Жаҳонгир МУҲАММАД:Ўзбеклар ва ўзбеклар

21.ЖАВОБ
“Бирлик” саҳифасининг “меҳмонхона”сига қуйидаги хатни 2002 йилнинг
ёз кунларида юз кунда юз марта жойлаштириб жавоб сурашди. Саҳифада
фақат Муҳаммад Солиҳ билан Абдураҳим Пўлатов ўртасида жанжал
бораётганди. Шундай кезда бу икки кишининг жанжали эмас, дея бошқа
одамнинг номини ҳам аралаштириш жанжалчиларга хос эди. Нима бўлганда
ҳам мен жавоб бермадим. У саҳифага ёзмайман, деб сўз берганим учуни
жавобни бу китобга киритдим. Демак, аввало, хат: (Хатоларини тузатмадим, услубларини яшириш учун баъзан атайлабдан хато билан ёзишади)
“1997 йилда Пулатовнинг онаси улгани муносабати билан Пулатовнунг
уйига борганбмиз. Мен(мени Пулатов хам Маматов хам билади), Жахонгир
Маматов, Тоҳир Юлдошев, Зайниддин Асқаров, Абдурахим Пулатов бирга
марҳума хотирасига дуо қилдик. Шундан кейин номоз қилмоқчи булиб,
жоиномоз сурадик. Пулатов хотинига “фалончахон жоиномозни келтиринг”
деди. Фалончахон хам “адаси бизда жоиномоз нима қилади?” деб эрини
шарманда қилди. Кейин майли намозни шундай хам қиламиз, хуш, қибла
қаерда деб суради бош мехмонимиз Тоҳир Юлдош. Пулатов акамиз типирчилаб
қолди, энди қиблани тополмай шарманда булганди. Ундан кейинги сукутни
бузган жана Пулатов акамиз булди. У деди; Майли улган улди, келинг энди
сиёсат ҳақида гаплшайлик, бирлашган мухолифат қилиш учун нима шартлар
бор, деб қолди.Тоҳир ижирганиб қуйди. қайтайлик бу ердан деган имо
қилди. Жахонгир анча чаққон, дарров гапни олиб қочди. Уйга қайтганда
хам Жахонгир “шу коммунист Пулатовни қойинг, исломи ҳаракат билан
бирлашувимнизни қандаи қиламиз” деган сухбатга бошлади. Энди бу
саитдаги Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги гийбатларни уқиб, ажабо бу одамларда
инсоф борми деб уйлайман. Одам зоти шунча ёлгончи буларканми деб
уйлайман. Агар бу гапимга эътироз қилмоқчи булса, Пулатов билан Маматов
чиқиб шу ердан десин: Худо урсин, шундай гап булмади, десин. Мен
кечирим суражман улардан”
Бу хат ёзиларкан, менинг Тоҳир Йўлдош билан Истанбулда учрашганимиз
ҳақида ёзганларимга мослашга ҳаракат қилинган. Лекин Абдураҳим
Пўлатовнинг онаси ўлганда Истанбулдаги барча ўзбеклар фотиҳага келган,
фақат Пулатов билан жанжал қилиб юрганлар келишмаганди. Улар Пўлатов
билан ўртадаги жанжални мусулмончиликдан, одамгарчиликдан устун
қўйишганди. Бу ҳам уларнинг хусусий иши.
Лекин юқоридаги хат уни ёзган одамнинг диндан ҳам бехабар эканлигини
кўрсатади. Исломда “Уйингда жойнамоз бўлмаслиги гуноҳ” деган қоида йўқ
ва ёки, “Уйингда жойнамоз бўлсин” деган фарз ҳам йўқ. Бунинг устига
Тоҳир Йўлдошлар “ваҳобийлик” тарафдори бўлгани учун намоз ўқийдиган жой
муҳим эмас, балки намозни ўқиш муҳим, деган қарашни ҳимоя
қиладиганлардан. Зотан дунёдаги аксар мусулмонлар намоз пайти бўлганда
жойнамоз қидирмайдилар. Ваҳобийлар жойнамозни Эрон зодагонлари ёки Турк
султонлари ўйлаб топган, деб ҳисоблайдилар. Шунинг ўзи ҳам хат бошқа
мақсадда ёзилганини, яъни мени Тоҳир Йўлдошга яқин қилиб кўрсатишга ва
бу билан ёмонотлиқ қилишга уринилганини кўрсатади.
Хатнинг остида бу гаплар ёлғон бўлса, қасам ичиш талаб қилинган. Бу
гаплар рост бўлса, нега муаллиф ўз исмини яшириб “Маматов ва Пўлатовни
таниган мусулмон” деб имзо чекди?
Бақара сурасининг 224 Оятида׃ “Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва
одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсувчи бўлган)
қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз! Аллоҳ эшитувчи,
билгувчидир”, дейилади. 225 Оятида׃”Аллоҳ сизларни тилларингиздаги
беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки дилларингиз билан
қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалийм
зотдир” дейилади.
Яъни дилда бўлган ҳақиқат муҳимдир.
22.ҚЎЛБОЛА АЛИФБО
“Америка овози” радиосига келганимда мени дастлаб ҳайратга солган
Ўзбек бўлимида қўлланилган алифбо бўлди. 1998 йилнинг охири эди ва
Ўзбекистонда ҳали кирил алифбоси кучда. Аммо лотин ҳам чучмомо каби
ўсиб чиқаётган кунлар. Радиода эса, учинчи бир алифбони кўрдим.
Дунёнинг бирор жойида бунақа алифбо қўлланилмас эди.
Ўзбек бўлими очилганда бу антиқа алифбо ўйлаб топилган экан. Яни бу
ердаги 8-9 ҳарф туркчада ҳам ва эски ўзбек алифбосида ҳам йўқ. Нега,
нима мақсадда бундай қилинганини ҳеч ким изоҳлаб беролмайди. Аммо
тахминлар кўп. Алифбони “ясаганлар” эса, аллақачон оламдан ўтишган.
Бўлим мудирига:
-Ўнгимизда учта тўғри йўл бор. Ўзбекистонда қўлланилаётган кирил, янги
қабул қилинган лотин ёки Туркиядаги алифбо. Нега шулардан бирини танлаш
мумкин эмас?- дедим.
-Кирилни бу ерда ҳеч ким билмайди,- деди у,- Янги лотин эса
ҳозиргача уч марта ўзгарди. Яна ўзгариши мумкин. Туркия алифбосини
қабул қилолмаймиз, чунки бўлимимиз ўзбек бўлими!
Унинг важлари тўғри. Лекин радиодаги антиқа талаффуздан қутулиш учун
ҳам алифбони ўзгартириш керак эди. Масалан, радио алифбосида “Олма”,
“Алма” деб ёзилади. Яъни “О” ҳарфи ўрнида “А” ишлатилади. Рус сўзлари
қўлланилганда эса, “О” ҳарфи “Ў” ўрнида қолаверади. Шунинг учун ҳам
ўқиганда “О”-ни “А”деб ўқиб кетилади. Натижада “бошқа”сўзи “башқа”,
“шоҳид” калимаси “шаҳид” “бўлиб кетаверади”. Нима қиламиз, камина ҳам
шу алифбони ўргандим. Бир кун уйда радиони эшитсам, “Фаластиндаги
жангларда тўрт киши шоҳид бўлди,” деб ўқиб юборибман.
(Давом этади).
|