Жаҳонгир Муҳаммад: Ўзбеклар ва ўзбеклар
13.ЎЗБЕКСОТАРЛАР
Мустақилликнинг ўнинчи йиллиги нишонлангандан сўнг орадан бир ой ўтиб
шу ибора пайдо бўлди. Гап шундаки, АҚШда 2001 йил 11 Сентябрда учқичлар
билан Америка рамзлари ҳисобланган биноларга ҳужум қилингандан кейин
жилови тортилган эркинликлардан бири бу ерда ғайриқонуний юрган
муҳожирларни ушлаш бўлди.
Ушла-ушла борар экан, матбуотда бир хабар пайдо бўлди. Ўзбекистонлик
бир эр-хотин ёш-ёш ўбекларни олиб келиб, Америкада сотишар экан. Сотиш
деганда табиийки қул каби сотиб юбориш эмас, балки уларни қулдан ҳам
баттарроқ шаклда сотиш, яъни уларнинг вужудлари ҳисобига пул қилиш
билан шуғулланишар экан. Полиция визаси ўтиб кетган фоҳиша қизлардан
айримларини ушлагач, ипнинг учи эгаларига, яъни эр-хотинга борган ва
улар ҳам қўлга олинган. Эр-хотин олий маълумотли бўлиб, инглиз тилини
яхши билишгани учун ва қизлар билишмаганидан фойдаланиб уларнинг
устидан пул қилар экан.
Умуман мана шундай “хизмат”ларнинг жуда кўп тури тарқалиб қолганди.
Масалан, Ўзбекистондан илгари Америкага келган бир киши мен ширкат
очганман, сизлар ишлайсизлар, деб ўнлаб ёшларни олиб келар, уларга энг
оғир ишларни қилдириб соатига 1-2 доллардан тўлар экан. Аслида эса, бу
иш ғайри қонуний. У одам бу ишни ўзим қилаяпман, деб соатига 15-20
доллардан олгани ҳолда бечора юртдошларига ўн баравар кам ҳақ тўлар
экан. Яна оғзини тўлдириб ватанга хизмат қилаяпмиз, дейишига қойил
қоласиз.
Алданганлар нима қилишсин, кимга шикоятга боришади? Боришса,
ўзларини қамайди. Чунки визалари ўтган, ғайриқонуний ишлаб юрибдилар ва
ҳоказо.
Қўлга тушган эр-хотин ҳақида ёзган журналист “Ўзбексотар ўзбеклар”
деган иборани ишлатганди. Уни ўқиган ўзбекистонлик бир танишим эса,:
-Нима қипти, Бухорода чет элга жўнатаман, деб пулини олиб, ўзларини
бўлаклаб ташлаган воқеа бўлди, Тошкентда мушук гўштини еганлар ўртага
чиқди, пул учун ота-онасини сўйганлар ҳам бўлди, уларнинг олдида бу ҳеч
нарса эмас-ку,- деди.- Бу ҳам мустақиллик “шарофати”. Балки ҳақиқий
мустақил бўлиш учун шундай кўчалардан ўтишимиз керакдир?
Мени эса, бу воқеада кўпроқ Америкага келган, қорни тўқ одамлар ўз
миллатидан бўлган бечораларни сотишгани, яъни ўзбексотар ўзбекларга
айланишгани ўйлантирарди.
14.ИШТОНСИЗ…
Иштонсизнинг тиззаси йиртиққа кулганига қара, деган гапни кўп
эшитгансиз. Ёки аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ, дейдилар. Хуллас,
бу каби гаплар бежиз айтилмаганини ҳам биласиз.
Бунга яна бир мисол. Америкага 20 йил олдин Саудия Арабистони орқали
келганлардан бири жон жаҳди билан ҳаммани динга даъват этар, ҳар кимдан
бир кофирлик белгиси топган бўлиб гап қиларди.
“Фалончининг қизи яланғоч юрганмиш, мусулмонликни ҳам бир пул қилди бу бадбахтлар!”
“Ана унинг ўғли инглизга уйланганмиш, суф сандай мусулмонга!”
“Агар Америка овқатларидан қўядиган бўлсаларингиз давраларингизга бормайман!”
“Собиқ мудиримни биламан, ҳар кун ичмаса ухлай олмайди, ҳамма вақт оғзидан ичкилик сасиб туради!”
Булар унинг луғат хазинасидан зарралар, холос.
Бир куни Ўзбекистондан машҳур бир хонанда билан раққоса келадиган бўлди
ва маҳаллий ўзбекларга сизлар уларга бир жой қилиб беринглар ва улар
сизларга концерт қўйиб беради, дейишибди. Бир маъракада шу гап очилиб
қолди. Ҳалиги одам׃
-Бизнинг ота-боболаримиз концертсиз ўтган, агар сизлар шунга рози бўлсаларинг, мана-мен кетдим, -деб маъракани ташлаб кетди.
Уйнинг эгаси׃
-Нимага бу гапни очдингизлар, энди ким дуо ўқийди?- деб турганди дарҳол мулла ҳам топилди ва иш битди.
Орадан икки ой ўтгач, бир тўйга бордик. Ярим яланғоч бир қиз тўйнинг бошидан охирига қадар ўртадан чекинмасдан ўйнади.
Биз билан ўтирганлардан бири׃
-Отасининг гапи қиличдаю боласига пичоқдай ҳам таъсир қилмайди. Ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатса яхши бўларди,-деди.
Мен у кишинг ўзлари тўйга келмадиларми?- деб сўрадим.
-У кишининг қоидалари бўйича тўйни ҳам мусиқасиз ўтказиш керак экан,-деди ҳалиги киши.
Менинг эса, ёдимга қизи америкаликка тўйсиз тегиб олган бир кишиниг гапи тушди:
-Фалончиниг ўғли америкаликка уйланибди. Эртага тўймиш. Худо инсоф берсин одамларга!-деганди у.
(Давом этади).