ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
45.КАРИМОВНИНГ ДАСТУРИ
Ичкарида президент Ислом Каримовнинг ҳеч қандай дастури бўлмаганидек
у тузиб қўйган қўғирчоқ партияларда ҳам дастур йўқ. Президент дастур,
дея олдинга сурган беш тамойил қоғозда қолиб кетди ва мамлакат Ислом
Каримовнинг хохиш, истак ва кайфиятига қараб бошқарилмоқда.
Хўш, дастур бўлмаса ҳам бошқариш мумкин экан, мана мамлакат йиқилмай турибдику, деган савол туғилади.
Ўзбекистон бугун оёқда турган бўлса, бу энг аввало халқимизнинг бардоши кучли бўлганидандир.
Иккинчидан эса, халқни алдаб келишмоқда. Масалан, Совет иттифоқи
қулар экан Шахназарян бошчилигидаги гуруҳ қотил Гдлянлар қўли билан
минглаб ўзбек бошқарувчиларини қамоққа тиқди. Каримовга кейинчалик
уларни оқлайсан ва улар сенинг қулларинг бўлишади, деб ўргатишди.
Дарҳақиқат, Каримов уларни оқлаб ишларига тиклади ва ўз ибораси
билан айтганда “ҳар ерда ўз одамлари” бўлишига эришди. Бу тажриба фақат
Ўзбекистонда эмас, бошқа бир қатор совет жумҳуриятларида ҳам тадбиқ
этилди. Бугун ҳам айни тажриба давом этмоқда. Йил давомида одамлар
ноҳақ айблаб қамоқларга тиқиладилар ва Мустақиллик куни олдидан
президент уларни оқлайди.
Бу билан президент адолатли, бошқалар эса, зулмкор, деган кўриниш
беришга уринадилар. Бугун Ислом Каримовнинг бу дастури ишламоқда. Ҳатто
чет элда ҳам.
Бир маъракада Афғонистон орқали келган ўзбеклардан бири гапимни бўлди׃
-Ука эркинлик деб ҳамма нарсани гапиравериш одобдан эмас. Ислом акамиз
қилаётган ишларни биз кўриб, ўқиб турибмиз. Биз ҳам Интернет деган
нарсани биламиз. Мана, муборак мустақиллигимиз олдидан ҳамма
қамалганларни озод қилдилар. Бундай ишга ҳатто Клинтон ҳам боролмайди.
Қани келинглар, Ислом акамизни бир дуо қилайлик…
46. АЛДАШНИ БИЛАДИ
Юқоридаги каби ёзилмаган бир қатор дастурлар ўн йилдан буён фаол
ишлаётганини айтиш керак. Масалан, халқнинг маошларини ошириш ҳақидаги
фармонга президент имзо қўяди, орадан кўп ўтмай нархларни ошириш
ҳақидаги ҳужжатни эса, Бош вазир имзолайди. Тўғрироғи бу ҳужжат унга
измолатилади.
Бугун Ўзбекистонда кўпчилик ҳуқуқ тартибот идоралари ишидан норози.
Шикоят билан Каримовга бораман, деб уринганлар сон мингта. Халқ (ҳар
ҳолда кўп қисми) нега ҳалига қадар парда орқасида Каримовнинг ўзи
турганини англаб етмаяпти. Чунки одамлар олдида яна бир дастур томошаси
ўйналмоқда.
Мажлисларда президент ҳукумат аъзолари ва бошқа раҳбарларни жуда
қаттиқ уришади ва бу телевидение орқали халққа кўрсатилади. Каримов
қийналиб кетган раҳбар ролини шундай усталик билан ўйнайдики, буни
кўриб турган деҳқон “Вой бечора президентимиз, ёлғизланиб қолибдику!”
дейди.
Кечагина ўзи ишга тайинлаган бир раҳбар ёқмай қолса, уни шундай
ёмонлаб ишдан оладики, томошабин деҳқон” атрофидагилар ўғри, муттаҳам
бўлса у нима қилсин” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолади.
Ҳа, содда ўзбекни қандай қилиб алдашни билишади.
Ўзбекистонга бориб келиб юрадиган бир ўзбек ана шу ҳақда гапириб қолди. Ҳар қанча уринсам ҳам бефойда.
-Мен эшитганимга эмас, ўз кўзим билан кўрганимга ишонаман,-деди у.-
Бечора Ислом акамиз Жўрабеков, Алимов, Алматов деган одамларнинг
дастидан бир иш қилолмай қолибдилар. Шунинг учун у кишини айблайвериш
инсофдан эмас.
-Диктатура шароитда бошқаларнинг ўрни йўқ…
Гапим чала қолди. Ҳалиги одам мавзуни бошқа томонга буриб юборди.
(Давом этади).