Жаҳонгир Муҳаммад:Ўзбеклар ва ўзбеклар

19.ШОҚОЛАМУН
У Тошкентда фақат француз коняги ичарди.
-Бу ҳам бир маданият,- дерди.
Туркияга келганда миллиятчига айланиб қолди. Чунки у таржима қилган
бир китоб миллиятчилар ўртасида машҳур ва миллиятчилар Ўзбекистондан
келганларга алоҳида ҳурмат билан қарар эканлар. Бунинг устига улар
ҳукуматда ҳам эдилар. У Ўзбекистонни йўқотиб, буюк Туркистон қуриш
ҳақида ваъз айтиб юрди.
Вақт кечиб, ҳукумат диндорларнинг қўлига ўтди. Бизнинг сиёсатчи вақтни
қочирмасдан дарҳол ўмрага бориб келди. Намоз ўқий бошлади. Кеча
миллиятчиларга қўшилиб туркчилик, деб юрган бўлса, энди умматчилик
дейдиган бўлди. Ваҳобийликни орзу қила бошлади. Ўзбекистонда исломий
давлат қуриш ишқига тушди.
Унинг “бахти”га ҳарбийлар бир йилда диндорларни тахтдан олиб
ташладилар ва коммунистлар ҳокимиятни қўлга олдилар. Бизнинг сиёсатчи
яна арақ магазинига югурди. Газеталарга суҳбат бериб, доим орзу қилгани
ғарб байналминали эканлиги, Ўзбекистонни ҳам шундай кўриши ҳақида
гапира бошлади. У буқаламунни ҳам доғда қолдирди.
Бир кун Туркия унга тор бўлгач, Америкага келмоқчи бўлди. Шу пайтга
қадар Американи сўкиб ёзиб юрган одам бирданига мақтай бошлади. Ҳатто
махсус курсларга бориб инглизчани ўрганди. Бирданига у яна Американи
сўкиб ёза бошлади. Гап нимадалигини билмай юргандим. Яқинда эшитсам, у
Америкага келмоқчи бўлган ва унга виза ҳам, бошпана ҳам беришмабди.
Буқаламун шароитга қараб мослашса, бизнинг шоқоламун эса, шароитга
қараб мослашиш давридан ўтиб, шароитни ўзига мослашишини истайдиган
даражага етиб келди. Аммо шароит кимларгадир мосланиши қийин бўлгани
учун шоқоламунга ҳам осон бўлмайди.
20.”АЛВИДО, ДЎСТ”
1984 йилнинг биринчи Декабр куни уйимиз ёниб кетганда келган одам кўзига ёш олганди.
“Ҳамма нарсасидан айрилди, шўрликлар, энди нима қилишади?”
“Бундай куннни ҳеч кимнинг бошига солмасин, энди қандай қилиб оёққа туришади?”
“Уй-жойсиз яшаш мумкинми?” каби гаплар бир неча марта қулоғимга чалинган унинг оғзидан.
Бошқаларнинг бошига шундай офатлар келганда сочларини юлиб
йиғлашганини кўп кўрганман. Яъни бу оддий одатга айланган. Уй-жой -
Ватан. Уй-жойдан айрилиб қолиш эса, ватандан айрилиб қолишдек оғир
қабул қилинади. Қолаверса Ўзбекистонда уй-жойлик бўлиш осон эмаслиги,
бир умр меҳнат қилиб уй жойли бўлингани учун ҳам у қарийб ҳаёт билан
тенг мавқега келиб қолган.
2002 йилнинг Апрел ойида АҚШда Мериланд штатининг бир туманида
кўплаб уй-жойларни тўфон гирдоби силиб кетди. Бечоралар, энди нима
қилишади, деб ўйлай бошладим. Топган пулини уй-жойи учун тўлаб юрган
одамларга биздагидан ҳам оғир тушса керак, деб ўйладим. Эртасига уйини
тўфон гирдобга тортган бир аёлнинг телевидениедаги гапи мени ҳайратга
туширди. Мухбир ундан “Бу уйда 20 йилдан буён яшаган экансиз, шунча
йиллик тарихингиз, тўплаган нарсаларингиз ҳам бир онда йўқ бўлди,
хаёлингиздан нима ўтмоқда?” деб сўради. Кекса аёлнинг юзида ҳеч қандай
азият белгиси йўқ эди.
-Биринчидан, Худога шукур, тирик қолдим. Худонинг суйган бандаси
эканман,-деб жавоб берди, ҳатто бироз жилмайган қиёфада.- Агар уйим
қолиб, мени олиб кетганда, балки мен учун фожиа бўлиши мумкин эди. Аммо
у ҳам Худонинг иродасида. Уй-жойни суғурта қилганман. Янгисини қуриб
беришади. Уйим эскириб қолгани учун бу Худонинг менга бир кароматидир.
Акс ҳолда қариган чоғимда эски уйнинг муаммолари билан банд
бўлардим-да. Машинани ҳам янгисини оламан. Суғурта уни ҳам қоплайди.
Уйдаги ҳамма нарсаларим ҳам суғурта қилинганди. Ҳатто албомларга қадар
суғурта қилиб қўйгандим. Қариган кунларимда ёнғин-понғин чиқиб қолса,
қийналиб юрмай деб суғуртага бош ургандим.
Аёл шундай деб бирдан жиддийлашди. Кўзларининг остига бирдан ғам чўккандек бўлди.
-Энг кўп ачинганим, бу гулларимдир. Тўфон гулларимни ҳам юлиб кетди.
Уларни бирор-бир суғурта тиклаб беролмайди. Мен ўз истагимга кўра
дўконма-дўкон юриб, олиб келиб ўтқазгандим. Анча меҳнатимга куйдим.
Лекин уларни ҳам тиклаб оламан… Аммо ана у йиқилган дарахтни қандай
тиклайман? Йигирма йилдан буён бу дарахт ҳам бир дўстга айланиб
қолганди,-деди.
Аёлнинг кўзларида ёш ҳалқаланди..
Мухбир эса, махсус хизматчилар шохларини кесаётган дарахтнинг ёнига бориб, “Алвидо дўст” деди…
(Давом этади).
|