ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
47.КАШФИЁТ
Илгари одамларнинг қиёфалари, характерлари ёки ҳаракатларида турли
ҳайвонларга ўхшашликлар борлиги ҳақида ўқиган эдим. Баъзиларга шунга
қараб лақаб ҳам қўйишганини билардим. Мажлисларда шу ёдимга тушса,
ҳайъатда ўтирган “Ҳўкиз”, “Қўй”, “Туя” ва “Бойўғли”ларга термулиб,
жилмайиб қўярдим.
Яқинда Америкада бир кашфиёт қилдим. Одамларнинг мева-сабзавотларга
ўхшаганлари ҳам бўлар экан ва бу уларнинг ўзликларига сингиб, кундалик
гап-сўзларида ҳам ифодасини топар экан.
Америкада яшайдиган У. кимдан ранжиса ўшани “Шолғом” деб сўкар экан.
Бундай қараб турсам, ўзининг сочлари тўкилган, юзи ҳам худди шолғомдек
думалоқ ва ярим қизил бўлиб қолган. Биров ҳақида салбий гап очса, худди
шолғомдек қизара бошлайди. Фақат бошига шолғомнинг “думи”ни қўйиб,
фараз қилсгангиз, бас, кўз олдингизда Олой бозорида қараб-қараб, ўтиб
кетганингиз, “Қишда шамоллаганда ейиш керак, балки мошхўрдага
солармидик” деганингиз шолғомлар келади.
Бошқа бир танишим, рақиблари ҳақида гап кетса, “Қалампир” деб
қўярди. Унга ҳам зеҳн солсам ўзи қалампирга ўхшар экан. Боши
теппасидан пастга, тумшуғига қараб ингичкалишиб борган ва чанаси
қалампирнинг учига ўхшаб қолган. Ё, тавба, Худонинг қудратини қаранг,
ким ўзи нимага ўхшаса бошқаларни ўшанга ўхшатишга ҳаракат қилар экан.
Қалампирнинг “ҳунарлари” ҳақидаги гаплар ёдимга тушса, танишимнинг ҳам
ҳамма ёғингизни ачитиб юборадиган қилиб айтадиган аччиқ-аччиқ гапларини
эслайман.
Ўзбекистондан Америкага келиб қолган бир жувон ўзини жуда билимдон
ва бошқаларни ахмоқ деб ўйласа керак, ким билан гаплашмасин орқасидан
камситувчи оҳангда׃
-Туршак, инглиз тилини ҳам билмайди-я,-деб қўярди.
Айтишларича, у жаҳли бурнининг учида бўлганлардан экан ва бировдан хафа бўлса ҳам унинг орқасидан гапирганда “Туршак” дер экан.
Яқинда уни бир мажлисда учратиб қолдим ва тикилиб турсам…раҳматли
бувимнинг туршаклари ёдимга тушди. Уйимиз ёнидаги ўрикнинг остига
тушганларини териб, пуфлаб-пуфлаб офтобрўяда қуритар эдилар. Кейин
орасидан довучча ҳолида қуриб қолганларини териб, улоқтирар эдилар. Бу
ёшлигида қуриб қолган жувон ўша довучча туршакларни эслатди. Ё,
Парвардигор, дедим, бунча мўъжизанг кўп экан.
Ҳалиги жувон ёш бўлишига қарамасдан юзлари буришган, ичидаги
қандайдир нафрати пешанасига уриб, қошларининг теппаси тиришиб қолган
эди. Унинг бу туриши туршаксеварларга ёқиб кетар балки?! Лекин улар ҳам
унинг довучча-туршак эканлигини, тишлаганда тишни синдириши
мумкинлигини билганларидан кейин юз буриб кетсалар ажаб эмас?!
Мана сизга кашфиёт. Бунинг кашфиёт эканлигига қўшилишингиз учун
ўзингиз кундалик ҳаётингизда қайси мева ва сабзавотларнинг номини
кўпроқ ишлатишингизга эътибор қилинг ва сўнгра бориб ойнага тикилинг.
Ёки атрофингиздагиларни кузатиб, ораларидан “Гилос”, “Олма қоқи”,
“Шафтоли”ларни топишингиз мумкин.
Тополмасангиз ёки бошқаларга нисбатан бундай сўзларни ишлатмасангиз, демак сиз янги ўзбеклардан бирисиз.
48. ДЕМОКРАТЛАР
Ислом Каримов ё референдум ёки сайлов ўйини ўтказиб ўз президентлик
муддатини мана кўп йилдан буён давом эттириб келаяпти. Ҳар ҳолда
Аллоҳнинг иродаси билан ўртага тобут тушмаса (ўлимини тилаётганимиз
йўқ, баъзилар учун яшаш ҳам жазо) бу иш давом этаверади.
Хўп, буни-ку ўзбекча қилиб айтганда “Худо урган” экан, уни танқид қиладиган демократларга нима бўлган?
Масалан, Эрк партияси уставида (агар ҳозир сиртдан ўзгартириб
қўйишмаган бўлишса) раис ҳар тўрт йилга сайланади ва икки мартадан
ортиқ сайланишга ҳаққи йўқ дейилган эди. Шундай талаб “Бирлик”ка ҳам
қўйилган. Аммо раислари Каримов каби жиловни маҳкам тутишган. Баъзан
қурултой ҳам қилдик ёки қурултой қилишга имкон йўқлиги учун мажбуран
раис бўлиб юрибмиз дейишади.
Наҳотки, демократия баҳоналар қўрғони бўлса? Ёки буларнинг ҳам демократлиги Каримовники каби-ми?
Ҳар ҳолда шундан бўлса керак-ки Каримов умрбод президентлик ҳақида одим ота бошлаган кунларда улар миқ этмадилар.
Каримов ичкарида, улар эса хорижда…
Бу ҳақда ўйлашга эса Туркия орқали келиб АҚШда яшаётган Абдуҳаким аканинг мана бу сўзлари сабаб бўлди׃
-Ҳали Ислом ака қизини ўз ўрнига қўйиб кетса ажабланмайман.
Мухолифатдагилар ҳам ўз ўринларига болаларини қўйиб кетсалар бунга ҳам
ажабланмайман. Чунки бугун демократияни карнай қилиб, кун кўриш учун
мусиқа чаладилар. Фақат Ўзбекситонда эмас….бошқа жойларда ҳам ана
шунақа׃ “ҒАТ”- “ҒАТ”.
(Давом этади).