Ризобек Пятница, 2024-11-15, 02.43.30
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 27
    Гостей: 27
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2007 » Август » 10 » АДАБИЁТ
    15.02.30
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МАМАТОВ

    ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР

    49. АМИР ОЛИМХОН ХОНАДОНИДА ТЎЙ

    Бу йил қиш оғир келди. Муз остидан чучмомолар аранг бош кўтарган каби одамлар ҳам баҳорда тизза бўйи қор кечиб чарчоқ кўрпасига ёпингандилар. Шундай кезда бу ҳолатнинг ҳамма нарсага таъсири бўлади. Ҳатто тўйга ҳам. Рақсга тушаётган қизларнинг Америкага хос бўлмаган ҳолда баҳорни акс эттирган кўйлаклар кийганлари, соқоли сабза урмаган ўсмирлар ҳам куёвларга қиёсан костюмларига гул тақиб олганлари, кекса момолар эса бошларига қалин рўмол эмас, балки ҳарир матолар ташлаганлари… хуллас , ҳаммаси диллар баҳорга ташналигидан дарак эди.

    Пойтахт Вашингтоннинг шундайгина биқинида Пентагон шаҳарчасидаги ҳашаматли меҳмонхоналардан бирининг тўйхонаси 2003 йилнинг 12 Апрелида ўзига хос равишда иккига ажратилган эди. Бир томонда бухороликлар (асли келиб чиқишлари Бухоро амирлиги ҳудудига кирган жойлардан бўлганлар) ва иккинчи томонида Афғонистон жанубидан келганлар…

    Ўртада Амир тахти каби кўшк. Тахтда келин билан куёв. Куёв Амир Олимхоннинг кенжа невараси Тамим ва келин Қандаҳор собиқ ҳокимининг қизи Рўё…

    Таним “Америка Овози” радиосида ишлайди. Афғонистонга дастур узатадиган бўлимида. Шу ерда Амир Олимхоннинг кенжа қизи Шукрия Олими- Раад ҳам узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатади. У илгари Ҳиндистонга дастур узатадиган Ўрду бўлимида диктор бўлган бўлса, ҳозир Дари бўлимида ишлайди. Шукрия Олими куёвнинг холаси бўлади. Радиода Амир Олимхон хонадонига куёв бўлган ўзбек журналисти Нусратуллоҳ Лаҳееб ҳам ишлайди. Шу боисдан ҳам тўйда радиодан меҳмонлар ҳам ўзига хос бир гуруҳ эди. Жанубий ва Марказий Осиё идорасининг раҳбари, филология фанлари доктори Муаззам Сиддиқий ва илгари ўзбек бўлимини бошқарган Абдулла Чиғатой, АҚШдаги туркистонликлар жамиятининг илк раисларидан бири бўлган Неъмат Бегиш ва ҳоказо.

    Бугун Ўзбекистонда улуғланаётган Файзулла Хўжаевчиларнинг талаблари билан коммунист руслар Бухорони бомбардимон қилган, қонга ботирган 1920 йилнинг биринчи сентябридан кейин Амир аввал Сурхондарё ҳудудларига ва кейин Афғонистонга ўтиб кетган, 1944 йилда 64 ёшида (1880-1944) оламдан ўтганди. Шуни айтиш керак-ки, Амир Олимхон туркий қавмларнинг энг йирикларидан бири бўлган манғитлар сулоласига мансуб эди. Шўролар тарихида отаси Амир Абдулъаҳадхондан кейин Бухоро тахтига ўтирган Олимхон пайтида русларга қарамлик кучайгани ёзилади. Аммо унинг руслар томонидан ҳужумга маъруз қолгани ҳам сир эмас. Тарихнинг бу зиддияти келажакда ҳақиқий тарихни ёзадиганларга ҳавола.

    Маълумки, Амирнинг бир қанча хотини бўлгани айтилади. Дарҳақиқат, тўйга келган-кетганларни Абдулла Чиғатой таништириб турар экан, чалкашиб кетдим. Кейин Нусратуллоҳ аканинг ёрдамида аниқлаб олдим. Чунки бу ҳам Ўзбекистон тарихининг ёзилмаган оқ саҳифаларини тўлдириш учун хизмат қилса не ажаб?!

    Саид Амир Олимхоннинг хотини (ёки хотинларидан бири) Сабо ая 93 ёшда эканлар. Бизнинг ёнимизда ўтиргандилар. Шукрияхоннинг онаси. Улар биргаликда яшар эканлар. Шукрияхоннинг бир ўғли ва бир қизи бор экан, эри Азимжон оламдан ўтган экан.

    Амирнинг Хурсанда деган хотинидан бўлган қизи Шожон ҳам шу ерда. У тўй боши. Шожон аянинг турмуш ўртоғи Сайид Ислом оламдан ўтган эканлар.

    Амирнинг қизи Шожон аядан Нуржаҳон, Фатҳия, Симо, Нафиса, Назифа, Ҳасина деган қиз неваралари ва Аслам, Салим, Тамим деган ўғил неваралари бўлиб, кенжаси уйланаётган эди.

    Ҳамкасбимиз Нусратулла Лаҳееб Амирнинг невараси Фатҳияга уйланган, унинг болалари, бошқача айтганда Амирнинг чеваралари Назоҳат, Фариҳа, Фаридун ҳам шу ерда.

    Саид Амир Олимхоннинг Султона деган хотинидан валиаҳд ўғли Умархон тўйга кириб келар экан, кўпчилк унинг ҳузурига ошиқди. Валиаҳднинг ҳаракат ва одимларида ҳали ҳам амирона услуб сақланиб қолгани қизиқ эди. Кўриниб турибдики, Амирнинг Америкадаги хонадони унинг уч хотини билан боғлиқ.

    Амирнинг хос соқчиси Ҳасан шоҳнинг ўғли Муҳаммадшоҳ (Шукрия Олими билан сут эмишган) ҳам даврада…

    Амир хонадонининг бир қисми Канадага узанган экан. Зотан келин ҳам канадалик.

    Тўйнинг охири яқинлашиб келар экан, Бухоро, умуман Шарқ анъаналарига хос удумлар бошланди. Келиннинг қўлига ҳино қўйишдан, чимилдиқ тортиб келин ва куёвга ширинлик едиришу ойнага қаратишга қадар…

    Худди оғир қиш чекиниб баҳор кириб келганидек, Амир хонадони ҳам узоқ йиллик сарсонгарчиликлардан кейин энди бир орага келган, қайта бошдан баҳорни яшаётгандек эди.

    …Тарих кимгадир ёқиши ёки кимгадир ёқмаслиги мумкин.

    Тарих ўз мустақиллигини сақлагандагина тарих бўла олади. Унга зуғм қилиш, уни ўз ҳохҳишига қараб ёздириш унинг умрини емиради ва бир кун келиб тарих қайтадан ёзилади. Ана шу қайта ёзиладиган тарихда оқнинг ҳам, қоранинг ҳам, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ўрни бўлмоғи шарт. Ўшандагина у тарих бўлади.

    Хорижга, ҳижратга кетган ҳар бир ўзбекнинг тақдири Ўзбекистон тарихининг бир саҳифасидир. Амир Олимхон хонадонининг ҳикояси эса яна ҳам кенгроқ ўрин тутмоғи керак бу тарихда.

    50.ДУШМАНЛАР

    “Америка овози”да ишлаганлардан икки нафари узоқ йиллардан бери бир-бирларини кўрсалар юзларини бужмайтирмасдан, бир нималар деб пичирламасдан ўтолмас эканлар.

    Битта хонада ишлайдилар. Икки бурчакда ўтиришади. Бир-бирининг юзини кўрмаслик учун ўртадаги девор-тўсиқ пастлик қилади, шекилли, тўсиқ устига алламбалоларни териб ташлашган. Ким билан бирор мавзуда гап бошлашмасин, албатта, охир оқибатда нариги бурчакдагини ёмонлаб қўйишарди.

    Бир-бирини ёмонлаб туришса ҳузур қилишар, ёмонлашга улгуришмаса хасталаниб қолишарди.

    Ана шу зайл қарийб 20 йил бир жойда ишлабдилар.

    Мен ишга келган кунларим бурчакдагилар вақт топишлари билан қулоғимга шивирлашарди. Индамай эшитиб, индамай кетаверардим. Бурчакдагилар ҳам мен индамай гапларини эшитганим учун мени мақтаб юришарди.

    Бир куни бўлимда битта ўринни қисқартирадиган бўлишди. Раҳбарлар мени сақлаб қолишмоқчи бўлишибди, деган гап чиқиб қолди.

    Кутилмаган воқеа юз берди. Бурчакдагилар бирданига опоқ-чапоқ бўлиб қолдилар. Девор-тўсиқ олиб ташланди. Уларни кўрган одам бир - бирларига меҳрибончилик қилишларига қараб қувониб кетарди.

    Кўп ўтмай бу дўстликнинг сири очилди. Улар биргалашиб шикоят ёзган эканлар. Кимлардир қонунларни бузмоқчи ва янги келган одамни сақлаб қолмоқчи деб. Бунинг имкони йўқ эди. Мен ҳам билардим, бошлиқлар ҳам.

    Менинг штатим қисқарди. Кетаркан, майли мен туфайли неча йилдан буён душман бўлганлар дўстга айландилар, деб ўзимни овутган бўлдим.

    Аммо янглишган эдим. Яна штат очилиб мени чақиришганда келиб кўзларимга ишонмай қолдим. Мен кетишим билан яна бурчакдагилар девор-тўсиқ ўрнатишибди ва устига эски нарсаларини териб, бир-бирларига юзларини бужмайтириб юрадиган бўлишибди.

    (Давом этади).
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz