Ризобек Пятница, 2025-06-20, 06.26.31
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Август » 6 » Бугуннинг гаплари
    23.38.48
    Бугуннинг гаплари
    Нидои МАЗЛУМ

    МАМЛАКАТДА КАТТА ТОЗАЛАШ БЎЛАРМУШ?..

    Бир жойга яқин танишим билан учрашувга борган эдим, беихтиёр унинг оғайниси билан олиб бораётган суҳбатига дуч келдим. Танишим дўстига деярли ваҳима билан, «август, сентябрь ичи мамлакатда катта тозалаш бўлар экан, ҳамма мундайроқларни танобини тортиб қўйишар экан, токи сайлов пайти бўй чўзувчи бўлмасин, деган мақсадда», дер эди. Бояги йигит эса, индамай уни тинглар экан, «ҳушёр бўлиш керак эканда а?» деб қўшиб қўярди.

    Мени кўргач танишим гапдан тўхтади. Саломлашдик. У ёқ-бу ёқдан маълумот алмашдик. Ўзбекчасига. Яъни, у қандай, анави нима қилаяпти, уйдагилар тинчми, деган маънода. Сўнгра мен танишимни бу қадар ваҳимага солаётган мавзуга қизиқиш билдирдим. Танишим бир муддат жим турди-да, сўнгра, «сайлов муносабати билан, бир қатор қора рўйхатга тушганларни тозалаш ишлари бўларкан, жуда ҳам ишончли манбадан эшитдим», деб бояги сўзларини кайтарди. Гарчи гап нима ҳақда бораётганини тушуниб турсам-да, атайлаб, «тозалаш дегани нима дегани?» дея қизиқдим. Танишим ҳам, унинг ёнидаги анави ўртоғи ҳам обдон устимдан кулишди. Аминманки, улар ўша топда мени ғирт содда деб ўйлашган. Ҳайрон туравердим…

    Тўйиб кулиб олгач танишим, «тозалаш дегани, катта холасиникига киргизвориш дегани, дўстим», деди. Ёнидаги ўртоғи эса, «қамаш, тилини тийиб қўйиш, даҳшатли босим орқали қўрқитиб куйиш, правокация қилиб довдиратиш, борингки, умуман мамлакатдан сиқиб чиқариш деган маънода айтилаяпти», деди. Кимларни шундай қилар экан, дедим ўзимни гўлликка солиб. Улар бироз иккиланиб туриб қолишди, сўнгра, «нимадир ёзиб юбориши мумкин бўлганни, президент ва унинг тарафдорлари ҳушламайдиганларни, мустақил қарашларга эга бўлганларни ва хоказо, улар учун маълум маънода хавфли саналган инсонларни», деб тушунтириш беришди. «Хэ-э, шунақами?» дедим, ҳайрон колгандай, «ҳа» дейишди улар бош чайқаб. Танишим эса, «миқ деган нобуд бўлади, тамом, қаҳрамонлик вақти ўтди, жим юриш керак энди», деди…

    Уйга қайтар эканман, танишим аслида мени пушкага олганини ҳис этсамда унинг гаплари, ваҳимаси, ўзини довдираб қолган қилиб кўрсатиши менга мутлақо тинчлик бермаётганини сездим. Шу баҳонада дилимдаги баъзи гапларни айтгим келди.

    Хўш, нима учун кимдир, кимнидир «тозалаш»га, бўлиб ҳам аввалдан огоҳлантириб қўйиб, журъат қилади. Нима, биз қандайдир ахлатмидикки, кимлардир бизни тозаламоқчи бўлса, балким аксинча айтиш керакдир? Тозаламоқчи эмас, Ватанимизни янада ифлосламоқчи, дейиш тўғрироқдир? Ахир инсон ўзини бироз бўлса ҳам ҳурмат қилиши керак-ку! Қолаверса нима учун кимдир, Ўзбекистонни ўзбекдан тозалаши керак, ким унга шундай ваколат берди? Гигиена қилса, марҳамат маънавиятимизга ҳам, маданиятимизга ҳам орқа авратининг нақ ўртасигача кўрсатиб юрган руслардан тозаласин, савобга қолади.

    Тилимизни бу қадар булғаб, Қарши шаҳри номини русча талафузда айтаётган чулчит вазирлардан тозаласин. Ахир ана ҳаммаёққа ёзиб қўйибди-ю, «Ўзбекистон давлати халқимизнинг буюк ютуғидир», деб.
    Қанча қизларимиз ишсиз қолиб мардикорга чиқиб кетаяпти, ўша ўрис сатангларини шахобчалардан тозалаб ташлаб, миллатимиз қизларини ўша ерга ўтқизиб қўй-чи! Йўқ, буни қилмайсан!

    Ана тозаламоқчи бўлсанг, чегаралар олдига бор, кўрасан, миллати номаълум аёллар турна қатор қилиб қизларимизни қозоқларга сотаяпти, йигитларимизни ўрисларга сотаяпти, ана шундай миллат кушандаларидан тозала юртни. Нега ўзбек ўз уйида ҳам қўрқиб, бўйин эгиб яшамоғи керак?

    Қайсидир бир шоир айтмоқчи, «Ўзбеким юртида ўз истаганимизча юрсак майлими?»… Ўша шеъри биласизми қандай тугайди, адашмасам, «Нега сиз бўлмайсиз сира хижолат, нега мен сўрайман сиздан ижозат», деб тугайди. Нега биз кимгадир термулиб яшаймиз. Қаранг юзсизликни, дунёга жар солаябмиз, Ислом маданияти пойтахти бўлдик деб, аммо бирорта диний-маърифий эшиттиришимиз йўқ. Одамлар сал ўрганиб, озми-кўпми маърифатга эга бўлиб бораётган газетани ҳам ёпиб ташладик. Нега? Қайси бир террорчиликда айбланган кимса сайтига бу газетага линк қуйибди эмиш. У ёқда-бу ёқда сафсата сотиб, бу газета ҳам биздан деганмуш…муш-муш..

    Нега бунчалар хафа бўлдим? Сабаби ўша озми-кўпми нимадир ёзаётган, мамлакат ичида қолиб халқ ҳаётини кузатиб бораётганларнинг чиқишларида, мутлақо теппадаги тепса тебранмасларни хавотирга солувчи ҳеч нарса йўқ. Ташқаридан туриб ёзаётганларнинг ҳам. Ахир мен ва сизнинг (бошқа журналистларни назарда тутаябман) тўхтовсиз чиқишларимиз Каримовни тахтдан кетишга мажбурлашига ишонмассиз-ку! Бутун дунё қовоғини осганда пинагини бузмаган президент, учта-тўртта журналистнинг чиқишларидан хавотирга тушиб қолибдими? Тавба, демак биз дунёдаги жамики қудратли давлатлардан-да қудратлироқ эканмизда а? Нима эмиш, «жим юриш керак, ҳозир қаҳрамонлик қиладиган вақт эмас»… Тавба, биродар, ишонинг, биз унингсиз ҳам жим юрибмиз. Бу халқ ҳеч қачон гапирган эмас. Ҳамма вақт жим юрган. Биз бугун қатағон қурбонлари сифатида эслаётганимиз аждодларимиз ҳам гапирган эмас. Ишонмасангиз ана, олимлардан сўранг, уларни ҳам просто так, ҳар эҳтимолга қарши отиб ташлашган, холос. Худди бугун бўлаётгани каби, ўша пайтлар ҳам учқур тозалагичлар бўлган, теппа “фасс” деса “гррр” деб югуриб елган.

    Жим турмаслик қанақа бўлиши ҳақида ҳатто мухолифатимизда ҳам тасаввур йўқ, дўстим. Чунки мухолифатимиз ҳам ўзбеклар, шу ўзимизнинг ватандошлар. Ўзбеклар ҳеч қачон гапиришни билган эмас, шу учун ҳаёти ҳамма даврда ана шундай тозалашлара ўтган. У, сиз онда-сонда эшитиб қолаётган “гап”лар, ўқиб қолаётган мақолалар, гапириш ҳисобланмайди. Улар шунчаки шивирлаш, холос. Ўша тозалаш ҳақида сизга гапирган ишончли манбангизга ҳам айтиб куйинг шуни. Қўрқмасин, ваҳимага тушиб тунларини уйқусиз ўтказмасин, бемалол кўчаларда улар томонга кўрсатилган авратларни кўриб, яйраб юраверишсин, бу миллат гапирадиган миллат эмас, гапирса Андижондан кейин гапирарди, мана шу 15 йил ичида гапирарди. Ўрислар ўзбекни ўз уйида «чёрт» деса индамаяптию…

    Тунов куни бир нарсани ўқиб қолдим. Бир ўрис журналисти, тожик чегарачилари ва тожик амалдорларининг ёнини олиб бизнинг чегара қўшинлари ходимларига тош отаяпти. Унга жавобан, чегара қўшинларимиз бўйича гапираётган шахс нима деганини эшитсангиз эди. Ана тозалаш қилмоқчи бўлаётганнинг аҳволи. Нима эмиш, шу йилнинг 13 июн куни бир гуруҳ (тахминан 15 киши), қуролланган тожик чегарачилари Ўзбекистон ҳудудидга кириб келишган. Бу ерда улар нима нажас еганлари ҳақида гап йўқ. Аммо эмишки бундан хабар топган бизнинг хизматлар, воқеа жойига етиб боришган, анави қуролли гуруҳни топиб, у ёғига МХХ ходими айтганини айнан келтираман, “низо чиқмаслигини олдини олган ҳолда, чиройли тушунтириб, уларни ортига қайтардик, гарчи ўзга мамлакатга қурол билан кириш ўзгача ҳаракатларга сабаб бўлса-да”…
    Энг даҳшати бу биринчи марта кузатилган воқеа эмас. Қозоқ чегарачилари мана неча марта мамлакатимиз ичига кириб, билганни қилиб кетяпти, ҳатто фуқароларимизни отишга ҳам борди. Туркман чегарачилари ҳудудимизга кириб уй ҳайвонларимизни ҳайдаб кетган пайтлар ҳам бўлди, мана энди тожиклар бемалол қуролини елкасига ташлаганича Ўзбекистонни сайир қилиб қайтаяпти. Просто кириб, просто чиқмагандир ахир, нимадир қилишга улгургандир. Зеро, киришнинг ҳам ўзига яраша мақсади бўлади-ку.

    Йирик дўконларга кирсангиз русча гапиришга мажбурсиз, чунки сотувчи ўрис, пул алмаштиргани борсангиз ҳам ўрис, тез ёрдам чақирсангиз ҳам, маълумотхонага қўнғироқ қилсангиз ҳам… Безрайиб «говорите по русски” дейишади. Индамаябмизми? Албатта индамаябмиз, зеро индасак ўзбекка индаймиз, энг каттамизнинг талаби шу, қолганларни кўз қорачуғидай асраш керак… Ҳатто шу даражага етдики, тошкентлик бўлиб қолган руслар, вилоятлардан кўчиб келаётган ўзбекларга, «вон отсюда в свой кишлак» дейишаяпти, жаноб пылесослар, шунисини ҳам биласизларми? Вахоланки мамлакатимиз, сиз ўзингизча тозалаш ишлари олиб бормоқчи бўлаётган мамлакатимиз Конституциясида: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг (шу жумладан, ўзбекларнинг ҳам) тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” (1 боб, 4-модда) дейилган.

    Ўтириб ўйланасанда киши, бу мамлакатнинг Ўзбекистон деб аталиши ростми, унинг мустақиллиги ва демакки шу юртда яшаётган инсон маълум эркинликларга эга бўлиши ростми, деб. Қаранг АҚШ ва Европада сайёҳларга Шарқ давлатларига, хусусан шарқона одоб жуда ҳам кучли бўлган давлатларга йўлга чиқишлари олдидан кичик тушунтириш берилади. Яъни, бораётган давлатларида қандай юрмоқлари лозимлиги, маҳаллий аёллар ва қизларга тегажоқлик қилиш мумкин эмаслиги ва энг муҳими кўчада юриш одоби уқтирилади.

    Кейинчалик ўша дастлабки тушунтиришга жиддий амал қилган европаликлар борган жойларида имкон қадар одоб дойирасида сайёҳат қилишга уринади. Бизда, қани айтингчи бизнинг одобимиз, маданиятимиз ва ҳоказолар ҳақидаги узундан узоқ сафсаталардан ташқари нима амалий чоралар кўрилади. Қани Конституцияда белгиланган ҳурмат? Нега кириш имтихонлари пайти МХХ ходимлари бўлажак талабаларни назорат остига олади? Нима учун синов жараёни пайтида ўша ерда ўралашиб юради? Қани фарзандларга ишонч? Хўш, мадомики шундай экан, нега катталарнинг эркатойлари ўқийдиган олийгоҳларда МХХ ходимлари кўринмайди? Ким уларга фуқароларни ажратиш ҳуқуқини берди, президентми? Агар президент шундай ҳуқуқ берган бўлса халқ уни қўллаши нечоғли ўринли?

    Нега ўзбекчада жўяли гапиришни эплай олмайдиган Э.Халиловнинг ўғли ўғилболача суҳбат чоғида, табиатан қўрқоқ бўлгани учун қочиб қолгани сабаб, ундан зўр келган фарзандларимиз 10 йилларга қамалишлари керак, ким ўзи Халилов? Ўзбекистон учун бу чулчит инсон нима қилиб қўйдики, фарзандларимизни бемалол қамайди? Сиз, уларни қамаганлар нима учун ҳатто ўзбекчани билмайдиган бу чулчитнинг айтганини қиласиз, ахир сиз қул эмассиз чоғи, ё ундай эмасми? Ана, тозалаш қилиш керак бўлса қаёқларда қилиш кераклигини билиб олинг.

    Истаган инсон, ҳатто ўша дўстларимиз назарда тутаётган тозалагичлар ҳам ойда йилда бир қаёққадир чиқади. Қаерлардадир юриб ўзини ўзбекистонликман деб таништиради. Ўшанда унинг қаердан эканини билган ўзга давлат фуқароси афтлари буришиб, унга энг исқирт давлатдан келган хашаротга боққандай боққанида кўнгли бузилмасмикан? Боринг ана бузилса, демак ўйлаши керакдир-ку нима учун шундай бўлаётганини? Ўз миллати, халқи, мамлакатини илиб қўйиб, бутун хизматни фақат маълум доира учун қилиш керак, деб тушунса, бундай инсон ҳатто қозоқлар томонидан КВНларда кулгу бўлади.

    Тозалаш керак, тўғри, аммо анавинақа “ундай эмиш, бундай эмиш” деб халқ кўнглига қўрқув солишга интилаётганларни, миллатимизнинг иродасини букишга уринаётганларни, ўзларидан ўзлари ташаббус қилиб чиқиб, энг жирканч усулларни касб қилиб олаётганларни, кўчага варақа ташлаб қўйиб, кейин сен ташладинг деб бечоранинг бўйнига иладиганларни, гап йўқ уруғини қуритиш керак! Аммо бу юртда ҳамма нарса тескарисига… Мамлакатда тозалаш бўлармуш!


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz