона
тартибини бузаётгандек , баҳона топилади.
Афтидан, ўша "тартибни бузиш" баҳонаси ҳозир ҳам қайтарилган ва агар
шундай бўлса, августда Ахмаджон Одилов учун қамоқдаги 24 чи йил
бошланади.
Uznews.net