Ишонган тоғда кийик ётмас БМТ ходими Ўзбекистон фуқаросига сохта ҳужжатлар билан Америка визасини олиб берган...
Таниқли
қизиқчилардан бири Абдулла Акбаровнинг Марсда ўзбекларнинг турп сотиб
юргани тўғрисидаги латифаси ёдингиздадир. Унда гарчи муболаға деганлари
сал ошиб кетган бўлсаям, ўзбекларнинг ҳар ерда ҳозиру нозирлиги,
уддабурону абжирлиги маромига келтириб ифодаланган. Ҳақиқатан ҳам,
дунёнинг қайси чеккасига борманг, ўзбекларни учратасиз. Охирги йилларда
Марказий Осиёнинг ушбу мамлакати фуқаролари халқаро миқёсдаги шов-шувли
можароларда иштирок этаётгани, яна воқеаларнинг асосий қаҳрамони
сифатида намоён бўлаётгани чоғроққина юрт номини ҳам атроф-жавонибга
танитиб юборди ўзиям.
Яқиндагина
БМТнинг россиялик ходими Вячеслав Манохин ҳужжатларни қалбакилаштириш
айби билан ҳибсга олингани дунё миқёсида тузуккина овозаларга сабаб
бўлди. Энг қизиғи, бу гал ҳам воқеаларнинг марказий иштирокчиси
Ўзбекистон фуқароси — Комилжон Турсунов бўлди.
Тафсилотларга
қараганда, БМТда таржимон бўлиб ишлаган Вячеслав Манохин қўшимча
даромад қилиш учун ҳужжатларни қалбакилаштиришга журъат қилди.
Ташкилотнинг нуфузи баланд эмасми, у ана шу юксак обрў соясида шахсий
ҳаётини ҳам яхшилаб олишга уринди.
2005
йилнинг июнида БМТнинг Тошкентдаги офисига Ўзбекистон фуқароси Комилжон
Турсунов Нью-Йоркда ўтадиган конференцияда иштирок этаётгани, шу боис
унга Америкага бориш учун визани тўғрилаб беришда ёрдам кўрсатиш
сўралган расмий хат келди. БМТнинг расмий бланкасида ёзилган ва
Леонардо Бреккет исмли шахс имзо чеккан хатга асосан Ўзбекистон
фуқароси АҚШ визасига эга бўлди.
Ёпиқлиғ
қозон ёпиқиғича қолиб, бу воқеадан ҳеч ким хабардор бўлмаслиги ҳам
мумкин эди. Бироқ кейинроқ Ўзбекистон фуқароси бўлган “буюртмачи” қовун
тушуриб, қалбакилик аралашган ҳужжатлар билан қўлга тушиб қолди. Шу
тариқа БМТнинг бош идорасида хизмат қилувчи ходим билан боғлиқ жиноий
иш сув бетига қалқиб чиқди. Маълум бўлишича, ўзбекистонлик Турсунов ҳеч
қандай конференцияга таклиф этилмаган. Хатга имзо чеккан Леонардо
Бреккет исмли шахс ҳам аслида йўқ одам бўлиб чиққан.
Тергов
идораларининг тахминига кўра, БМТ ходими каттагина таваккалчиликка
асосланган иш учун ўзбек фуқаросидан 10 минг доллардан ошиқроқ пора
сўраган. Сохта хат Тошкентга юборилиг олдидан иш учун аванс ҳам
олинган.
Тахминларга
кўра, Комилжон Турсунов сохта ҳужжатлар билан виза олган ягона
ўзбекистонлик эмас. Ўзининг хизмат вазифасидан керагидан ортиқ даражада
фойдаланган Вячеслав Манохин яна бир неча ўзбек фуқароларига сохта
хатлар билан виза олиб беришда айбланяпти. Бу борада ҳозирда
суриштирув жараёни кетяпти.
Америка
қонунларига кўра фирибгарлик ва виза тартибини бузганлик учун беш
йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин. Айни пайтда
асосий айбдор деб гумон қилинаётган Вячеслав Манохин ҳам, ўзбекистонлик
Комилжон Турсунов ҳам ҳибсда сақланмоқда. Дарвоқе, ушбу жиноий иш
юзасидан яна бир рус фуқароси Владимир Деревяненко ҳам тергов бермоқда.
БМТдаги
ишлайдиган ходимларнинг жиноий гуруҳларга алоқадорлиги, порахўрликка
муккасидан кетгани тўғрисидаги хабарлар тобора кўпаяётган бир даврда бу
воқеа у қадар катта янгилик бўлмай, шунчаки олдинга хабарларнинг
тасдиғи бўлди дейиш ҳам мумкин. Мисол учун, охирги йилларда кимсан
Франция давлатининг БМТдаги вакили Жан Бернар Мериме порахўрлик айби
билан ишдан ҳайдалди. Коррупциянинг бошида турганликда гумон қилинган
Бош котиб Кофи Аннан эса тинчигина истеъфога чиқиб таъқиблардан қутулиб
қолди...
Лекин
барибир БМТ каби катта идора ходими иштирокидаги жиноий иш Ўзбекистон
фуқароси билан боғлиқ экани, яна ўчакишгандек бу виза масаласи билан
дахлдор экани ёпиқ мамлакат деб баҳоланаётган республикадаги салбий
аҳвол хусусида тасаввур беради. Оғир аҳволда қолган ва ундан чиқишнинг
ягона йўли четга бориш деган хулосага келган одамлар таваккалга ҳам қўл
уришяпти, эҳтиёж уларни БМТ каби нуфузли идоранинг анча-мунчага
сотилмайдиган ходимларини ҳам пора олишга ўргатишга ундаяпти...
Ушбу
воқеа юзасидан муносабат билдирган Россия ташқи ишлар вазирлиги гарчи
жиноятчи деб гумон қилинса ҳам ўз фуқаросини ҳимоя қилишини билдирган.
Ҳодиса муносабати билан бот-бот тилга олинаётган ўзбекистонлик фуқарони
ҳимоя қилиш қайда, мамлакат ҳукумати ўз фуқаросини эслаб ҳам қўймаган.
Аслини олганда, Ўзбекистон фуқароси Комилжон Турсунов ҳам салкам
жабрдийда. Агар тузукроқ ҳимоя бўлса, у жарима ёки огоҳлантириш билан
чиқиб кетиши ҳам мумкин. Бироқ асосий айбдор ўз давлати томонидан ҳимоя
қилинаётган бир пайтда Ўзбекистон фуқароси ташвишини ҳеч ким қилмаяпти.
Ҳолбуки, у эгалик қилаётган паспортда Ўзбекистон фуқароси Республика
ҳимоясида экани қайд этилган...
В. Раҳимов Манба:Эркин минбар
|