Ризобек Среда, 2025-07-23, 23.02.10
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июль » 22 » “Бирдамлик” ҳаракатининг баёноти
    19.15.11
    “Бирдамлик” ҳаракатининг баёноти

    ҲУКУМАТДАН МАҲБУБА ЗОКИРОВАНИ ТАЛАБ ҚИЛАЙЛИК!

    “Бирдамлик” ҳаракатининг баёноти

    Бир ёлғон бошқа ёлғонларни туғаверади. Андижондаги қирғин сўнггида қонхўр ҳукумат ўз кирдикорларини яшириш учун яна ёлғонлар ўйлаб топа бошлади. Бу ёлғонларини ҳаспўшлаш учун эса, ўзи сингари ёлғончиларни излашга тушди. Хитой, Россия, Қозоғистон… сингари бир неча давлатларнинг призидентлари “бетларини беш қарич” қилиб, манфаатлари йўлида Каримовнинг ёлғонига қўшилдилар. Андижон митингида иштирокчи бўлган-бўлмаган кишилар “террорист” дея қамоқларга ташланди. Тутқинлар турли қийноқларга солингач, улар ҳам ноилож ҳукумат ёлғонига қўшилишди — ёлғон кўрсатмалар бердилар.

    Ҳукумат ичида ҳақ гапни гапирадиган киши йўқдай эди. Ўз ёлғонини “рост” қилиб кўрсатиш учун пухта тайёрланган қонхўрлар сценарийидан ташқари гап бўлишини ўйламаган бир вазиятда, Олий суд минбарида биргина ҳақ сўз янгради. Маҳбуба Зокирова шу минбарда гапирилаётган барча ёлғонларни рад қилиб, воқеликни қандай кўрган бўлса шундай айта олди. Бу — хақиқатан жуда улкан жасорат эди.

    Олий судда рост гапни айтган бу аёлга ҳукумат позициясида саволлар қўйилди. Давлат айбловчисининг: “Ҳамма қуролланган террористлар отди, деб кўрсатма бераяпти. Сиз ҳам кўрдингизми оломон орасидаги қуролланган кишиларнинг отганини?”-мазмунидаги кучаниб берган саволига ҳам Маҳбуба соддагина қилиб: “Ҳа, мен аниқ кўрганим… Икки марта кўрганман. Машинада, мана шу чекка йўл томонда солдат кийимидаги, бундай каска кийганлар отишган роса-а-а ёмон. Ундан кейин Тешиктошга… Боғдан чиқиб бундай кетилаётганда дарахтнинг устига чиқиб, ўшанақа каска кийганлар, домларнинг деразасидан отган. Устини кўрмаганман, бундай каскаси кўринган. Отишган. Тешиктошга ҳам ўшанақасини отганини кўрганман…” деб жавоб қилганди.

    Жасур аёлларимиз саноқли. Биз илгарироқ ноҳақ ҳибс этилган Елена Урлаева, турмада қийноқларга солинаётган Мўтабар Тожибоева, ноҳақ қамалган Гулбаҳор Тўраева, Умида Ниёзова ҳамда Саодатхон Ташмановалар тақдиридаги ҳукумат босимлари юзасидан бонг урдик, дунё бўйлаб ўтказилган акцияларда бу аёлларимизнинг озодликка чиқиш талабларини қўйдик. Шу намойишлар ўлароқ, балки нималаргадир эришилди. Кўплаб давлатлардаги Ўзбекистон элчихоналари олдида миллатдошларимиз “Фидойи аёлларимизга озодлик!” каби талаблар билан чиқдилар ва фидоийларимиз шунга арзийдилар. Лекин, ўйлаб кўрсак Маҳбуба Зокированинг жасорати ҳам юқоридаги қахрамон аёлларимизнинг жасоратидан кам эмас. Унинг “бедарак йўқолиши” ҳолатига ҳам дунё жамоатчилигининг эътиборини қаратиш зарур.

    “Энди ҳозир менга имконият бор экан гапиргани, гапириб олай. …мен яшагани қўрқаман бу юртда, нимагаки, мен ҳозир ҳеч ким гапирмаган гапни гапирдим”-деган эди Маҳбуба олий суд залида. У Ўзбекистонда ҳақиқатни излашнинг, ҳақ гапни гапиришнинг ҳосиласи ё қамоқ, ё қийноқ ё ажал эканлигини яхши биларди. Билгани ҳолда ўз виждонига қарши бора олмади ва ҳақиқатни гапирди.

    Маҳбубанинг ўзи ва миллионлаб юртдошлар хавотиридаги воқеа юз берди бугун—Маҳбуба Зокирова бедарак йўқолди. Унинг оила-аъзолари ҳам қаерда эканлигини билмас экан.

    Нима бўлганда ҳам биз бугун жим турмаслигимиз керак. Биз ўзбекнинг шу ҳақсўз қизи хурмати яна дунё бўйлаб Ўзбекистон элчихоналари олдида Маҳбуба Зокировани талаб қилиб пикетлар қилайлик.

    Биз “ҲАҚИҚАТНИ АЙТГАН МАҲБУБАНИ ТОПИБ БЕРИНГЛАР!”деб, “ҚАҲРАМОН АЁЛ МАҲБУБА ЗОКИРОВА УЙИГА, ФАРЗАНДЛАРИ ЁНИГА ҚАЙТАРИЛСИН!”, деб Ўзбекистон ҳукумати олдига талаблар қўйишимиз керак!

    Маҳбубанинг тақдирига бефарқ бўлмайлик, азиз юртдошлар!

    2007 йил 21-июл

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz