Жаҳонгир МУҲАММАД:Ўзбеклар ва ўзбеклар

15.ВАҚТ
Америкада яшаётган ўзбекларнинг қайси бири билан гаплашсангиз,
“Америкалик бўлиб қолдик” дейди. Бу эса, борди-келдига, кўнгил очар
ўтиришларга, тўйларга вақт қолмаяпти дегани.
Кимдир қарзларини тўлаш учун етти кун ишлаши керак. Бу ерда истаган
вақтда ишхонадан чиқиб кетолмайсиз, тўғриси истаган вақтда кета оласиз,
аммо ё маош ололмайсиз ва ёки ишдан қувиласиз. Бунинг устига иш
соатлари сизга кўра эмас, ишхонага кўра тузилади. Кимдир
ярим тунда ишга борса, кимдир ярим тунда ишдан келади. Дам олиш куни
бўлганларнинг шу кунга тўпланган ташвишлари кўп бўлади.
“Америкада ҳамма нарса бор, аммо қидирсанг ҳеч нарса йўқ” деган
иборани тез-тез эшитасиз. Бу эса, дам олиш кунлари дўконма-дўкон юриш,
керакли нарсанинг ҳам яхшисини, ҳам арзонини қидириш керак дегани. Ҳам
яхши, ҳам арзон нарса кам. Яхши бўлдими қиммат бўлади. Яна ўша гап:
вақт пул. Уни йўқотган сайин пулни ҳам йўқотаверасиз.
Меҳмон чақирсангиз унинг вақти сизга тўғри келмайди, сизники унга.
Яна ҳар ким ҳар ерда яшайди. Орада 50-60 километр масофа бор.
Қолаверса, ўзбеклар диний турмушлари жиҳатидан ҳам бўлинишган. Биттаси
ичкилик ичса, иккинчиси намоз қилади. Иккаласи ҳам бир-бирини кўрса,
итни кўргандек ғижинади. Ўзига тўғриси бўлса, нима қиламан шулар билан
вақт ўтказиб, дейди-да денгиз соҳилидаги уйлардан кирага олиб қўяди ва
бўш вақти бўлди, дегунча хотинини олиб, ўша ёққа кетади. Тўй-маъарака
ҳам ана шундан келиб чиқиб, қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.
Шунга қарамай Ўзбекистондагидан яхши шекилли, ҳамма бу томонга келаман, дейди.
16.ХУДОГА ШУКУР
“Бирлик”нинг меҳмонлар саҳифасида миттигина саҳна асари пайдо бўлди.
Менга ёқди. Шу кундаги манзарини чизиб беришга уринганди муаллиф. Лекин
муаллиф асл исмини яшириб, исмини “Биров” деб ёзганди. Мана ўша
асар:(Айнан нусха)
21. Наме: Биров ,
Сиёсий Томоша
Ер: Узбекистон
Иштирокчилар:
Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Полат, Ҳизби таҳрирчилар, Исломий ҳаракатчилар, оломон…
Каримов: Мен Узбекистонда бугундан эътиборан демократия эълон қилдим.
Ҳозир ҳаммага алфавит тартибида сўз бераман. Сўз А. Пўлатга.
А.Пўлат: Бирликни биз тузганмиз. М. Солиҳ сотқин. Агар у хоинлик қилмаганда…
М.Солиҳ: Шаллалқилик қилма…
Оломон ичидаги Бирликчи ва Эркчилар орасида тортишув ва низо бошланади…
Каримов: Жим, жим бўлинглар. Сўз М. Солиҳга…
М.Солиҳ: Бирликни биз тузганмиз. Биз 90 йилда ҳукумат билан муроса тарафдори эдик. Бирликчилар радикал эдилар…
А. Пўлат: У пайт муроса сотқинлик эди энди эса, биз муроса тарафдоримиз.
Оломон яна нотинч.
Каримов яна оломонни тинчитади. Сўз Исломий ҳаракатчиларга׃
ЎИҲ вакили: Биз аввал шариат ўрнатамиз.
Ҳизби таҳрирчилар: Йўқ аввал ҳалифат ўрнатилиши керак.
Оломон ичидан “Аввал шариат”, “Аввал ҳалифат” деган қичқириқлар. “Сен
хоин”, “Сен шаллақи”, “Аввал шариат”, “Аввал ҳалифат” дея бақир-чақир
ва тўс тўполон. И Каримов асабийлаша бошлайди. Милициа оломонга уқ
отади. Оломон қоча бошлайди.
Саҳна ёпилади.
И. Каримов: Сўз олганларнинг ҳаммасини ушланглар, қамоққа тиқиб ақлини киргизиб қўйинглар…
Май 28, 2002 ат 00:54:29 (МСД)
Саҳифадан айнан олганим учун хатоларини ҳам тузатмадим. Бу эълон
қилингач, ўша куниёқ электрон адресимга номаълум бир кишининг номига
очилган адресдан мактуб келди ва юқоридагини ёзишда мени айблаган киши
бир кун албатта жазоимни олишимни ҳам таъкидлаганди. Кейин “Бирлик” да
ўша нарса қайтадан саҳифага қўйилиб, орқасидан қийидаги хат пайдо бўлди. 6. Наме: Ўшлик
Сиёсий Томоша -муалифига 5-5-5-5 баҳо. Мавзуни ўрганиш учун унинг
қаҳрамонлари Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлат ва ИДУ
лидери Амир Тоҳир Форуҳ билан ҳамтавок бўлишни ўзи кифоя қилмаслиги
кўриниб турибди ,қачонлардур уларга сафдош бўлганлигингиз маҳсули
бўлганлиги билиниб турибди. Сизнинг қаламингизга мансуб бўлган яннги
цнарийларни кутамиз ҳурматлик “ЖБИРОВ” жаноблари.
Май 29, 2002 ат 18:35:22 (МСД)
Услубидан танидим, бу илгари барча танқидий гапларни мендан кўриб
юрадиган бир танишимиз эди. У менинг бадиий нарса ёзолмаслигим ҳақида
орқадан кўп гапирганини эшитардим. Мана энди тан берибди. Худога шукур.
Бундан кейин мухолифат ҳақида ўз имзоим билан ёзганларимдан ташқари
ёзиладиган барча имзосиз бадиий асарлар ҳам менга тегишли, билиб
қўйинглар! Ҳар ҳолда энди мени плагиаторликда(кўчирмачиликда)
айблайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бунисига ҳам олдиндан шукур! Чунки
ҳаётда бундан юз, минг марта ёмонроқ воқеалар содир бўлади-да.
(Давом этади).
|