Радиода хабарлар ёки мақолалар ўқилганда тайёрлаган киши “учинчи
одам” бўлиши “қонунлаштирилган” экан. Бўлимда журналист йўқлиги,
кўпчилик тилни шу ерда ўргангани, мустақил мақола ёзадиган киши
анқонинг уруғига айлангани боис шундай қоида ўрнатилган. Бир куни
хабарларни тузатар эканман, шундай сатрга кўзим тушди:
“Бугун Шарқий Тиморда Жаҳон ташкилотининг 4 нафари ўлдирилган. Бу ҳақда радиомиз мухбири шундай деб айтган.”
Мен бу сатрларни:
“Бугун Шарқий Тиморда БМТ нинг тўрт нафар ходими ўлдирилгани маълум
қилинди. Бу ҳақда радиомиз мухбири шундай деди:…” шаклида тузатдиму
бошим балога қолди.
Биринчидан, БМТ эмас Жаҳон ташкилоти дейилса тўғри бўлар эмиш.
Иккинчидан, нафар калимасидан кейин ходими, деган сўз ортиқча экан.
Учинчидан, “деди” деб тузатиб сиёсий хатога йўл қўйган эмишман. Яъни
мухбир менга ҳеч нарса айтмаган, мени танимайди ҳам, у хабарлар
бўлимига айтган эмиш.
- Ҳов барака топгур, дунёда юзлаб жаҳон ташкилоти бўлиб, ҳар
бирининг ўз номи бор. Тўрт ташкилот эмас, тўрт киши ўлдирилган. Кейин
мухбир хабарни бизга эмас, тингловчига айтмоқда. Биз эса, етказиб
бермоқдамиз. Бу ерда “учинчи одам” ортиқча. Воситачилк эмас,
бевоситалик муҳим, бунинг устига ўзбек тилида нафар “та” манъносини
беради, яъни саноқни кўрсатади,- деганим билан мени эшитадиган қайда.
Лекин бўлим мудири бу борада мени қўллагани учун тузатишларимни қабул қилганлар ютиб кетди. Ўзбекчалари анчагина тузалиб қолди.
Ҳа, баъзан фойда кўрсак ҳам манфаатимизга ишлаган одамга душман кўзи билан қараймиз. Ўзбекмиз-да!
24. ИСТАСАМ КУЛАМАН…
Гапни қитиқласанг гап туғади, дейдилар. Ёдимга яна бир воқеа тушди.
Радиога ишга ўтаётган кунларим эди. Ўзини мухолифатнинг “отаси” деб
ҳисоблаб юрган бир “ошнамиз” мени ишга олмасликларини, агар олган
бўлсалар Ўзбекистон мавзуида менга ишонмасликларини талаб қилганди.
Орадан икки кун ўтиб унинг жияни ва укаси имзоси билан яна бир хат
келибди. Бу сафар бошлиқ:
-Қизиқ сиз бу ерга болаларингизни боқиш учун ишга ўтаяпсиз,
Америкада бировнинг устидан шикоят ёзишмайди, айниқса иш масаласида.
Агар бировнинг бировда даъвоси бўлса маҳкамага боради,- деди.
Кўнглимдан “Тақсир, ахир биз америкалик эмас, биз ўзбеклармиз” деган
гап ўтдию унга айтмасдан кулимсираб қўйдим. Унинг олдинги сафар нега
кулимсираганини ҳам тушунгандай эдим. Лекин шундай булса ҳам нега
кулганини сўрадим.
-Бу ер Америка, Политбюро эмас, қачон шуни тушунишса ишлари олдинга кетади-деди у.
У гарчи Афғонистонда улғайган бўлсада шўролар даврида шикоят ёзиш
бизникиларнинг қон-қонига сингиб кетганини тушуниб қолганига қойил
қолдим.
Лекин у менинг нега кулимсираганимни сўрамади. Кейин билсам
Америкада бу ҳам сўралмас экан. Бу ҳам хусусий масалага кирар экан:
яъни истасам куламан!..
(Давом этади).
|