ЎЗБЕКЛАР ва ЎЗБЕКЛАР
33.ТАЪҚИБ
-Биз Афғонистонда фақат уйда ўзбек тилида оз - моз гапирар
эдик.Тузукроқ гапиришни эса, радиога келиб ўргандик,-дея бир ҳикояни
гапириб берди ҳамкасбим Абдулманнон Кескин.- Аввалги мудирларимиз
Туркия орқали келган эдилар ва уларнинг таъсирида ўзбекчамиз турк ва
ўзбек шевасининг қоришиғи бўлди.
Биз Ўзбекистон ўзбекчасида ёзсак ҳам улар Туркия туркчасига мослаб
тузатишарди. Аста секин ўзимиз ҳам шунга мосланиб қолдик. Масалан,
таъқиб калимасини бизга “хабардор бўлиб туриш” маъносида ўргатишган.
Туркияда шундай экан.
Бир куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Тешабоев билан учрашдик. У
киши қандай истаклар бор, деб сўрадилар учрашувда. Мен шўъбамиз номидан
сўз олиб, Сизларнинг фаолиятингиздан бехабармиз. Сизни таъқиб этишни
истаймиз, дедим. Элчи хахолаб кулди-да, “Бизни таъқиб этишини очиқ
айтаётган одамни илк бор кураяпман, деди-да, бироз тин олиб, “Бу
сизнинг вазифангиз, таъқиб этаверинг” деб қўшиб қўйди.
Ўшанда ҳеч нарсани тушунмадим, аммо Ўзбекистонга борганда билдимки
“таъқиб” калимаси бошқа англамга келар экан. Изза бўлдим. Чунки бир
неча йил давомида бу калимани радиода “кузатиб, хабардор бўлиб бориш,
маъносида ишлатиб келдикда…
Абдулманнон ака аслида бекорга изза бўлган. Чунки гап у кишида ёки
лаҳжаларда эмас. Таъқиб калимасининг бир неча маъноси бор.
Ўзбекистондаги ўзбеклар унинг биринчи маъноси - зимдан кузатиш ва
иккинчи маъноси- монелик қилиш қилиш англамларини кўп ишлатамиз.
Тешабоев ҳам ҳамин қадар-ўзбекчадан инглизчани яхши биладиган одам.
Ваҳоланки, таъқиб қилмоқ дегани диққат билан кузатмоқ маъносига ҳам эга.
34.ИЗЛАШ
Фахриддин Умаров ижро этган “Изларман” ашуласи доим қулоқларим
остида. Баъзан ўзимча “Ўшал барнони изларман…” дея хиргойи ҳам қилиб
юраман. “Америка овози”да таржима этилган бир хабарни таҳрир
қилаётгандим. “АҚШ президенти Россияга тинчлик сиёсатини изламоқда”
деган сатр диққатимни тортди. Россия билан АҚШ ўртасида яқин алоқалар
мавжуд ва ўша кездаги президент Клинтон Россия раҳбари Борис Елцинни
ҳар томондан қўллаб-қувватлаётганди. Бирдан хаёлимга “изламоқ” калимаси
Туркияда “давом эттирмоқ” англамига келиши тушди-да уни тузатиб қўйдим.
Аммо “муаллиф” хабарларни эфирга узатишда яна “излаш” деб ўқиганини
эшитиб қолиб, унга ўртадаги фарқни тушунтирган бўлдим. Аммо унинг
хабарларида бу калимани ҳар кун тузатишдан мен чарчамадим ва эфирга уни
“излаш” деб ўқишдан у толмади.
Ушбу сатрларни ёзган куним ҳам радиода у “А–ҚЕ-ШЭ маъмурияти
Афғонистондаги террорист группаларга қарши ҳужум сиёсатини изламоқда”
деди. Аммо алллақачон АҚШ Афғонистондаги ҳужумини авжга чиқарган эди.
(Давом этади).