Жаҳонгир МАМАТОВ ЎЗБЕКЛАР ВА ЎЗБЕКЛАР
51.БОШЛИҚ
Бир жойда узоқ муддат бошлиқ бўлишнинг шартларидан бири қўл
остингдаги одамларни бирлашишга қўймаслигинг керак. Бу фалсафа фақат
Ўбекистонда ҳукмрон десам бошқа жойларда яшаган ўзбеклар орасида ҳам
кенг ёйилган экан. Радиода бизнинг бошлиқ афғонистонлик ўзбеклардан
эди. Яхши одам. Ишининг кўзини билади. Аммо бўлимдагиларни бир - бирига
ёмонлаб турарди.
-Бундай ҳолда,- дейди у ўз иш услуби ҳақида очиқча гапириб-, уларда
бирлашиб туриб сенга қарши курашиш истаги йўқолади. Улар душманни
сендан эмас, ўз ораларидан излайдилар.
Лекин бировни бировга ёмонлашда ҳам уста бўлиш керак экан. У гапни
очиқ айтмайди. Ана у иккитадан биттаси бугун келиб, мана буни кўрсатди,
деб сиз ҳақингизда ўзи қидириб топган камчиликни ўртага қўяди. Албатта
буни унинг ўзи қидириб топганини ўш пайтда билмайсиз.
-Лекин эътибор қилманг, мен унга қўл силтаб юбордим. Иш бор жойда
камчилик бўлади-да. Парво қилманг,-дейди мулойимлик билан у. Шу билан
ўзини сизга яқин ҳам қилиб кўрсатади. Истанг истаманг, сизда унга
нисбатан хайрихоҳлик пайдо бўлади.
Аслида ростдан ҳам парво қилмайдиган камчилик бўлса ҳам барибир парво қиласиз. Ўз ёғингизга ўзингиз қоврилиб юраверасиз.
“Бошлиқлик-маҳорат” деганлари шу бўлса керак-да. Биз бўлимда
ҳаммамиз ўз орамизда бир-биримиздан ранжиб юрсак-да ҳар биримизни
алоҳида олганда бошлиқ билан муносабатимиз яхши эди.
Яъни ҳар биримиз уни ўзимизга дўст деб ҳисоблардик. Ҳатто алдаб турганини билсак-да.
Демак, бошлиқлар ҳам биздан, яъни бизнинг орамиздан чиққан кишилар.
Биз ўшанда иккига бўлиниб парчаланиб кетдик…
52. БУ ҲАМ БИР “ХИСЛАТ”
Кўп халқларда бир нарсани ваъда бериб қўйишса, агар уддасидан чиқа
олмаслар, буни бажара олмадим деб узр сўрайдилар. Бунинг учун
биров-бировни уриб ўлдирмайди. Бизда эса, бажара олмасак, ўзимизни
еб-кемирамиз. Ёки бу масалани яширишга, унуттиришга уринамиз. Яъни ҳеч
нарса бўлмагандек билмасликка оламиз. Бунинг илдизи узоқда бўлса керак.
“Ваъда вафоси билан”.
“Ваъдани бердингми, бажар”.
“Айтилган сўз, отилган ўқ”.
“Йигитнинг сўзи ўлгани-ўзи ўлгани”…
Жуда кўп шунга ўхшаш гапларимиз бор. Балки иллатларимиз илдизи
шунданмикан? Билмадим. Лекин бугун шахслар у ёқда турсин, партиялар,
ҳаракатлар ҳам бу иллатнинг қурбони. Қуш уясида кўрганини қилади.
2002 йилнинг 11-14 март кунлари Ислом Каримов Вашингтонга келди.
Сафар арафасида “Бирлик” Оқ уй ёнида пикет қилишини эълон этди. Кейин
“ЭРК” пикетни “Бирлик” эмас, биз қиламиз деб чиқди. Ўртада роса
тортишув бўлди.
Ҳамма билиб турарди, “Бирлик” ва “ЭРК” деб гапираётганлар 2-3 киши эди, холос. Шу боис ҳам натижага қизиқиш катта бўлди.
Каримов келган куни “ЭРК” сайтида қирғиз хабарлари бор эди, Пикет
ҳақида гап йўқ эди. “Бирлик”нинг форумида эса, “Пикет нима бўлди?”,
деган саволлар кўпайиб кетди. Кейин танқид бошланди. Ёзувлардан бири
қизиқ эди.
Тарихчи тахаллуси билан ёзган одам, “2002 йилнинг 12 Март куни “Бирлик” ва “ЭРК” қолдиқлари учун мотам кунидир” деб ёзди.
Унга жавоб ёзган яна бир одам эса, “Бу Пўлатовлар ва М. Солиҳнинг битган кунидир, деб ёзди.
Аслида “Бирлик” ҳам, “ЭРК” ҳам бизга маълум бир сабабларга кўра,
масалан одам тўплай олмаганимиз учун пикетни қила олмадик, деб ёзса
олам гулистон эди. Ёки олдинроқ Пикет қолдирилгани ҳақида маълум
қилишлари мумкин эди. Лекин йигитнинг сўзи ўлгани-ўзи ўлгани эмасми,
лом-мим дейишмади. Аксинча, пикет бўлиши ҳақидаги барча ёзувларни олиб
ташлаб, сайтларини тозалаб қўйишди. Бу ҳам бир “хислат”!
“Ҳукумати қандай бўлса, мухолифати ҳам ўшандай-да”, деб ёзган бир ўқувчи жуда ва жуда ҳаққа ўхшайди.
(Давом этади).
|