Жаҳонгир МАМАТОВ:Ўзбеклар ва ўзбеклар
Таҳририятдан׃ Кўпгина
ўқувчиларнинг илтимосларига кўра, бугундан бошлаб Жаҳонгир Маматовнинг
“Ўзбеклар ва ўзбеклар” деб номланган китобини кирил ҳарфларида чоп
этамиз. Китоб бундан бир неча йил олдин муаллифнинг ўз сайти- www.jahongir.org да лотин алифбосида эълон қилинган эди.
ЭССЕ
Ўқиганда қаердадир агар ўзингизни ёки сиз таниган, билган бирор
кишини “кўриб” қолсангиз, демак бу китоб асар ҳолига етибди, агар бу
ердагиларнинг ҳаммаси сизга бегона бўлса, у ҳолда меҳнатим зое кетибди.
МУАЛЛИФ.
1. ЗЕҲНИЯТ ёки КИРИШ ЎРНИДА
Мазкур китобнинг илк қисмини эълон қилишим билан, айниқса,
Америкадаги танишлар орасида қизғин муносабат билдириш бошланди.
Муносабат билдиришнинг турли йўллари бор.
Масалан, орқаворотдан гап-сўзлар қилиш.”Кўрдингизми, нималарни ёзибди,
танбеҳ бериб қўйиш керак!” ёки ” Бунақа нарсаларни ёзиб нима қилади,
кимга кераки бор?” тарзида хат йўллаш ёки муаллифнинг ўзига нафрат
сочиш… Кўпинча ўзини авлиё санаш ва бор нарсани ҳазм қила олмаслик
бунга сабаб бўлади.
Мени эса бошқа нарса ўйлатди. Озми-кўпми Америкада яшаяпмиз.
Баъзилар эса 20-25 йилдан бери яшаяптилар. Американи оёқда ушлаб турган
нарса инсон ҳуқуқлари борасида унинг Конституциясига қўшилган ўнта
ўзгармас қўшимчадир. Шундан биринчиси сўз эркинлиги ҳақида. Шунга кўра
истаган одам истаган гапини айта олади ва ёза олади. Истаган одам унга
жавоб ёзади. Аммо бировнинг исмини қўйиб, сени ўлдираман, деб ёзса бу
иш билан табиийки, полиция шуғулланади. Бировнинг исми-шарифини
келтириб шахсини ҳақорат қилса, сўкса бу фуқаровий тарзда судда
исботланиши керак.
Шулардан келиб чиқсак, менинг диққатимни тортган нарса “Нега бу
ҳақда ёзади?” деб шикоят қилган одам бўлди. Ўзбекистонда бўлса
тушунарли. Аммо Америкада бўлиб, Американи тушуна олмаслик бу-
зеҳниятда темир қолип мавжудлигини кўрсатади.
Америкада бир ёзувчи ёки бир журналистга “Нега буни ёздинг?”
десангиз “Сен нега нафас олдинг” деб масхара қилади. Бошқача айтганда,
ёзиш ҳуқуқига ҳеч ким, ҳатто президент ҳам раҳна сололмайди.
Американинг энг катта ютуғи бу! Аммо маълум бир мақсадларда пул
сарфлаб, маълум бир нашрларга эга бўлганлар, турли йўллар билан ўз
сиёсатларини юргизадилар. Бу бошқа гап.
Америкада яшаб унинг демократиясини қабул қила олмаслик баъзиларнинг
зеҳниятида мавжуд. Бундайлар ҳеч қачон демократия нималигини билмай
ўтиб кетадилар. Бу китобни ёзарканман, уларга дарс бўлар деган мақсадни
олдимга қўйганим йўқ. Балки америкалик бўла оламаётганимиз(америкалик
бўла олмаслик дер эканман демократ, инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш,
эркин фикр ва сўз эркинлиги, адолатни тушуниш каби қадриятларни
ўзимизга сингдира олмасликни назарда тутаяпман) сабабларини ўрганишни
кўзладим. Бу эса бугунга эмас, келажакка керак бўлишини билганимдандир.
Зеҳният ҳар бир инсоннинг, ҳар бир миллатнинг кўзгусидир. Шу боис ҳам зеҳниятга назар ташламоқ ўзликка назар ташламоқдир.
(Давом этади).