ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
41.ТАРЖИМОН
Лондонга келган бир ўзбек университетда инглиз тилини ўқиди, деган
диплом олган эди. Аммо бу ерда анча вақт иш тополмай юрди. Ишга ўтишга
борганда ёнида ўғлини ёки қизини олиб борар, улар таржимонлик қилар
эдилар.
Ҳар ҳолда ишга олувчи бир дипломга ва бир жажжи таржимонларга қараб
ажабланиб қолса керакки, унга “Бораверинг, бир кун телефон қиламиз
сизга” деб жавоб берарди.
Авваллари у ростдан ҳам телефон қилиб қолишар дея таржимонлик учун
болаларини навбати билан мактабдан қолдириб юрди. Кейинчалик ишга
олишмаганларининг сабабини ўзи ҳам тушунди, шекилли, ўзбек тилидаги
радиолардан иш қидирди. Инглизчаси яхши деб ўйлашди ҳар ҳолда сиёсий
воқеалар ҳақида ундан хабарлар ола бошладилар.
Тасодифан бир хабарини эшитиб қолдим. “Сун нашрининг ходими Сибир
язвасига учради. Партизанларча ҳаракат қилган текширувчилар..”.
Ўзимни кулгидан тўхтата олмадим. Чунки биринчидан бу машҳур нашр ва
Sun- “Сун” ёзилгани билан “Сан” ўқилади ва айтилади. Бу айни пайтда
“Қуёш” калимасининг инглизчаси ва машҳур газетанинг номи бўлгани учун
ҳам деярли ҳар дақиқада эшитиш мумкин бўлган сўз.
“Бипартизан” (Bipartisan-) калимаси “Иккипартиявийлик” дегани бўлиб,
масалани ўрганиш учун иккипартиявий асосда тафтиш бошланди, деган
хабарни бизнинг билимдон “партизанлик билан” деб таржима қилганди.
Нима дейсиз, айб унда эмас, балки шу куни болаларининг имтиҳони
бўлиб мактабдан олиб қолишга журъат этмаган бўлса, ана шу савоби
юқоридаги гуноҳини ювиб кетса ажаб эмас?!
42.ТЎЙ
Ўзбекистонда порахўрлик билан пул йиғиб хорижга қочган бир кишининг
қизига муҳожиратдаги ўзбеклар элчи қўйишди. Тезда тўй тараддуди
бошланди. Ҳали Ўзбекистондаги каби кайфиятда юрган ва хорижнинг
нималигини англаб етмаган бу одам ўзбекчилик қилиб данғиллама тўй
бошлатди.
Энг йирик ресторан танланди(кошки арзон бўлса, Ўзбекистондаги юзта
ресторанни қўшсангиз ҳам бундан арзонга тушади), таниган
танимагани-ҳамма тўйга хабар қилинди.
Гастролда юрган ўзбек созандалари таклиф этилди, махссус ошпазлар чақириб миллий таомлар пиширилди ва ҳоказо.
Тўй ўтди ва ҳалиги одам олиб келган барча пулларини тўлаш баробарида
қарзга ҳам ботди. Аммо хориж Ўзбекистон эмаски, биров қарз берсин.
Тўйга келганлар ҳам тўйдан кейин уни танимадилар. У ҳамма нарсасини
сотиб камбағаллар яшайдиган ғариб маҳаллага борди ва ҳукуматга ёрдам
сўраб бош урди. Уни бир черковга боғлаб қўйишди.
Энди ҳеч қачон тўй қилмасликка қасам ичиб, аранг кун кўриб юрибди.
Ҳа, дарвоқе куёв-чи, куёв ёрдамга келмаяптими? Хорижда бу савол ҳам
кулгили. Ҳар ким ўзинг учун ўл етим, қоидасига амал қилинади бу ерда.
(Давом этади).