Ҳаммада ҳам бўлавермайдиган,ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган туйғу самимийлиги,туйғулар софлиги ўша қайсидир бир аллома айтганидай юракнинг имтиёзидир. Ноёб туйғу соҳиблари эса ўзларининг ички бир дардлари,ҳасратлари,шодлик-қувончлари,бахту бахтсизликлари билан бошқа кўнгилларга кўчиб кирадилар. Аммо улар сўроқсиз-сўрамасдан ҳеч бир кўнгилга кирмайдилар.Чорлаган қалбларда ошиён қурадилар,макон қурадилар. Бу ошиён,бу макон қуришнинг ўзига яраша заҳматлари борки,бу туйғу эгасининг қисматидир. Шу қисматга кўна олган киши,демак энг қудратли,дейилувчи сўз қудратини,сўз сеҳрини англай олиш билан бошқалар руҳида машъал ёқа олгандагина чин маънодаги туйғу рангларини кўра олади. Дахлсиз нарсаларга дахлдорлик туйғуси эса адашганлик белгисига ўхшайди назаримда. Таъбир жоиз бўлса айримларнинг ўзи муносиб бўлмаган жойда туйғу,дея эзгулик ўрнида ҳасадни экишга мойиллик илдиз отганлар эса бахтсиз кимсалардир. Инсон ўзи билан ўзи қолганда ўзгаларга ўхшамаган ўз туйғуларини,бошқаларникига ўхшамаган мўъжизани ўзига хос қирраларда акс эттиролмаса бу туйғу бошқалар юрагига кўчмайди,демакки бу туйғу ўткинчи,бу туйғу бенаф.Шонсиз,шарафсиздир. Инсон ўз йўлини танлар экан умрининг ҳар бир фаслида ўша болаликдаги беғубор туйғуларига содиқ қолиб асраб қололмаса бу туйғу топталиши,нафақат ўзига-ўзи балки бошқаларга ҳам хиёнат билан баробардир. Хиёнат.Ўзига ўзи хиёнат қилаётган кимса эса туйғусини топташ билан аста секин одамлар назаридан четда қолаверади.Хиёнатчини ҳеч замон,ҳеч қачон кечирмаганлар,кечирмайдилар. Ҳаётда озгина иқтидор билан кўпни,кўкни даъво этган бундайинларни кўп кузатдим ва ҳозир ҳам кўрмоқдаман. Айтмоқчиманки дахлсиз бўлган нарсангизга дахлдорлик даъво этиш, қулоқсиз ё бурунсиз бир ёқимсиз мавжудот каби тааассурот қолдиришини унутманг. Пок туйғулар,соф туйғулар билан яшанг.