ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
37.ПРОФЕССОР
Ўзбекистондан хорижга кетган ўртамиёна бир домла жуда тез профессор
бўлиб олди. Ўзбекистондан кетиб хорижда профессор бўлгач, табиийки
Тошкентда бу номни олиш учун тупроқ ялаб юрган минглаб олимлар учун
мўъжиза эди. Бошқалар ҳам ҳайрон эдилар:
“Шундай қобилиятли олимни танимаган эканмиз-да” деганлар ҳам бўлди.
Аммо унинг “ҳ” билан “х” нинг фарқига етмаслигини, “ҳўкиз”ни “хўкиз”,
“ҳуррият”ни “хуррият” деб ёзишини билган ҳамкасблари “У ҳойнаҳой ўзбек
тили профессори бўлиб олгандир-да!” деб киноя қилишди ва масхаралаб
кулиб ҳам юришди.
Хорижда оддий мактабда дарс берган ва умуман бирор жойда дарс
бераётган одамни профессор дейишади. Бизнинг ҳамшаҳар ҳам ўзини
“профессор” деб эълон қилар экан, аслида хато қилган эмас. Фақат
хорижни билмаганлар уни янглиш тушундилар, холос.
38.ДОКТОР
Ўзбекистонда ҳеч ким телефон гўшагини кўтарса “Доктор фалончиман ”
демайди. Аммо Туркияда фан докторларининг уйига ва ёки иш жойига
қўнғироқ қилсангиз “Доктор фалончи эшитади…” дейишади.
Озъбекистондан Туркияга кўчиб келган бир киши ҳали бу ерда яшашга
изни бўлмагани ҳолда қисқа вақтда “доктор” бўлиб олди. Уйига телефон
қилсангиз “Доктор…. эшитади” деган жавобни оласиз.
Ўзбекистондан келган ҳар бир киши туркияликлар учун азиз. У билан
газетадагилар ҳам қизиқишади, йиғинларга такилиф этишади. Дўстимиз
ҳатто газеталарга ҳам “доктор..” имзоси билан интервьюлар бера бошлади.
Тез орада у “Доктор фалончи” номи билан машҳур бўлди. Катта-катта
давраларда фан докторлари билан баҳслаша бошлади. Аслида у ҳеч кимни
алдаган эмас. Чунки Ўзбекистонда ҳам у доктор эди. Фақат оддий доктор
яъни шифокор эди.
(Давом этади).