Мўътабар Тожибоева, ҳамиша ҳаётга ишонч ва оптимизм билан боқувчи,
иродаси кучли, ҳушчақчақ бир аёл 3 август куни яқин ҳамкасблари ва
яқинларига бир мактуб чиқарди, улар бундай мазмундаги хатни ундан
илгари ҳеч қачон олмаган эдилар.
Мўътабар Тожибоеванинг ҳибсга олинганидан 22 ой ўтиб ёзган ушбу хатида
унинг мутлақо синдирилган, заиф ва бетоблиги, ўзининг озод этилишига,
яккаю ягона қизи ва кичкина набирасини кўришга, шунингдек ортиқ яшашга
хам ишончи қолмагани ҳақида ёзилган.
Мўътабар Тожибоева, жиддий бетоблиги, оёғида ва юрагида оғриқ
борлигидан, хўрликларга, колония ходимларининг калтакларига ортиқ чидай
олмаслигидан зорланади. Ва бу мактубни ёзишга у сўнгги кучини
сарфлаётганини ёзади.
Мўътабар Тожибоева ўз жаллодларининг исмини номма ном келтириб ўтади.
Улар УЯ 64-7 колониясининг ходимлари: бош ҳамшира Юлия Кумарина,
милиция майори Римма Кустимода, тезкор вакил Гуля Ахмаджанова ва
Музаффар Қаршиевлардир.
Бироқ Мўътабар уларни фош қилиш, жазолаш, чоралар кўришни талаб
қилмайди. У шунчаки, агар яқин орада агар у ҳаётдан кўз юмса, унинг
ўлимига шу кимсаларнинг айбдор бўлиши мумкинлигини айтиб ўтади.
«Яқинда менинг туғилган куним, мен 45 га кираман. Икки йил аввал 25
августда мен яккаю ягона қизимни турмушга чиқарган эдим, бир йил ўтиб у
менга гўзал набира ҳадя этди. Ишонаманки, у менинг ишларимни давом
эттиради. Менинг поёнига етмаган ишларимни...
- Афсуски, мен бу кунларни кўришимга ишонмайман. Мени унутишларини ҳам
истамайман. Бу ерда, ушбу колонияда нафақат мен, балки бошқалар ҳам
ноҳақликлардан азоб чекишмоқда. Афсуски, мен уларни ҳимоя қила
олмайман. Менинг ҳимоясизлигим, ўзимга ёқмайди. Бироқ менинг
душманларим барибир, турмада ўтириб ҳам менинг инқилоб қила олишимдан
қўрқишади, шунинг учун мени йўқ қилишмоқчи. Уларга бундай имкониятни
берманг», - дея ёзади Мўътабар ўз мактубида.
Қизига мурожаат этаркан, у ўзбек тилида шеърий мисралар битади:
Эрта баҳор келиб қалдирғоч,
Салом, деса бил - ўша менман.
Баҳор қадаб бошига гултож,
Гул очилса бил - ўша менман.
...Махлиё, Мўътабар Тожибоеванинг қизи, бу мактубни ўқиркан, кўзларига
ёш олиб, барча танишлари ва нотаниш одамлардан онасига ёрдам
беришларини ўтинади.
«У мендан ёрдам сўраяпти, лекин мен унга қандай ёрдам беришимни, кимга
мурожаат қилишимни, нима қилишимни билмайман!», - дейди йиғи аралаш
Махлиё.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг укаси Расул Тожибоев, ўзини зўрға тийиб, халқаро
ҳамжамият Мўътабарни қутқариш учун зудлик билан чоралар кўриши
лозимлигини, акс ҳолда фожиа рўй бериши мумкинлигини айтади.
«Нима учун унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани сабабини
тушунолмайман, уни жисмоний ва руҳий қийноқларга солишмоқда, - дейди
Расул Тожибаев, - халқаро ҳамжамият бу иш билан шуғулланишни
бошлаганларида аллақачон кечиккан бўлишади, деб қўрқаман».
Мўътабар Тожибоева 2005 йилнинг октябрида ҳибсга олинган, 2006 йилнинг
мартида товламачиликда айбланиб саккиз йил қамоққа ҳукм қилинган эди.
Судда ва суддан кейин ҳам Тожибоева унга қўйилган айбларга иқрор
бўлмаган.
СИЁСИЙ МАХБУС МЎЪТАБАР ТОЖИБОЕВАНИНГ СЎНГГИ МАКТУБИ
Ишидан ажралиш ва бошқа хатарлар кутилаётганига қарамай маҳкуманинг
ҳаёти учун жони ачиган бир ҳуқуқ тартибот идораси ходими томонидан
таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирги кунда эса УЯ 64/7 жазони ўташ
муассасаси маҳбуси Мўътабар Тожибоеванинг жаҳон ҳамжамиятига ёзган ушбу
мактуби «Эзгулик» ташкилотига етказиб берилган.
В А С И Я Т Н О М А
Бутун жаҳон ҳамжамиятига, дўстларимга, журналистларга! Барча, барчага!
Ул на гумбаздур, эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгун, пок қизлар анда айлабдир макон.
Туйнугин ёриб, қизлар ҳолидин олсам хабар
Юзлариға парда тортиғлиқ, турарлар - бағри қон.
Ҳа, бу ўтмишдаги марғилонлик шоира Жаҳон Отин Увайсийнинг чистонидир.
Мана Ўз.Рес. ИИБга қарашли УЯ 64-7 рақамли жазони ижро этиш
муассасасига келганимага ҳам бир йилдан ошди. Менга Увайсий Ушбу
чистонни айнан мана шу аёллар колониясига бағишлаб ёзгандек туюлади.
Чунки бу ердаги 1200дан ортиқ маҳкума аёллар нафақат озодликдан, балки,
барча ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум этилганликлари чин ҳақиқат.
Менга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга билдирган норозилигим туфайли, мени бир ойга карцерга қамашди.
28 март куни турма назорати бўйича махсус прокурор К. О ҳузурига кириб
менга ва бошқа маҳкумаларга бўлаётган қийноқлар ҳақида батафсил айтдим.
Бундан ташқари, 1 апрел куни менга нисбатан қандай жисмоний ва руҳий
қиноқлар қўлланилаётгани, турма маъмурияти томонидан ЖИКнинг 10 ва 117
моддалар қўпол тарзда бузилаётгани юзасдан уларнинг жавобгарликка
тортилишини сўраб 8 варақдан иборат тушунтириш хати ёздим. Бироқ менга
ҳеч қандай ҳуқуқий ёки бошқа тарзда ёрдам бўлмади. Бир йил ичида мен
ҳеч бир асоссиз 112 кун карцерда ўтирдим.
Агар ташқаридан менга ëрдам қилинмаса, қамоқхонада мени ўлдириб юборишмоқчи. Бу ердан мени тирик чиқариб юборишмоқчи эмас
Мени қийнаб, паймонамни тўлдираëтган Қўйлиқдаги УЯ 64-7 рақамли аëллар
қамоқхонаси бош врачи Юлия Кумарина, қамоқхона нозири милиция майори
Римма Рустамова, тезкор вакил Гули Аҳмаджонова ҳамда Музаффар
Қаршиевнинг жиноятлари чексиз.
Мен оила аъзоларим, адвокатларим билан ҳеч қачон учраша олмайман, мен
ҳеч қачон озодликка чиқа олмаслигимни тушуниб етдим. Агар мени рози
бўлишимни истасангизлар, назорат прокурорига ёки унинг вакилига ёзган
тушунтириш хатимнинг нусхасини олиб уни Бош прокурор Рашид Қодировга
жўнатишларингизни сўрайман. Юқорида қайд этилган материалларни унда
келтирилган фактлар бўйича халқаро суриштирув олиб бориш юзасидан
Халқаро жиноятлар судига жўнатишларингизни сўрайман.
Алвидо!
Имзо, Мўътабар Тожибоева
(Мактубда унинг ёзилган вақти кўрсатилмаган, хат «Эзгулик» жамиятига шу йилнинг 3 августида келиб тушган)