ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
29.”ИЛОҲИМ, ҲЕЧ КИМ ЭШИТМАСИН…”
Радидодан пенсияга чиқиб кетган С. тиним билмай ишлаб юрадиган аёл
эди. Бир кунда бир нечталаб мақолаларни ҳам таржима қилиб қўяберарди ва
вақт ўтиб, эскириб, кўпи фойдаланилмасдан қолиб ҳам кетаверарди. –
Бир кун балки бўлимда ҳеч ким қолмаса ишлатилар, деб тайёрлаб қўяманда,- дерди у ажабланган одамга.
Ишга ҳам ҳаммадан олдин келарди ва хабарларни таржима қилиб чиқарди.
Ҳамма келган вақтда эса, хабарлар янгиланарди ва у қайтадан ишга
киришарди. Бир сўз билан айтганда жуда ҳам жонсарак эди.
Радиога ишга келган кунларим эди, у билан бирга хабарларни ўқиш учун студияга кирдик. Чиқарканмиз у:
-Худойим, илоҳим бугун ҳам ҳеч ким эшитмаган бўлсин,-деди.
Ажабланиб қолдим ва нега бундай дейишини сўрадим.
-Биз бу ерга ишга келганимиздан бери ҳар куни студияга киришда ҳам,
чиқишда ҳам шундай дуо қиламан. Эшитса устимиздан кулишади-да.
Эшитмаганлари маъқул,- дедию хандон отиб кулди.
Нега кулди билмайман, аммо эшитишмагандир, деб пенсия чиқиб кетди.
30.МОЗОР
АҚШга Афғонистондан келганлар Мозори Шариф номини қисқа қилиб
“Мозор” деб гапиришади. Бир кун хабарларда ҳам шундай деб ёзган
ҳамкасбимга бу ҳолда янглиш маъно чиқиб қолади, дедим.
- Биз халққа яқин бўлишимиз керак,- деди у.- Ҳар бир нарсага шубҳа билан қарайвериш яхши эмас.
Мен барибир “Мозори Шариф” деб тузатдим.
Орадан бир йил ўтиб, (2001 йил, 16 Октябр-ЖМ) ББC радиосининг
ўзбекча эшиттиришини тинглар эканман, Тошкентдан Лондонга бориб
ишлаётган журналист ўқиган хабар диққатимни тортди.
У “Абдурашид Дўстимнинг аскарлари Мозорга кирди” деди. Яъни Дўстум аскарлари Мозори Шарифга кириб боргани ҳақидаги хабар эди.
Демак, бундай дейиш учун афғонистонлик ёки ўзбекистонлик бўлишнинг аҳамияти йўқ экан, деган фикр кечди хаёлимдан.
(Давом этади).