Жаҳонгир МУҲАММАД:Ўзбеклар ва ўзбеклар 
9.ҚАРЗГА БОТГАН ЎҒИЛ
Салимбек Америкага жойлашгач, отасини меҳмонга чақирди. Жуда кўп
қийинчиликлардан кейин ота аранг етиб келди. Ўғлининг ҳаёти яхшилиги,
данғиллама уйи, бир нечта машинаси борлигидан севиниб кетдими ёки йўл
оғирлик қилдими, бирдан юрак хуружига учради. 9-11 га сим қоқишди. Икки
дақиқага қолмай “Тез ёрдам” етиб келди. Ҳар эҳтимолга қарши ўт
ўчирувчилар, полиция ходимлари ҳам келганди. Бу бир қоида. Отани
госпиталга олиб кетишди. Дарҳол амалиётга олдилар. Ўғилни эса,
дўхтирлар сўроқ қиларди.
-Отангизнинг суғуртаси борми?
-Йўқ, у киши меҳмон бўлиб келганлар.
-Меҳмон бўлиб келадиган одамга олдиндан суғурта олиш керак.
-Билмасам.
-Ўзингзининг суғуртангиз борми?
-Бор эди, яқинда ишни алмаштирдим. Бу ерда олти ой ишласам, кейин суғурта беришар экан.
Хуллас, сўроқ ярим тунгача давом этди. Бошлиқларига телефон қилган
дўхтирлар Салимбекнинг ҳужжатларидан нусха олишдию индамай қўйишди.
Икки кундан кейин отани жавоб беришди. Юрак амалиётидан кейин ҳам икки
кунда жавоб беришларига у ҳайрон бўлмади. Чунки ўзи кўричак бўлганда
амалиёт эрталаб ўтган бўлса, тушдан кейин уйига жўнатишганди.
Отасини уйда сақлади, яна дўхтирларга кўрсатишига тўғри келди. Шу
орада госпиталдан қоғоз келди. 70 минг доллар тўлаши керак экан. Яна
тавсия қилишибди׃ агар қийналсангиз ойма-ой тўланг ва бир йилда узинг
дея. Акс ҳолда иш молия тарихи марказига ҳавола қилинар экан.
Молия тарихи маркази бутун америкадагиларнинг молиявий тарихларини
яратади. Агар уй оламан десангиз, банкдан пул оламан десангиз, машина
харид қиламан десангиз, хуллас, баъзан йўталаман десангиз ҳам шу жойга
мурожаат қилишади. У ердан эса, бу кишининг қарзи бор, деган маълумот
келдими, тамом, бир нарса қила олмайсиз. Сиз билан тиржайиб хайр -
маъзур қилишади.
Молия марказидаги қарз миқдори эса, кўпайиб бораверади, жаримаси,
фойизи билан. Ора-сира сизга хат ҳам келиб туради. Жуда мулойимлик
билан ёзилган хат. Агар қарзингизни тўлай олмаётган бўлсангиз, биз
орада воситачилик қиламиз, деган. Қарздан ўлиб ҳам қочиб бўлмайди. Ўша
куни уй жойни, молк мулкни олиб қўйишади. Салимбекнинг иши ҳозир судда.
Биринчидан, отасининг визаси ўтиб кетибди.
Иккинчидан, отасини чақирганда қўл қўйган қоғозларда суғуртасини ҳам
оламан, деган жойи бор экан. Ҳукуматни алдаган бўлиб чиқаяпти.
Учинчидан, қарзи масаласи. Судга адвокат олган экан. Унинг ҳам пулини тўлолмай юрганмиш.
10.КАСАЛ БЎЛГАНДА
Каримжон касал бўлганидаги воқеани ҳикоя қилиб берди: “Америкага
келганимнинг илк ҳафтаси эди, чамамда, ҳароратим ошиб кетди. Дўхтирга
бордик. Суғуртанг борми, деб сўради. Йўқ, дедик. Ўйлаб кўрдида, бир
жойга телефон қилиб, қўлимизга адрес берди.
-Борсангизлар у қабул қилиши мумкин,- деди.
Менинг жаҳлим чиқди. Аҳволим оғирлашиб бораётганини амаллаб
тушинтирган бўлдим. Унинг эса, фақат “Money”- “пул” деган сўзини
тушунардим, холос.
Кейин шу ердан илгари келган ўзбеклардан бирига телефон қилдим. У
ишда экан. Хотини билан гаплашдим. У ҳам инглизча билмайман, деди.
Лекин тушинтириб берди. Америкада ё суғурта бўлиши керак экан, ёки
катта пулингиз. Бизни олиб келган ташкилот бир ой ичида суғурта қилиб
бериши керак экан. Ўшанда дўхтирга борсам, бўлар экан. Унгача ўлиб
қоламанми, дедим-да пул олса олсин, деб ҳалиги дўхтир берган адресга
бордим.
Ветнамлик дўхтир экан, дарров қабул қилди. Оз-моз русча ҳам билар
экан. Ҳароратимни ўлчаб 101 бўлибди, юқори, деди. Эсим чиқиб кетай
деди. 41 бўлса одамга бир кор-ҳол бўлади, дейишганини эшитгандим. Балки
термометри бузуқдир?! Яна бир марта ўлча, дедим. У термометрни қўлтиғим
остига эмас, оғзимга қўйди. Балки шунинг учун 101микан? Оғзимдан олиб
қўлтиғим остига қўйдим. Дўхтир кулди. Унга нега куласан, десам:
-Сен яқинда келганга ўхшайсан,-деди у ярим русча қилиб.- Сизларда
целсияда ўлчанади бизда эса, фарангейтда . Агар 101 дан 30ни ажратсанг
71 бўлади. Уни иккига бўлсанг 36,5 бўлади. Унга икки қўшсанг 38,5
бўлади. Бу эса, сенинг ҳароратинг, деди. Бу бироз тахминий ўлчов, аммо
мен сенга бунинг графигини бераман, деб қўлимга бир қоғоз тутқизди..
Сувга муз солиб ичиб туришимни, агар ҳароратим жуда ошиб кетса, ваннага
муз солиб ичига кириб ётишимни айтиб, дори ёзмасдан анчагина пулимни
олиб, чиқариб юборди.
Ёдимга раҳматли онам келдилар, ҳароратим ошиши билан кўрпага ўраб,
иссиқ сақлардилар. Ҳеч совуқ нарса бермасдилар. Дўхтир келиб томоғинг
оғрибди, совуқ ичма, деб бир укол қилиб кетарди, бас. Америкада эса,
тескариси экан. Одам ўша, касаллик ўша, аммо қолган нарса ҳаммаси
бошқа…”.
Каримжон бошқалар Америкага келсалар олдиндан шароитни ўрганиб,
кейин келишларини, бизникилар эса, борганда кўрамиз, билан шу куйга
тушишларини илова қилди. Балки шундайдир…
(Давом этади).
|