Бугун ҳам пикет давом этди, аммо Машрабни кўрсатишмаяти
Файзулло, Тошкент, “Туронзамин” мухбири
Ўзбекнинг миллий шоири Юсуф Жума оиласи бугун 4 августда ҳам пикетни
давом эттирди. Ҳафта охиригача Машрабни чиқарамиз деган ҳуқуқ тартибот
идоралари вакиллари мум ютдилар. Машрабни ҳатто кўрсатишмаяти.
25 Июлда қамоққа олинган иккинчи гуруҳ ногирони Машрабни озод қилиш
учун пикетга чиққан Юсуф Жума оиласи ва яқинлари “Йўқолсин зўровон
ҳукумат, Йўқолсин пагонли террорчилар, Машраб Юсуфжон ўғли Озод
қилинсин” деган шиорлар билан пикетни давом этирар эканлар, ҳукумат
вакиллари уларга Машрабнинг ҳафта охирига қадар озод қилиниши ҳақида
берган ваъдаларини бажара олмадилар. Чунки Тошкентдан, Ислом Каримовдан ҳали изн ололмаганларини айтмоқдалар.
-Биз талабимиз бажарилмагунча пикетни давом эттирамиз ва кейинги ҳафта
Президент аппарати олдигача бўлган барча давлат идоралари ёнида
ўтказамиз,-дейди шоирнинг аёли Гулнора Олтиева.