11.АЛИФБО ВА ҲАҚИҚАТ
Каримжон юқоридаги каби машмашаларга чек қўйишнинг битта йўли бор, у
ҳам бўлса аввал инглиз тилини ўрганишим керак деган фикрга келди.
Коллежлардан бирига борди. Олти ой ҳар куни икки соатдан ўқиса, қарийб
минг доллар тўлаши керак экан. Ўзбекистондаги имкониятларни ўйлаб, ичи
ёнди. Оқар сувнинг қадри йўқ, деганлари шу бўлади. Унга инглиз тилини
ўрганиш учун қулай шароитлар чиққанди. Лекин у Америкага борсам, дарров
қўшилиб кетаман ва ўрганаман, деб хаёл қилганди.
Мана уч ойдан бери шу ерда ва ҳалига қадар икки калима ўрганган
эмас. Бу ердаги ўзбекларга қараса аксарияти ўн йиллар давомида ҳам
ўрганишмаган. Ўзлари айбдор, деб ўйлади. Ўқисалар ўрганар эдилар.
Ўқимагандан кейин нима бўларди? У пулни санаб берди-да синфга борди.
Америкадаги инглиз тили ўзига хос бир мўжиза эканини у синфда англади.
Ўқитувчи бошқа сўзни ёзарди ва бошқача ўқирди. У аввалига руслар ҳам
“о”ни “а” деб ўқирдилар, ўрганиб кетгандик, буни ҳам ўрганамиз деб
ўйлади. Лекин қийин бўлди. Ўқитувчи тахтага “enough” деган калимани
ёзди ва Каримжонга,
-Ўқи, деди. У қийналиб׃
-Инак, -дедию ўзи ҳам ҳайрон қолди. Инак деган сўзни қишлоғида
эшитганди. Бошқа жойда сигир дейишарди. Ўқитувчи яна ўқитди. У яна
оғзини тўлдириб “инак” деди. Учинчи мартасида хатосини сезиб қолгандай
бўлди. Вой каллаварамей, “г”ни “к” қилиб ўқиб юборибманку? У энди
“инаг” деб ўқиди. Ўқитувчи, бошини чайқади-да тушунтира кетди,
-Бу испан ёки рус тили эмаски, қандай ёзилса шундай ўқийсизлар. Бу “инаф” деб ўқилади.
Каримжон “ёппирай” деб ёқасини ушлаб қолди. Бу қандай қилиб “инаф”
деб ўқилади? Бу ерда “ф” ҳарфи йўқ-ку. Хуллас, “инаф” дегани “етар”
дегани эканини ўрганиб олибдию аммо ёзишида ҳозирга қадар хато қилар
экан.
Кейин қараса бу асосан шунақа экан, деярли ҳамма сўзлар бошқа
ёзилиб, бошқа ўқилади, бошқача талаффуз қилинади. Масалан битта “А”
ҳарфини уч жойда уч хил талаффуз қилишга тўғри келади. Ёки “C” ҳарфини
бир жойда “К” деб ўқиш керак, бошқа жойда “C” деб. “И” ҳарфини бир
жойда “И” деб ўқисангиз, иккинчи жойда “Ай” деб ўқишингиз керак ва
қайси ҳолатда қандай ўқилади, деган қоидалар ҳам йўқ ва борлари ҳам
ҳаётга тўгри келмайди, одамларнинг огғзига қараб ёдлашингиз керак. Нега
бундай, деса, ҳеч ким жавоб беролмайди. Бу ерда халқ муҳофазакор. Бор
нарсаларни йўқотишни, ислоҳотни истамайди. Бир пайтлар битта “ф”
ҳарфини ислоҳ қилайлик, деган президент оз қолсин халқ душмани, деб
эълон қилинган экан.
Хуллас, Каримжон бошқа ҳамюртлари қатори “осон” йўлини топди.
Ўрганмасликка, касал бўлмасликка, машина минмасликка қарор қилди. Лекин…
12.ОРИЙ
Отаси Андижон тарафлардан Афғонистонга ўтган ва ўзи қарийб 20 йилдирки
Америкада яшаётган бир ўзбекнинг уйида меҳмонда бўлдим. Агар
Туркистонликлар тўпланишса ё тожикча ва ёки туркча гапиришларидан хуноб
бўлиб, ўзбекча гапирайлик, деб юрадиган бу одам анчагина зиёли ҳам эди.
-Биз орийлармиз деди,-деди у менга.
-Қандай қилиб? Орий дегани ҳинд- европалик дегани эмасми?- ажабландим мен.
-Йўқ, бу ғарбликларнинг тушунчасида, бизда эса, орий деган олий ирқ мансуби дегани…
-Олмонлар ҳам ўзини орий, деб ҳисоблаган.
-Олмонлар яҳудий бўлмаган ҳамма халқларни ҳам орийлар, деб аташган.
Аммо биз орийлармиз. Фақат чўл савдолиси Шайбонийхон Самарқандни босиб
олиб, Бобурийларни қувғин қилгач, биз бу номни йўқотдик. Ғарбда орий
деган калимага изоҳ берилар экан, Ҳинд-Европа маъносида Бобурийлардан
бошланадиган ва Эронга қадар узанган заминни назарда тутадилар,-дея
тушунтирган бўлди у.
Мен эса, Тожикистондан мисол келтирдим. Олимларини бир томонга
қўйинг, сиёсатчиси Имомали Раҳмонов ҳам, “Тожиклар-тарих кўзгусида” деб
номланган ва 1996 йилда уч тилда нашр этилган китобида тожик дегани
орий деганидир, дейди, демак биз ҳам тожик бўлиб чиқамизми, Садриддин
Айний ҳам тожикларни орийлар, деб ёзади, -дедим.
-Раҳматли Айний фақат Самарқанд эронийлари орийлардир дегувчи, эди,-
деди худди Айнийни яқиндан танигандек.-Аммо унинг мақсади асл келиб
чиқиши турк бўлган ва Бобурни Шайбонийдан ҳимоя қилиш учун Самарқандга
келган эронийларни ҳам тожикларга яқинлаштириш эди. Ваҳоланки, бу
эронийлар, Шоҳ Исмоил ҳукмрон бўлган Хуросондан, бугунги Эроннинг
Озарбайжон ва туркманлар яшайдиган қисмидан келишганди.
-Хўп бу бошқа масала, лекин бугун биз орийлармиз, десак, устимиздан кулишмайдими?- дея сўрадим мен.
-Бугун Ўзбекистонда кимнинг кимлигини аниқлаб бўлмайди. Ўзбекистон
номини Ленин берган, Туркистонни парчалаган. Биз бугун ё Темурни тан
олишимиз ёки Шайбонийхонни. Темурни тан олсак орийлигимизни тан олган
бўламиз. Шайбонийхонни тан олсак, орийлигимиздан воз кечиб чўл
бадавийси бўламиз.
Бу суҳбатни радио учун ёзгандим аммо радиога бера олмадим. Чунки мени ирқчиликда айблаган бўлардилар.
(Давом этади).