Бугун Ўзбекистонда эркагу хотинлар бола-чақаларини боқолмай ўзларига ўзлари ўт қўйишмоқда.Ўзбек радиосида эса бу фожеалар кўпроқ содир бўлишини тарғибот қилгандай юқоридаги лапар қайта-қайта ҳаво мавжларида янграмоқда.Ўзига ўзи ўт қўяётганлар ҳеч бўлмаса бир неча сонияга болам учун зулматни ёритган чироқ бўлай,деган қарорга келишяпти чоғи.Лекин бу танланган йўл қанчалик нотўғрилигини уқтириш ортиқча менимча. Аёллар ўзига ўт қўйиш ҳоллари одатий бўлиб қолган шу кунларда,қўшиқни тинглай туриб энди бардоши тугаган эркаклар ҳам ўзларига ўт қўйиш ҳоллари ортиб бормоқда. Жиззахда эркак ўзига ўт қўяётган бўлса,Самарқандда қиш мавсуми тугул ёзда ҳам электр ва газ ёнмаганидан одамларнинг ғазаби қўзиётгани ҳақида хабарлар бор. Андижонда эса Каримовнинг гапига кирмайдиган "бебошлар" кўпайиб кетгани,Тошкентда эса э йўқдан,бе йўқ "ҳизбут таҳрирчи",дея аёллар зиндонга ташланаётгани кундалик одатий ҳолга айлангани ҳақида хабарлар тўхтамаяпти. Ўзбекистон телерадиокомпаниясида эса одатдагидай гўёки кўр ва соқовдай бундай ҳолатни кўрмайдиган,эшитмайдиганлар "хўрозқанд қачондан буён истеъмол қилина бошлаган" каби савол-жавобли соатлаб лаққиллама ўйинлар олиб бориш билан банд.Тингловчи-томошабинлар ҳам анойи эмас.Ўйинни бошқараётган маддоҳга "саволингиз жа мураккаб,бошқасини беринг" каби талаблар билан сим қоқишади.Гўё Ўзбекистонда хўрозқанддан бошқа мавзу қуриб кетгану унинг тарихини билиш давлат аҳамиятига молик муаммо."Ҳа,баракалла хўрозқандпуруш бошловчи",дейсизда. Аммо эгри ўтириб,тўғри сўзла,деган гап бор.Кундуз кунлари шарманда қўшиқлару,шарманда ўйинлар тақдимоти,тунлари эса маълум,машҳур,марҳум санъат арбобларининг нолишлари бериляпти.Бундоқ эътибор қилсангиз Ўзбекистонда кундуз тўй-у,тунлари ҳамма аза тутаётгандай.Чет эллардаги ўзбек жамияти ҳаётига оид мавзуларни ёритишга сафарбар ОАВлари ҳам кўп ҳолларда аён масалаларни баён этиш учун "ғалдир-ғулдир чалаўзбеклар"нинг гапларини соатлаб "ғаққа-ғуққа" этишда Ўзбекистондаги жўраларига ҳамоҳанг. У вилоятда ундай,бу вилоятда бундай ҳодисот бўлди,дейилади.Аслида эса хўроз ҳамма жойда бир хилда қичқиради,деган гап бугун Ўзбекистон учун ғоят мос тушади. 1985 йилларда ўша шўролар мамлакатида спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш, истеъмол қилишга чек қўйиш учун кураш компанияси бошланганди("сухой закон).Оқибатини кўпчилик эсласа керак.Бир қатор Кавказ давлатлари,Молдова сингари Республикалар иқтисодиёти кунпаякун бўлганди. Нега уни эсладик.Чунки сўнгги хабарларга кўра "одам овлаш"нинг бу усулини зулмбош яна такрорламоқда.Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва савдо қилишни чекловчи қарор чиққач "қўлбола шароб" ишлаб чиқариш ҳажми кўпайган.Натижада бу қарорни амалда ижросига жалб этилган ҳукумат идоралари бу борадаги яширин фаолиятни тўхтатиш баҳонасида чўнтакни қаппайтиришга астойдил киришиб кетишган.Одамлар эса алламбалодан тайёрланаётган "қўлбола ичимлик"лардан ўлиш ҳоллари сони ортиб кетган. Зулмбош сиёсати ана шундай ҳар турли йўллар билан одамларни ўлдириш усулларини ўйлаб топмоқда ва мақсадига эришмоқда. Бу каби фожеавий сиёсат қачон якун топади?Афсуски бу саволга жавоб айтиш ғоят қийин...