Жаҳонгир МАМАТОВ
Ўзбеклар ва ўзбеклар 31.АНАЪНА
Чет элларда яшаган ўзбеклар орасида бир - бирини жосус деб айблаш
анънага айланганини юқорида айтдим. Албатта, бунда жон бўлган. Совет
даврида КГБ чет элдаги ҳар бир “ватандош” билан алоқа қилишга уринган.
Шу боис ҳам бир-бирини йўқ ерга айблаш анъанага айланган.
Мен радиога келганимда СССР парчаланиб кетганига қарийб ўн йил бўлса-да юқоридаги анъана яшаётганди.
Узоқ йиллар радиода ишлаб, келган У. бир куни бошлиқнинг ҳузурига кириб:
- Мен бу одам билан гаплашиб кўрдим. У Ўзбекистон президенти
Каримовни менга ёмонлади. Ислом Каримов русларга қарши турган қалқон.
Шу боис бу одам КГБ тарафидан Каримовга қарши кураш учун юборилган
бўлиши мумкин,- дебди.
Бошлиқ бу гапни менга айтар экан, “Биз бу гапга ишонармидик…” деди-да кулди. Унинг кулиши ҳам анъанага ўхшаб туюлди.
32.”ЧАП КЎЗИМ”
Биз чап кўзнинг учишини ёмонликка ва ўнг кўзнинг учишини яхшиликка
йўйишга ўрганганмиз. Умуман чап деганда ёмонни ва ўнг деганда яхшини
идрок этишга одатланганмиз. Радиодаги бўлим мудирим Нусратилла ака
қўнғироқ қилган экан жавобан сим қоқдим.
-Чап кўзим учиб турганди, сиз телефон қилсангиз керак, деб тургандим,- деди у.
Кўнглимга хиралик чўкди. Ўйлаб юргунча ўйлаб айт деганларига амал
қилиб, “чап кўзим учиб турганди”-ни биз қандай англашимизни айтдим. У
хижолат тортди. Қачон гаплашсак қайта-қайта узр сўрайдиган бўлди. Бир
кун ундан:
-Сиз улғайган Мозори Шарифда бу гап қандай англамга келади?- деб сўрадим.
-Эсимни танигандан буён дўстлар телефон қилганда бир-биримизга
шундай деймиз. Яни сен телефон қилишингни кутиб тургандим, деган
маънода. Мана энди Ўзбекистондан келганларга айтмайдиган бўлдик,- деди.
(Давом этади).
|